Тошкент шаҳридаги туманлардан биридаги маҳалла ичида якка қурилиш қандай боряпти
Миробод туманидаги “Заминобод” маҳалласида 2021 йилда беш қаватли тураржой биносининг қурилиши бошланган эди. Дастлабки режага кўра у икки қаватли бўлиши керак эди. Бино қурувчиси қурилишга рухсатномани қурилиш бошланганидан кейин фақат тўққиз ой ўтгач олди. Қурилишга рухсатнома O’zGASHKLITI томонидан имзоланган.
Anhor.uz таҳририятига “Заминобод” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисидан бир қаватли маҳаллада кўп қаватли бино қурилиши ишлари олиб борилаётгани юзасидан мурожаат келиб тушди.
“Заминобод” маҳалламиз (хусусий бир қаватли сектор) ҳудудидаги Қизил Арват кўчаси, 28 манзили бўйича “Локомотив” профилакторийсини иситадиган қозонхона бор, қозонхона ҳудудида иссиқхона ва боғ бор эди. Бутун ҳудуд “Темир йўлчилар” компаниясига тегишли. 2022 йил июнь ойида қозонхонага туташ хусусий уйларда яшовчилар билан ҳеч қандай огоҳлантиришсиз ва келишувсиз 5 қаватли уй қурилиши бошланди, буюртмачи – “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти. Бизнинг компания вакилларига, ҳокимият (туман ҳокимлиги) вакилларига берган барча саволларимиз жавобсиз қолмоқда, биз билан ҳисоблашишмаяпти. Уларнинг жавоби битта – “Архитектура” томонидан тасдиқланган, туман ҳокимининг имзоси қўйилган лойиҳа бор”.
Чанг-лой, бурғулаш машиналари, юк машиналари ва автомобилларнинг шовқини – буларнинг барчаси қурилиш майдончаси яқинидаги ҳаётни чидаб бўлмас қиляпти. Бундан ташқари, қурилиш ишлари қурилиш майдончаси яқинида яшовчи аҳоли учун хавф туғдиради. Хавф-хатар тепадан тушиб кетаётган асбоб ва ғиштлардан тортиб ва ҳатто қулайдиган катта металл конструкцияларгача бўлган кўплаб омиллар билан боғлиқ. “Заминобод” маҳалласининг аҳолиси бир йилдан ортиқ вақтдан бери шундай шароитда яшамоқда.
«Хавфсиз яшаш ҳуқуқи учун курашимиз 9 ойдан бери давом этмоқда», – дейди маҳалла вакили.
Қурилиш яқин атрофдаги уйлардан минимал масофада (4-5 метр) олиб борилмоқда уйлардан бири эса қурилиш чегарасида жойлашган. Қурувчиларнинг контейнерлари маҳалла уйларидан бирининг девори бўйлаб жойлашган. Маҳалла аҳолиси тез-тез бузиладиган коммунал тизимдаги муаммолардан, ҳозирда қурилиш туфайли сув ва электр энергиясида узилишлар кузатилаётганидан шикоят қилмоқда. Бундан ташқари, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан қурилаётган бўлажак беш қаватли тураржой биноси учун тақдим этилган режага кўра, бинонинг охирги қисмининг деразалари бевосита хусусий уйлар ҳовлисига қараган.
Маҳалла аҳолиси томонидан қайта-қайта имзо тўпланиб, Миробод тумани ҳокимлиги ва прокуратурага қурилишни тўхтатиш талаби билан хатлар йўлланган бўлса-да, ҳеч қандай жавоб бўлмаган. Президент номига расмий мактублар ҳам тақдим этилди. Хатга жавобан, 2022 йил 28 декабрда қурилишни тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинди, бироқ қурувчи ташкилот бу фактга эътибор бермади. Аҳоли бир неча бор судга мурожаат қилди, аммо суд қарори ўзгаришсиз қолмоқда – қурилиш бўлиши керак.
Ҳаммаси бўлиб учта туман суди бўлиб ўтди. Бинони қуриш ишлари бўйича ўтказилган очиқ суд мажлисларининг бирида маҳалла фуқаролари иштирок этмади.
Anhor.uz нашри Миробод тумани ҳокимлигига бир қаватли маҳалла аҳли норози бўлган кўп қаватли бино қурилиши ишлари бўйича расмий сўров юборди.
“Сўров келиб тушганидан сўнг туман ҳокимлиги мутасаддилари томонидан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг Ишлар бошқармаси дирекциясига қарашли Миробод тумани, Қизил Арват кўчаси 28-уй манзилида жойлашган ҳудудда текширув ўтказилиб, ушбу объектда ҳуқуқни ўрнатувчи қисмини ихтисослаштириш орқали ўрта қаватли тураржой биноси учун қурилиш ишлари Тошкент шаҳар Бош қурилиш бошқармасининг 2020 йил 17 сентабрдаги 22076157-сонли “Объектни реконструкция қилишга рухсатнома”, 2021 йил 30 июлдаги 1726-172673-25612-сонли “Архитектура-режалаштириш вазифаси” ҳужжатларига, Архитектура-қурилиш шаҳарсозлик кенгаши ишчи органининг лойиҳа-смета ҳужжатларини тасдиқлаш тўғрисидаги 2021 йил 14 октабрдаги 29165-сонли хулосаси ва Республика шаҳарсозлик экспертизасининг 2021 йил 10 ноябрдаги 23749-сонли йиғма эксперт хулосасига асосан амалга оширилаётганлиги тўғрисида ҳолат аниқланган.
Шунингдек, ҳокимлик аҳолининг қурилиш борасидаги шикоятлари ва унинг қандай тартибга солингани ҳақидаги саволига ҳам жавоб берди:
«Мурожаатлар масаласига келсак, шуни маълум қиламизки, ҳа, ушбу объект қурилиши бўйича фуқаролар томонидан мурожаатлар бўлган ва ҳар бир мурожаатга жавоб қайтарилган».
Бироқ “Заминобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аҳоли мурожаатларига жавоб олмаганини билдирмоқда.
Фотосурат: Айсулу Турдигалиева/anhor.uz
Бундан ташқари, Миробод ҳокимлигининг жавобида уй қурилишига Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳар қурилиш бошқармаси томонидан рухсат берилгани кўрсатилган.
“Шунингдек, сизга шуни маълум қиламизки, қурилишнинг тегишли ҳудудда хавфсизлик қоидаларига риоя этилишини текшириш Давлат архитектура-қурилиш назорати инспекцияси томонидан амалга оширилади, – дейди Миробод тумани ҳокими ўринбосари М.Мирхалилова имзолаган жавобда.
Бироқ судда O’zGASHKLITI вакили имзоси билан қурилишга рухсат берилганли тўғрисидаги ҳужжат тақдим этилган.
Фотосурат: маҳалла аҳолисининг архивидан
Якка кўп қаватли бино қурилиши жуда кўп салбий оқибатларга олиб келади. Бу, биринчи навбатда, шаҳар инфратузилмасига тушадиган юкламани оширади. Режасиз қурилиш экологик муҳитни ёмонлаштириши ва бино қад ростлаётган ҳудудда ҳаво, сув ва тупроқнинг ифлосланишига олиб келиши мумкинлиги ҳамманинг ҳам хаёлига келавермайди. Якка кўп қаватли бино қурилиши билан атроф-муҳит шароитларининг ёмонлашиши ва транспорт оқимининг кўпайиши сабабли аҳолининг ҳаёт сифати пасаяди.
Якка кўп қаватли уй-жойлар қурилишида кўпинча эски бинолар орасида янги бинолар қурилади, шунинг учун бинолар орасидаги масофа кичик бўлади, бу эса зилзилалар пайтида шикастланиш хавфини оширади.
Аввалроқ биз саккиз йилдан буён аҳоли қулай муҳитда яшаш учун кураш олиб бораётган Тошкент шаҳри Юнусобод тумани М-6 массивида Шароф Рашидов кўчаси бўйлаб шу каби бинолар қурилиши олиб борилаётгани ҳақида ёзган эдик.
Мила Аксёнова
Шарҳлар