Жомий маҳалласида дув дув гап

Жомий маҳалласида дув дув гап

Жомий маҳаласи Тошкентнинг энг кекса маҳаллаларидан бири. Маҳаллада 850 та ҳовли мавжуд бўлиб, 3800 нафар аҳоли истиқомат қилади, кўпчилик бир-бирини жуда яхши танийди. Бу ерда буюк инсонлар – рассомлар, шоирлар, ёзувчилар, журналистлар ва юристлар яшаган. Маҳалла аҳли Раҳим Аҳмедов ўз картиналарини қўшни мактабга қандай инъом қилганини, Александр Винер эса болалар ва қизларни ўз устахонасига тўплаб, расм чизишга ўргатганини ёки шунчаки суратлар, рассомлар, санъат ҳақида сўзлаб беришни хуш кўрганини яхши эслайди. Қуддуз Муҳаммадий, бошқа шоир ва ёзувчилар ҳам маҳалланинг ёдида.    
 
Бу ерда кўп қаватли ҳашаматли иморатлар йўқ, аммо кўчалар тоза, ободонлаштирилган. Маҳалланинг ўз масжиди ва ҳомийлари бор. Афсуски, уларнинг қаторида хайрияни қаллобликка айлантиришга уринаётганлар ҳам пайдо бўлган.
 
2015 йили Боходир Бобохонов маҳалла қўмитасининг раиси этиб сайланганди. Сайлов арафасида анча иғвогарликлар содир бўлди, сайлов жараёнининг ўзи ҳам кишиларда шубҳа туғдирди, бироқ фуқаролар йиғини томонидан эътирозлар бўлмагани боис янги раис лавозимга ўтирди. Шу ўринда, маҳалла раисининг номзоди мувофиқлаштирилиши керак бўлган Юнусобод туман ҳокимлигида, раис бундан олдин молиявий фирибгарликлар билан қўлга тушгани ҳеч кимни ўйлантирмаганини таъкидлаш жоиз. Ушбу фирибгарликлар унинг “Чинобод” санаторийсидаги бухгалтерлик фаолияти билан боғлиқ бўлган. Балки ҳокимиятдагилар унга яна бир имкониятни тақдим этгандир. Шундай ҳам дейлик.    
 
Тўғри, маҳалла қўмитасида ишлаш осон эмас, маоши ҳам кам, у кўпроқ жамоатчилик ишига ўхшайди. Юқорида айтиб ўтганимдай, маҳаллада яшаган ҳомийлар анъанага кўра кам таъминланган, кўп болали ва эҳтиёжманд оилаларга ёрдам бериб туришади. Бунда маҳалла қўмитасининг роли ҳам оддий ва шаффоф – шундай оилалар ҳақида маълумот тўплаш, моддий ёрдам кўрсата оладиган одамларни топиш ва эҳтиёжмандларга шу моддий кўмакни етказиш. Бу қачон бошланганини ва Боходир Бобохонов нима учун қўлини яна қаллобликка урганини айтиш энди мушкул.  
 
Ҳайит байрами арафасида маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаролардан бири маҳалла раисига моддий ёрдамга муҳтож оилалар рўйхатини тақдим этишни сўраб мурожаат қилади. У ислом анъаналарига амал қилган ҳолда ўзи, яъни ҳомийнинг номи тилга олинмаслигини асосий шарт қилиб қўяди. 2017 йил 28 июнь куни 16 нафар фуқаро Жомий маҳалла қўмитасининг раиси ва ҳомийнинг вакили иштирокида ўз уйида ичига пул солиб ёпиштирилган конвертларни олади. 30 дақиқадан кейин эса телефон орқали уларга конвертларни маҳалла қўмитасининг вакилига қайтаришни буюришади. Ўша 16 кишидан нечтаси конвертларни қайтарганини ва уларда қанча миқдорда пул бўлганини аниқлашнинг энди иложи йўк. Чунки одамлар қўрқиб қолган, маҳаллий ҳокимият (!) билан ўчакишишни хоҳламайди. Аммо конвертларга олдинги сумма ўрнига унинг бешдан бирини солиб одамларга қайтаришганини тасдиқлаган бир неча кишининг ёзма ва бошқа далиллари мавжуд. Маҳаллада эса хайрия пулини олган фуқароларнинг рўйхатидан бошқа ҳеч қандай баённома расмийлаштирилмаган.   
 
Хатира опа Толипованинг мўъжазгина ҳовлиси доим озода, сув сепилган, ўзи ҳам жуда сариштали, кўнгли очиқ аёл. У пул солинган конверт воқеаси ҳақида сўзлар экан, йиғлаб юборди. Маҳалладан қўнғироқ бўлганида у ҳали конвертни очмаган ҳам экан, раиснинг буйруғига амал қилиб, конвертни маҳалла қўмитасига олиб бориб берган. Кечга яқин эса унга конвертдаги пулларнинг бешдан бир қисмини қайтаришган. Хатира опанинг ўғли Дилмурод 40 ёшда, у Даун синдроми билан туғилган. Мана беш йилдирки, у ўрнидан туролмайди. Хатира опа пулларни қайтаришларига ишонади. “Бу инсофсиз одамлар учун юрагим оғрияпти”, – деди у мени кузатиб қўяр экан. Хатира опа нимжон ва кичкина аёл бўлса ҳам, аниқ ва қатъий фуқаролик позициясига эга. У раиснинг пул воқеаси ҳақида оғиз очмаслик тўғрисидаги қатъий илтимосига қарамасдан, ўша 16 нафар фуқаро орасида ҳақиқатни айтишга қўрмаган инсонлардан бири.    
 
Маҳалла “фаоллари” фарзандларидан бири ногирон бўлган Муҳаббат Атхамовага нисбатан ҳам худди шундай “схемани” қўллашади. Улар конвертни қайтаришни буюриб, ўрнига ҳомий ажратган пулларнинг саккиздан бир қисмини шу маҳаллада истиқомат қилувчи бошқа фуқаро томонидан хайр-эҳсон қилинган озиқ-овқат маҳсулотларини қўшиб қайтаришади.
 
Ёлғиз она Дилшода Давлетовага эса, у рўйхатда бўлса-да, пулни умуман беришмади.
 
Айтиш жоизки, Жомий маҳалласида хайрия ёрдамлари баённомалар билан қайд этилмайди, рўйхатлар маҳалла фаолларига кўрсатилмайди. Бир сўз билан айтганда, шаффофлик йўқ. Маҳалла раиси Боходир Бобохонов барча қарорларни якка ўзи қабул қилади.
 
Шу маҳаллада яшаган Алишер Усмонов Жомий маҳалласининг энг йирик ҳомийси ҳисобланади. У туфайли кўплаб йўлларга асфальт ётқизилди. У йилда бир неча марта маҳаллага ун ва гўшт ажратар экан, бироқ маълум бўлишича, улар ҳам эҳтиёжманд оилаларга тўлиқ етиб бормас экан. 2017 йил сентябрь ойида анаънага кўра Алишер Усмонов кам таъминланган оилаларнинг ҳар бирига бир қоп ун ва 6 кг гўшт ажратган. Маҳаллада уруш фахрийси, фронт иштирокчиси Анастасия Никонова истиқомат қилади. Унинг фамилияси тўғрисида имзо турибди, аммо маҳалланинг ягона ветеранига ўша сафар на ун, на гўшт етиб борган. Усмонов маҳаллага бир неча бор ажратган молиявий ёрдам борасидаги ишлар қай аҳволдалиги эса номаълум. Шу ўринда Бобохонов битта лойиҳага турли ҳомийлардан пул олган ҳолатлар ҳам бўлганини айтиш лозим. Ҳозир маҳаллада Афғонистон фуқароси истиқомат қилмоқда, энди одамлар раисни тез-тез унинг уйида кўрадиган бўлиб қолишган.      
 
Мақолада гувоҳлар томонидан ҳужжатли тарзда тасдиқланган фактлар, яъни содир бўлаётган ва одамлар гапираётган, аммо турли сабабларга кўра тасдиқлашга қўрқаётган воқеаларнинг оз қисми ёритилган холос. Беш дақиқа олдин қаршимда ўтириб кўзларида ёш билан айтган гапларини тасдиқлашдан бош тортаётган, олти яшар қизчаси мия ўсмасига чалинган отани қандай тушуниш мумкин…
 
Хўш, маҳалла тизимига нима бўлган ўзи? Мен маҳалла қўмитаси чойхона ёнида бўлган пайтларни яхши эслайман, ўшанда оқсоқоллар муаммоларни кўпчиликнинг муҳокамасига олиб чиқишарди, уни ҳамма биргаликда ҳал қиларди, ёрдам берарди. Ҳамма иш аниқ, шаффоф ва ҳалол бажариларди.
 
Авваллари, маҳалла анъанавий тузилма бўлиб, унда ҳеч қандай ҳокимият бўлмаганида, оқсоқоллар эса жамоатчилик асосида ишлаганида, ҳеч ким раҳбарликка интилмасди, маҳалла етакчисини одамларнинг ўзлари белгиларди.
 
Энди эса замон ўзгарди – оқсоқолларни ҳокимият белгиламоқда ва тайинламоқда, яна бунга “сайловлар” деган ном ҳам беришган. Албатта, буни тушуниш мумкин, чунки энди маҳалла анча каттароқ тузилмага айланган, маҳаллада яшовчи фуқаролар ҳам аста-секин бир-бирини танимай боряпти.
 
Бироқ эндиликда маҳаллага, аниқроғи, оқсоқолга нафақат маош, балки ҳокимият, моддий бойликларни тақсимлаш ваколатлари берилган бир пайтда, раисликка баъзан ўзининг чўнтагини ўйлайдиган одамлар ҳам интилмоқда.   
 
Шаклига кўра демократик ва халқ тузилмаси бўлган маҳалла айрим ҳолларда кўпроқ одамлар қўрқадиган, қўли қинғир кишилар бировларнинг кулфати ва эзгу ишлари ортидан пул қиладиган “ижроия институт”га айланиб бораётир.    
 
Давлат маҳалла қўмиталарига каттагина ваколат берган, айримлар эса буни суистеъмол қилмоқда. Хўш, маълумотномалар ва ажрашишни хоҳловчилар учун далолатномалар беришдан ташқари маҳалла, аёллар кенгашлари қандай ишларни бажаради, улар бандлик муаммоларини, маърифат ишлари қай тарзда ҳал этади? Нега раислардан шаффоф фаолият талаб қилинмайди? Нега интернет асрида маҳалларнинг сайтлари йўқ ёки, ҳеч бўлмаганда, ижтимоий тармоқларда уларнинг саҳифалари ёки Телеграмда канали йўқ? Фақат шаффоф фаолиятгина маҳалла қўмиталарининг ҳалол фаолиятини кафолатлаши мумкин.
 
Менда тайёр рецептлар йўқ, аммо оқсоқол ва маҳалла қўмитаси фаолияти бўйича қонунчилик базаси устида жиддий ишлаш кераклигига ишончим комил. Чунки маҳаллалар ўз шакли бўйича анаъанавий бўлиб қолган ҳолда, уларнинг ҳуқуқий мақоми, вазифалари ва фаолият мазмунида жиддий ўзгаришлар жараенларини кузатяпмиз. 

Лола Исламова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.