Зўравонга учраган ва суддан адолат топмаган Рисолат она
Фуқаро Абдурахмон Нарзиев томонидан Худойбердиева Рисолат онанинг 1997 йилдан буён мавжуд бўлган кўча дарвозаси беркитилиб, сув ариғи кўмдирилиб, дархтлари кестирилиб, мавжуд кўча устидан қўрилишга ер майдони ажратиш тўғрисида ҳоким қарорисиз қўрилиш ишлари бошланган, бироқ бундан зарар кўрган кекса онахонга хеч ким ёрдам қўлини чўзмаган.
Бу жанжалнинг боши 2003 йилга бориб тақалади. А.Нарзиев томонидан туман ҳокимининг 2003 йил 56-сонли қарорига асосан 0,02 гектар ер майдонида қўрилган савдо дўкони архитектура ва шаҳарсозлик талабларига жавоб бермаганлиги сабабли 2009 йилда вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан бўздирилди – ўша дўкон фуқаро Рисолат онанинг кўча дарвозасидан 15 метр нарида қўрилган эди.
А.Нарзиев томонидан иккинчи марта қўрилган иншоотлар 2016 йилда Пастдарғом туман ҳокимининг даъво аризасига кўра, Фуқаролик ишлари бўйича Пастдарғом туман судининг қарорига асосан ноқонуний қўрилма деб топилиб жавобгар А.Нарзиев ҳисобига бўздирилди.
Навбатдаги, ҳозирги қурилишни А.Нарзиев Рисолат онанинг кўча дарвозасига қадаб, уни беркитиб, оқар сув ариғини кўмдириб, мавжуд кўча устидан бошлаб юборган. Бироқ, Рисолат онанинг Пастдарғом туман ҳокимлигига эндиги такрор-такрор ёзган шикоятлари жавобсиз қолди ва А.Нарзиевнинг ноқонуний қўрилишини тўхтатадиган бирор-бир раҳбар топилмади.
Пастдарғом туман ҳокимлиги ва тегишли идоралардан нажот топмаган Рисолат она охири судга мурожаат қилди, бироқ Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг 2019 йил 21 феврал кунидаги қарори билан Рисолат онанинг аризаси қаноатлантирилишдан рад этилади.
Охирги вақтнинг амалиётига кўра (https://anhor.uz/uz/society/19288), судья Ш.Ғуломов томонидан Рисолат онанинг судга тақдим этган Самарқанд вилоят Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастрининг А.Нарзиевга асоссиз равишда ер майдони бириктириб берилганлиги ва ушбу қарор бекор қилиниши тўғрисида туман ҳокимига тақдимнома киритилганлиги тўғрисидаги хати, 2016 йил 24 октябрдаги Фуқаролик ишлари бўйича Пастдарғом туман судининг қарори ва шунга ўхшаш муҳим далиллар инобатга олинмади ва аҳамиятсиз деб топилди.
Даъвогарнинг далилларини кўриб чиқмасдан, уларни инобатга олмасдан ҳукм чиқариш умуман суд жараёни тартибига зид ёки судда ўз важ ва эътирозларини исботлашнинг ўзгача йўли ҳам мавжудми, деган савол ва шубҳалар туғилиши табиий. Бу, шу савдолар туфайли қандли диабет касаллигини орттириб олган, кексайган чоғида суд идорларида овора булаётган Рисолат онага қоронғу албатта.
Рисолат онага берилган бир қатор жавоб хатларида (шаблон бўлиб қолган) А.Нарзиев томонидан амалга оширилаётган қўрилиш ишлари Вазирлар Махкамасининг 2013 йил 25 февралдаги 54-сонли қарорига асосан амалга оширилаётганлиги таъкидланиб келинган.
Бироқ, аҳамиятлиси шундаки, ушбу қарор талабида эса – шаҳарсозлик нормаларига жавоб бермаганлиги сабабли бўздирилган қўрилиш ўрнидан ёки ёнидан, бириктириб берилган ер майдонидан ёки олдиндан мавжуд бўлган қарорга асосан қўрилишга рўхсат бериш кўрсатилмаган. Қолаверса, фуқаронинг дарвозаси беркитилиши ва зарар кўриши эъвазига қўрилиш учун ер майдони ажратилиши давлатимизнинг ҳеч бир ҳуқуқий норматив хужжатларда белгиланмаган.
Аксинча, ушбу қарорда туман ҳокимининг туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими билан келишилган қарори лойиҳаси, Ер участкасини танлаш ва ажратиш бўйича материаллар, ер участкасини ажратиш далолатномасига асосан туман ҳокими ўз ваколати доирасида, ер участкаси ажратиш тўғрисида қарор қабул қилишлиги белгиланиб қўйилган.
Бугунги кунда А.Нарзиев ҳеч қандай манфаати бўзилмаган ҳолда Рисолат онани уй-жойи кадастр хужжатлари устидан ариза бериб, маъмурий судга мурожаат қилганлиги боис Пастдарғом туман маъмурий судида иш кўрилиб, судья А.Тошпулатов томонидан унинг аризаси қаноатлантирилишдан рад этилди. Чунки А.Нарзиевнинг судга қилган мурожаати ва бошқа идораларга киритган аризалари замирида шахсий адоват ётганлигини кўриш мумкин.
Қолаверса, Пастдарғом туман ҳокимлигининг ушбу ҳолатга бепарволиги камлик қилганидек, Рисолат Худойбердиевани Ўзбекистон Республикаси бош вазирига қилган мурожаати Самарқанд вилоят ҳокими томонидан назоратга олиниб, ижро этишлик учун Пастдарғом туман ҳокимига юклатилиб, ижро муддати 24.07.2019 йил санасигача этиб кўрсатилган бўлсада, ҳозирги кунгача ҳокимликнинг ҳаракатсизлиги туфайли тегишли қарорга келинмаганлиги сабабли Рисолат онанинг Anhor.uz сайти орқали вилоят ҳокимлигига киритган сўровномасига 2019 йил 9 август санасидаги № 04/11-2932 сонли жавоби берилиб, хатда ҳеч бир ҳолатга аниқлик киритилмаганлигининг ўзи Пастдарғом туман ҳокимлигининг қонунлар доирасида жавоб топмаганидан далолат бериб, бугунги олиб борилаётган ислоҳатларга зидлигини намоён этади.
Шу ўринда Рисолат онанинг муаммосига бефарқ бўлган, тутуруғи йўқ, расмиятчилик тилида тузилган жавоб хатлари билан чалғитишга ўринаётган Пастдарғом туман ҳокимлигининг ҳуқуқий саводхонлигига шубҳа туғдиради ва унинг адолатли қарор қабул қилишига ишончни йўқ қилади.
Шундай йўл тутган туман хокимлиги, судлар, бир қарияни адолатга бўлган ишончини йўқ қилиб, Ўзбекистон президентининг сиёсатига умуман қарши томонга бораётганларини фурсати келди, шекилли. Аҳир, буни кўриб турган унинг қариндошлари, яқинлари, қўшнилари ҳам борку.
Ўзбекистон Республикаси демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўлини танлаган ва амалга ошириб келмоқда. Республикамиздаги амалга оширилаётган қайта қуришдан асосий мақсад ва унинг ҳаракатлантирувчи кучи инсон, шахснинг ҳар томонлама ривожланиши ва фаровонлиги ҳисобланади.
Президент Шавкат Мирзиёевни «давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, халқ давлат идорларига эмас» деган шиори Пастдарғом туман ҳокимлигига тааллуқли эмас экан, на чора – Рисолат она Самарқанд вилоят Фуқаролик ишлари бўйича суди кассация инстанциясига юқорида келтирилган асосли хужжатларни илова қилган ҳолда ўз шикоятини киритган.
Anhor.uz сайти бу ишни кузатиб боришга қарор қилди.
Фахриддин Кубаев.
Шарҳлар