Афғонистонда қурилаётган Қўштепа канали Ўзбекистоннинг жанубида сув танқислиги муаммосига қандай таъсир кўрсатмоқда

В Шерабадском районе Сурхандарьинской области воды не хватает. Фото CABAR.asia

CABAR.asia мухбири Афғонистон томонидан Қўштепа  каналининг қурилиши қандай қилиб Ўзбекистоннинг суғориш тизимига таъсир қилаётганини кўриш учун Ўзбекистон ва Афғонистон чегараси ҳудудига борди.

Иқлим ўзгариши ва Марказий Осиё мамлакатларида сув танқислиги кучайиши муносабати билан, айниқса Амударёнинг қуйи оқимидаги Ўзбекистон ва Туркманистонда Афғонистон томонидан Қўштепа  дарёси водийсида канал қурилиши жиддий хавотир уйғотмоқда. Каналнинг узунлиги 285 км, у мунтазам қурғоқчиликдан азият чекиб келаётган миллионлаб афғонларни сув билан таъминлаши керак.

Канал қурилиши Толибон ҳаракати (Марказий Осиёнинг кўплаб мамлакатларида террорчи деб эътироф этилган) 2022 йил 31 март куни ҳокимиятга келганидан кейин фаол бошланган. Ўтган йил сентябрь ойида ушбу уч босқичли лойиҳанинг биринчи босқичи тугатилди. 2023 йил 11 октябрда унинг иккинчи босқичини қуришга расмий равишда старт берилди. Қурилишни 2028 йилгача тўлиқ якунлаш режалаштирилган.

Амударё – Марказий Осиёдаги энг йирик, энг суви кўп дарё. Узунлиги 2540 км, майдони 309 минг кв.км.

Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлигининг махсус хужжатига кўра, Қўштепа  канали ишга тушгандан сўнг, Афғонистон Амударёдан йилига 4-4,5 миллиард куб метр қўшимча сув олиш имконига эга бўлади.

Шу билан бирга, ушбу вазирликнинг маълумотларига кўра, Амударё ва Сирдарё ҳавзаларидан сув олиш учун белгиланган йиллик 64 миллиард куб метр лимитдан Ўзбекистон белгиланган лимитдан 20% кам сув олмоқда.

Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида сўнгги 10 йилда сув истеъмоли  мазкур идоранинг маълумотларига мувофиқ 16,7 фоизга камайган.

Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти Амударёнинг бир соҳилида жойлашган, унинг нариги томонида эса Афғонистоннинг Балх вилояти ётибди. Қўштепа  канали ана шу вилоятдан бошланади. Йиллар давомида уруш ва низолардан азият чеккан Афғонистон аҳолиси бунгача бўлмаган инсоний танглик билан тўқнаш келмоқда ва сув танқислигидан азият чекмоқда.

Афғонларнинг Амударёдан сув олиш ҳуқуқини инкор этмаган ҳолда, Ўзбекистондаги мутахассислар Қўштепа  каналини қуриш жараёнида замонавий усуллардан фойдаланилмаслиги трансчегаравий сувларнинг катта қисми йўқолишига олиб келиши, бу эса унинг ҳавзасида янада жиддий муаммоларга сабаб бўлишидан хавотирдалар.

Толибонлар режасига кўра, Қўштепа  канали Афғонистоннинг шимолидаги уч вилоятни – Балхдан то Жузжон ва Фарёб вилоятининг Анхой туманигача сув билан таъминлаши керак. Афғонистондаги узоқ муддатли уруш туфайли сув таъминоти тизими бузилган. Кўплаб кузатувчилар ушбу мамлакатда экин майдонлари 70-йилларда 3,5 млн га дан 1,5 млн га гача қисқарганини қайд этадилар. Шунинг учун суғориш тизимини ривожлантириш ва ўзлаштирилмаган ерларни ўзлаштириш Афғонистон учун катта аҳамиятга эга.

Амударё соҳилларига яқин жойлашганига қарамай, йиллардан буён сув танқислигидан азият чеккан Сурхондарё вилояти фермерлари Қўштепа  каналини ишга тушириш уларнинг аҳволини янада оғирлаштиришидан хавотирдалар.

Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидаги Термиз тумани дарёдан биринчи бўлиб жойлашган. У жануби томондан Амударё орқали Афғонистон Ислом Республикасининг Балх вилоятига, шарқий томондан эса Тожикистон Республикасининг Хатлон вилоятига чегарадош.

Ушбу туман Ўзбекистондаги дастлабки ҳудуд ҳисобланади, бу ердан Амударёдан Аму-Занг канали орқали сув олинади.

Термиз туманида жойлашган ерларда 70 дан ортиқ фермер хўжаликлари фаолият юритиб, дон ва пахта етиштирмоқда.

Афғонистонда Қўштепа  каналини қуриш ушбу туманда яшовчи фермерларни хавотирга солмоқда. Улар канал тўлиқ ишга туширилса, Ўзбекистонга Амударёдан келадиган сув ҳажмининг камайиши хавфи ошиб, деҳқонлар учун янада катта муаммоларга олиб келишидан чўчимоқдалар.

43 ёшли Комолиддин Қосимовнинг “Фаровон янги арик” фермер хўжалиги Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасидан 200 метр нарида жойлашган.

Комолиддин Қосимов авлоддан-авлодга ўтиб келаётган фермер. Унинг отаси йиллар давомида шу ерларда ишлаган ва мана 17 йилдан бери ўзи деҳқончилик билан шуғулланмоқда. У 72 гектар ерда пахта ва дон етиштиради.

Қосимов ҳозирча сув билан жиддий муаммолар йўқлигини айтади. Лекин Афғонистонда Қўштепа  канали қурилиши якунланса, Ўзбекистондаги пастқам фермерлар сувсиз қолиши мумкинлигидан хавотирда.

“Ер участкамиз афғон чегарасидан 200 метр нарида. Биз Амударёдан келадиган сувни биринчилардан оламиз. Шунинг учун дарёда сув қуриб қолиши хавфи йўқ”, – дейди у.

Фермер ўтган йили фаолиятидан 200 миллион сўм (157 минг 450 доллар) соф фойда олганини маълум қилди.

“Ҳар йили давлат топшириғига кўра пахта ва дон етиштирамиз. Туман фермерлари канал қурилса, сув қуриб қолишидан хавотирдалар. Сув яхши келаётганидан буғатма суғоришга ўтмаганмиз. Амударёда сув қуриса, томчилатиб суғоришни режалаштирамиз”, – деди Қосимов CABAR.asia нашрига берган интервьюсида.

Лекин ерларни суғоришда жиддий муаммолар бўлмаса-да, йилдан-йилга сув оқимига чекловлар кучайиб бормоқда.

“Олдинлари Амударёдан бемалол фойдаланардик. Эндиликда бундай имкон йўқ. Олдин хоҳлаганча ерни суғорар эдик, энди навбатма-навбат суғорамиз. Пахтани йилига 4 марта, донни 5 марта суғорамиз. Сувга ҳам солиқ тўлаймиз. Ўтган йили 30 миллион сўмга (3 минг доллар атрофида) сув солиғи тўладим”, – дейди Қосимов.

Лекин бошқа фермерларнинг аҳволи бундай эмас дея  афсус билан қайд этади у.

“Йилдан-йилга Амударёдаги сув камайгани учун бошқа ҳудудларга сув етказиш қийинлашиб бормоқда. Масалан, Термиз туманининг бошқа қишлоқларига, Ангор, Музработ ва Шеробод туманларига”, – дейди у.

Аму-Занг каналидаги сув оқими камаймоқда

Ушбу ва Сурхондарё вилоятининг бошқа туманларига сув Аму-Занг канали орқали Амударёдан келади. Ундан сув олиниб, бевосита Термиз, Жарқўрғон ва Қумқўрғон туманларига берилади, кейин Ангор ва Музработ туманларига етказилади. Сўнгги қисми Шеробод туманига боради.

Ўзбекистон гидрометеорологлари Амударёдаги сув сатҳининг йилдан-йилга камайиб бораётганини маълум қилмоқда.

Дилдора Абдураҳимова Термиз шаҳридан олисмас жойда “Термиз” гидропостида назоратчи-сувчи бўлиб ишлайди. Унинг вазифаси Амударёдан Ўзбекистон ҳудудига келаётган сув миқдорини мунтазам ўлчаб бориш.

“Дафтаримда ҳаммаси кўрсатилган. Сув оқими камаймоқда. Қўштепа  канали ишга тушса, янада камайиши хавфи бор”, – дейди у.

Амударёдаги сув оқими ҳозир ҳам камайганини Аму-Занг канали эксплуатация бошқармаси бошлиғи Абдуқорим Расулов ҳам тасдиқлади.

“Ўтган йили секундига 75 куб метр сув олгандик, Қўштепа  каналини қуришдан кейин эса 48 куб метр олмоқдамиз. Канал қурилишининг якунланиши билан Аму-Занг каналидаги сув сатҳи ҳам пасайиши хавфи бор. Энг асосийси – сувни тежайдиган технологияларга ўтишдир. Бошқа йўл йўқ. Дунёда сув муаммоси йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Шунинг учун сувни тежайдиган технологияларга ўтиш зарур”, – дейди у.

Сувсизликдан азоб чекмоқдамиз

Аму-Занг канали орқали Амударёдан келадиган сувнинг охирги қисми Сурхондарё вилоятининг Шеробод ва Олтинсой туманларига етиб боради. Шеробод тумани вилоятнинг шимолий қисмида, вилоят маркази Термиздан 61 км нарида жойлашган. Туманнинг 500 дан ортиқ фермер хўжаликлари деҳқончиликдан дароматд топади, улар дон ва пахта етиштириб, ҳосилни давлатга сотади.

Собир Каримов Шеробод туманининг аҳолиси 10 мингдан ортиқ бўлган Гулчинор қишлоғида яшайди. Бу ҳудудда яшовчи кўплаб одамлар сўнгги йилларда сув муаммосининг кескинлашуви туфайли деҳқончилик билан шуғулланолмай қолишган.

“Олдин сув муаммоси йўқ эди. Йиллар ўтган сари бу ерда сув муаммоси кучайиб борди, одамлар деҳқончилик билан шуғулланолмай қолди” *дейди Каримов.

Фермер Гулчинор қишлоғига сув олиб келиш учун 80 миллион сўм (6 минг долларга яқин) сарфлаганини, лекин оқибатда сув келмагани учун лойиҳа амалга ошмаганини айтди.

“Қишлоғимизда жуда кўп ер бор. Лекин сув йўқлиги сабаб уларни ишлата олмаяпмиз. Нима қилишни билмаяпмиз. Шу ерни суғориш учун 80 миллион сўмга сув олиб келиш технологияси ўрнатдим. Лекин у ишламади. Агар қишлоғимизда сув бўлганида, одамлар Россияга ишга кетмаган бўлар эди. Улар деҳқончилик билан шуғулланган бўлар эди. Сув муаммоси билан боғлиқ жойларга мурожаат қилдим, лекин натижаси йўқ. Нима қилишни билмаяпмиз”, – дея афсусланади Каримов.

Шерободдан шимолроқда жойлашган Олтинсой туманида ҳам худди шундай сув муаммоси мавжуд.

60 ёшли Исмоил Ортиқов – ушбу туманнинг Хўжасоат қишлоғи фуқароси. У ҳам аввал деҳқончиликдан кун кўрган, лекин сув танқислиги сабаб аҳвол оғирлашган.

“14 сотих еримга 20 миллион сўм (1600 доллар атрофида) сарфладим, лекин ҳеч нарса ўнгидан келмади. Сув етишмовчилиги туфайли ҳосил олинмади”, – дейди у.

Олдинлари узумзорлари билан машҳур бўлган Хўжасоат қишлоғи энди саҳрога айланиб бормоқда. Сув танқислиги сабаб ариқлар қуриб, қишлоқ бўшаб қолмоқда.

“80-йилларда узумини Москвагача жўнатардик. Ҳозир 600 гектар узумзор қуриб қолди. Қўштепа  канали тўлиқ ишга тушса, кўчиб кетишга тўғри келар”, – дейди Ортиқов.

Амударё ҳавзаси экотизими учун салбий ўзгаришлар ҳақида

Экологлар канал қурилиши суғориш муаммоларидан ташқари, Амударё ҳавзасидаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига ҳам зарар етказиши, табиий экотизимга салбий таъсир кўрсатишидан хавотирдалар.

Сурхондарё вилояти гидрометеорология бошқармаси бошлиғи Рахматилла Пардаев Амударёдаги сув сатҳи хавфли даражагача камайса, бу қурғоқчил минтақадаги нам миқдорига таъсир қилишини айтади.

“Нам камайгач, қурғоқчилик кучаяди. Бу ўсимлик дунёсига жиддий зарар етказади. Саҳроланиш кучаяди. Чўллашиш кучайса, шамол келтирган тупроқ чангидаги турли кимёвий элементлар инсон соғлиғига ҳаво орқали салбий таъсир кўрсатади”, – деди у.

Лекин айниқса, унинг сўзларига кўра, канал ана шундай оқибатларни ҳисобга олмасдан қурилаётгани жиддий ташвишга солмоқда.

“Менимча, толибонлар канал қуриш талабларига жавоб бермаяпти. Канал қурилишида уни бетонлаш муҳим. Қўштепа  канали эса бетонланмаган ҳолда қурилмоқда. Натижада сув ерга шимилиб кетмоқда. Қанчадан-қанча сув бекорга йўқолмоқда. Қўштепа  канали фақат сув танқислигига олиб келмайди, балки иқлим ўзгаришининг салбий таъсирларини ҳам кучайтириши мумкин”, – деди у.

Чоралар кўрилмоқда, лекин Афғонистон манфаатлари ҳисобга олинмаяпти

Ўзбекистон ҳукумати сув танқислиги хавфларини камайтириш учун фаол чоралар кўрмоқда, аҳолини янги суғориш технологияларига ўтишга чорлаб, Афғонистоннинг жорий ҳукумати билан келишув имзолашга уринмоқда.

4,3 миллион гектар суғориладиган ерларнинг 30 фоизида сувни тежайдиган технологиялар жорий этилган. Лекин айрим жуда қурғоқчил ҳудудларда бу кўрсаткич анча паст.

2023 йил 29 ноябрда видеоселектор йиғилишида мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев бир йилга сувни тежашнинг фавқулодда тизимига ўтиш вазифасини берди.

Бошқа чоралар билан бирга, сув йўқотишларининг олдини олиш учун Мирзиёев бир йил ичида мамлакатда бетон каналлар ва ариқлар қуришни топширди.

Шу билан бирга, жорий йили баҳорги ёғингарчиликлар туфайли Амударё ва Сирдарёда тўлиқ сув оқими ва етарли сув ҳажми кутилмоқда.

Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев Марказий Осиёнинг 5 мамлакати трансчегаравий дарёлардан сув истеъмол қилишнинг чегараларини белгилаб олганини маълум қилди.

Афғонистон ҳозирча трансчегаравий дарё сувларидан фойдаланиш бўйича ҳеч қандай минтақавий ёки халқаро келишувларга қўшилмаган.

Айрим таҳлилчилар Афғонистоннинг жорий ҳукумати билан келишувга эришиш қийин бўлади, деб ҳисоблашади ва толибонлар Қўштепа  каналини қўшниларга қарши қурол воситасига айлантириши мумкинлигини башорат қилишмоқда.

Лекин Марказий Осиёдаги бошқа мутахассислар Афғонистоннинг Амударёдан сув олиш ҳуқуқига эга эканини ва бу ҳуқуқни амалга оширишини таъкидлашмоқда.

Масалан, CABAR.asia томонидан Қўштепа  канали қурилиши муаммосига бағишланган минтақавий экспертлар учрашувида Тожикистондан бўлган энергетика ва сув истеъмоли экперти Ҳамиджон Орифов Афғонистоннинг ўзига керак бўлган миқдордаги сувни олиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлади.

“Биз глобал жараёнлар ҳақида гапирмоқдамиз, бу ҳам муҳим. Лекин гап шундаки, Марказий Осиё мамлакатлари Афғонистон билан турли ижтимоий қатламларда туришади. Уларнинг ўз долзарб муаммолари бор, бизданики бошқа. Афғонларга одамларни тўйдириш, уларни хашхашдан воз кечишга мажбур қилиш керак. Уларга экологик оқибатлар ҳақидаги умумий мулоҳазалар керак эмас, уларга сув керак ва биз хоҳлайми-йўқми, улар уни оладилар. Шунинг учун келишув имзолаш зарур”, – деди Ҳамиджон Орифов.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.