“Биз Европа эмасмиз!” деб эълон қилган давлатлар охир-оқибатда қандай натижага келди?
«Биз Европа эмасмиз, бизнинг ўз ривожланиш йўлимиз бор!» Бу шиорлар мустақилликка эришганимиздан бери янграб келмоқда. Келинг, ортга назар ташлаб, шунга ўхшаш гапларни эълон қилган баъзи мамлакатларнинг тақдири билан танишайлик.
XV аср ўрта асрларнинг охири ва Европа давлатларини юксакликка кўтарган Буюк географик кашфиётларнинг бошланиши бўлди. Кейинги бир неча асрлар давомида Европа жаҳоннинг технологик, маданий ва интеллектуал ривожланиш марказига айланди. Океанлараро юк ташиш, порох, китоб чоп этиш ва бошқа технологиялар кенг ўзлаштирилди.
Бундан буён Шарқ давлатларидан эстафетани қабул қилиб олган Европа тақлид қилиш намунаси, ғоялар ишлаб чиқарувчиси ва технологиянинг асосий етказиб берувчиси бўлди. Европа мустамлакаларига айланмаслик учун етарлича кучли давлатлар танлаш имкониятига эга эдилар – Европа билан алоқа қилиш ёки ундан ёпиқлик сиёсатини олиб бориш.
Бугун биз Янги даврнинг европалик кашшофлари мустамлака қила олмаган учта йирик Осиё давлатларининг турли тақдирларини кўриб чиқамиз.
Япония. Икки юз йиллик танаффус
XVI асрда биринчи европаликлар Японияга етиб келишди. Асосан, улар испанлар, португаллар ва голландлар эди. Уларга тинчгина пешвоз чиқилди. Европаликлар ўз кемаларида китоблар, ўқотар қуроллар ва насроний миссионерларини олиб келишди. Маҳаллий технологиялардан сезиларли даражада устун бўлган Европа технологиялари иштиёқ билан қабул қилинди. Йигирма йил ичида оролларда ўқотар қурол ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, унинг ёрдами билан япон ҳукмдорларидан бири Ода Нобунага душман феодалларнинг ерларини босиб олишга ва деярли бутун мамлакатни бирлаштиришга муваффақ бўлди.
Европоликлар туфайли Японияга астрономия, тиббиёт, босмахона, навигация ва рассомлик соҳасидаги янги билимлар келди. Япон тили бир қатор португал ва испан сўзлари билан бойитилди. Япония ва Европа монархиялари ўртасида жонли денгиз савдоси бошланди. Христианларга эркин ваъз қилиш учун рухсат берилди.
Бироқ, 1641 йилда европаликларнинг таъсири кучайишидан қўрқиб, Токугава уруғидан бўлган сёгун (ҳарбий ҳукмдор) Японияни ташқи дунёдан изоляция қилиш сиёсатини киритди. Бундан буён мамлакат Европа технологияларидан бутунлай воз кечди. Ғарб китоблари ва ўқотар қуроллар, шунингдек христианлик тақиқланди. Ташқи савдо сёгун назорати остидаги ягона монопол компанияга ўтказилди. Хорижий товарлар энди ягона порт орқали ўтиб, жуда катта солиқларга тортилар эди. Барча европаликлар Япония оролларини тарк этишга мажбур бўлишди, фақат голландларга йилига икки марта сузиб боришга рухсат берилди.
Бундай демаршдан сўнг Япония икки юз йил давомида «ўз қозонида қоврилда» ва деярли ривожланмади. Европада аллақачон поездлар ҳаракатланарди ва электр лампалари порларди, провинциал Японияда ҳали ҳам қилич билан жанг қилишарди.
Фақат 1853 йилда АҚШ босими остида изоляционизм сиёсатига барҳам берилди. Япония етакчилари мамлакатнинг техник жиҳатдан Ғарбдан қолоқлигини англаб, мустамлакачиликдан қочиш мақсадида мамлакатда ислоҳотлар ўтказиш йўлини танладилар. Ушбу ислоҳотлар йўналиши ўша пайтда ҳукмронлик қилган Япония императори номи билан «Мэйдзи тикланиши» деб номланган.
Ҳукумат, ҳарбий саноат, солиқ, таълим ва маданият соҳаларида амалга оширилган ғарб услубидаги ислоҳотлар қолоқ аграр Японияга бор-йўғи 50 йил ичида дунёнинг етакчи давлатларидан бирига айланиш имконини берди. Ўз-ўзини изоляция қилиш ва одатий ўрта аср турмуш тарзини рад этиш тезда Японияни энг ривожланган шарқий давлатга айлантирди.
Бугунги кунда Япония “Катта еттилик” давлатларидан бири, янги технологиялар соҳасида етакчи давлатлардан бири, турмуш даражаси жуда юқори бўлган давлат, жаҳон импортчилари ва экспортчиларининг ўнталигига киради. Японлар эса “Биз Европа эмас!” деб туриб олишда ва ҳамма европа нарсаларидан воз кечишда давом этганларида узоққа кетган бўлармидилар?
Туркия. Душманингиздан ўрганинг
XIX -аср бошларига келиб, Усмонли империяси парчалана бошлади, уни ҳатто «Европанинг касал одами» деб ҳам атай бошлашди. 1914 йилга келиб, усмонлилар деярли барча Африка ва Европадаги мулкларини йўқотдилар, Биринчи Жаҳон урушидаги мағлубият эса ниҳоят эски империяни тугатди. Мамлакатда фуқаролар уруши бошланди, натижада Усмонлилар империясини Туркия Республикасига айлантирган амбицияли етакчи Мустафо Камол Отатурк ҳокимиятга келди.
Усмонлилар ва Европа ўртасидаги кўп асрлик қонли урушлардан сўнг республиканинг янги раҳбарида “Биз Европа эмасмиз!” деб эълон қилиши ва ўз йўлидан кетиши учун учун барча асослар бор эди. Аммо Отатуркни буюк ислоҳотчи ва зўр сиёсатчи деб бежиз айтишмаган. Туркия деярли барча соҳаларда Европадан умидсиз ортда қолганини англаб, ўзининг собиқ душманлари билан ҳамжиҳатликда қатъият билан ҳаракат қилди.
Отатурк Туркияни босқичма-босқич европалаштиришни амалга оширди:
— дин давлатдан ажратилди, шариат судлари бекор қилинди;
— Республикада лотин алифбоси тасдиқланди;
— ягона дунёвий таълим тизими яратилди;
— Халқаро календарь ва ўлчовлар жорий этилди;
— Швейцариядан кўчириб олинган Фуқаролик кодекси қабул қилинган;
— аёлларга эркаклар билан тенг ҳуқуқлар берди;
— Фамилиялар тўғрисида қонун қабул қилди ва Отатурк фамилиясини олди;
— саноатни рағбатлантиришга қаратилган қонун жорий этилди;
— Кийим-кечак ва бош кийимлари ислоҳотини амалга оширди;
— солиқ тизими ислоҳ қилинди.
Натижада, Туркия Республикаси нафақат эски шалвираган Усмонли империясининг кулидан тирилди, балки қайта жонланди ва ислоҳ қилинди. Бугунги кунда Туркия кучли иқтисодиётга, ривожланган енгил ва оғир саноатга, ривожланган транспорт тизимига эга бўлган Осиёнинг энг ривожланган давлатларидан биридир. Республика ташқи савдо ҳажми бўйича дунёда 27-ўринни эгаллаб, халқаро туризмнинг энг машҳур йўналишлари ўнталигига киради.
Бироқ, Туркия Республикаси бундан юз йил аввал черковни давлатдан ажратиб, динини йўқотди ва ўз илдизларини ташлаб кетди, дейиш мумкин эмас. Худди шундай, замонавий Туркияда ҳали ҳам миллионлаб диндорлар, масжидлар, черковлар ва синагогалар ҳамма жойда ишлайди. Республика фамилиялар ва Европа тақвимидан фойдаланишни бошлагагани билан барибир ўз анъаналарини йўқотмади ва Европа мамлакатига айланиб қолмади.
Эрон. Ўрта асрларга қайтиш
Бир пайтлар қудратли Форс, ҳозир эса сўниб бораётган Қожар сулоласи Эрони 20-асрга чуқур сиёсий ва молиявий инқирозга кирди. Чексиз фуқаролар тўқнашуви, ўрта асрлардаги давлат бошқаруви тамойиллари ва ҳаддан ташқари солиқлар қадимги империяни ларзага солиб, ривожланган мамлакатлардан анча орқада қолдирди. 1925-йилда нотинчлик ва чет эл интервенцияси даврида Қожарлар сулоласи ағдарилиб, тахтга Шоҳиншоҳ Ризо Паҳлавий ўтирди.
Янги шоҳ Эрон Европа эмаслигини эълон қилиши ва ўзидан олдинги ўнлаб шоҳлар сингари эски сиёсатни давом эттириши мумкин эди. Лекин у мамлакатни Европа модели бўйича модернизация ва саноатлаштириш йўналишини белгилаб берди, мутахассисларни Европа ва бошқа мамлакатларга тайёрлаш учун юборди, таълим тизимини такомиллаштиришга қарор қилди, мамлакатда темир йўллар қуришга буйруқ берди.
Ислоҳотларнинг навбатдаги қисми Ризо Паҳлавийнинг ўғли Шоҳ Муҳаммад даврида 1950-1970-йилларда, бу сафар АҚШ ёрдамида амалга оширилди. Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кенгайтирилди. 1963 йилда эронлик аёлларга биринчи марта овоз бериш ҳуқуқи берилди. Мамлакатда йирик индустрлаштириш ва урбанизация жараёни кечди. Нефть конларини миллийлаштиришга биринчи муваффақиятсиз уриниш амалга оширилди. Аграр ислоҳот деҳқонларга ер берди. Шаҳарлар орасидаги асосий йўллар биринчи марта асфальтланди.
Бироқ, Эронда ҳамма ҳам мамлакатнинг тез модернизация қилинаётганини ёқтирмасди. Аввало, Эрон руҳонийлари бу барча янгиликларга қарши эдилар. 1979 йилда Оятуллоҳ Ҳумайний (шиа руҳоний етакчиси)ҳокимиятни ўз қўлига олишга муваффақ бўлди. Унинг тарафдорлари полиция участкалари, ҳарбий қисмларни назоратга олиб, аҳолига қурол тарқата бошлади. Ислом инқилоби содир бўлди. Шоҳ Муҳаммад мамлакатни тарк этди.
Натижада, бундан буён олий ҳокимият руҳонийларга тегишли бўлган Эрон Ислом Республикаси эълон қилинди. Ғарб билан алоқалар узилди. Оятуллоҳ Ҳумайний капитализмни рад этиб, мамлакат ўз тараққиёт йўлига эга бўлишини эълон қилди.
Мамлакат фуқароларини назорат қилиш учун шиа теологлари «маданий инқилоб» уюштиришди:
– Мамлакатдаги барча олий ўқув юртлари ёпилди. Минглаб ўқитувчилар ва ўн минглаб талабалар улардан ҳайдалди. Уларнинг кўплари ҳибсга олинган.
– Йирик газета ва телеканаллар ходимлари ишдан бўшатилди. Барча хорижий фильмлар тақиқланди. Ахлоқсизликка қарши кураш бўйича махсус бюро ташкил этилди.
– Бошланғич ва ўрта мактаблар ёпилмади, лекин улардаги фанлар алмаштирилди: асосан, энди бу ислом қонунлари, ислом мамлакатлари тарихи ва ҳарбий фанларни ўрганиш эди. Шу билан бирга, ҳаттоки ўрта асрлар ва янги даврдаги мумтоз Эрон шеърияти ҳам дастурлардан чиқариб ташланди – унинг ўрнига энди талабалар Ҳумайний ижодини ўрганишди.
– Ислом инқилоби аёлларнинг ҳаётига энг ёмон таъсир кўрсатди: улар ҳижоб кийишга мажбур бўлдилар ва илгари қўлга киритилган ҳуқуқларининг аксарият қисмидан маҳрум қилиндилар.
Эроннинг биринчи аёл вазири, Шоҳ даврида таълим вазири бўлган Фарруҳру Парса аёл сифатида давлат лавозимини эгаллашга журъат этгани учун ҳибсга олиниб, кейинроқ отиб ташланди.
Ҳатто араб дунёсида ҳам Эрондаги ислом инқилоби икки хил кутиб олинди. 1980 йилда Эрон-Ироқ уруши бошланди, у узоқ 8 йил давом этди.
Бугунги кунда Эрон, асосан, ислом инқилобидан олдин асос солинган нефть ва саноат шарофати билан яшаб келмоқда. 1990-йиллар охирида Европа давлатлари Эрон билан иқтисодий алоқаларни тиклай бошладилар, бироқ умуман олганда, мамлакат ҳалигача Ғарб санкциялари остида, кўплаб илғор технологиялардан фойдалана олмасдан яшамоқда. Бу ерда Ғарб мусиқаларини трансляция қилиш ҳамон тақиқланган ва Интернет қаттиқ цензурага бўйсунади.
Биз-чи?
Биз Осиёнинг қадимий тарихи, маданияти ва минтақасида катта нуфузга эга учта машҳур давлати тақдирини кўриб чиқдик. Уларнинг барчаси ўз йўлидан бориши, замонавий дунёдан алоҳида ривожланиши ва, эҳтимол, бирор нарсага эришиши мумкин эди. Аммо кашфиётлар давридан бери дунёда бутунлай яккаланиб қолган жамиятлар тобора камайиб бормоқда.
Асрлар, минг йиллар давомида инсон қабилалари, халқлар, давлатлар бир-биридан технологиялар, динлар, тиллар ва алифболарни ўзлаштирган ва кўчириб олган. Бу Ҳар қандай жамиятнинг нормал эволюцион жараёни яъни кучлироқ, тажрибалироқ ва ривожланганлардан энг яхшисини олишдир.
“Биз Европа эмасмиз!” шиорлари ва “бизнинг ўз йўлимиз бор”. деган гаплар ислоҳот ва модернизация йўлини олган жамиятда янграмаслиги керак. Бундай даъволарни тарқатаётганлар Эрон сценарийсини ёдда тутишлари лозим. Энг муҳими эса, дин ва маданиятни иқтисодий тараққиёт, янги технологиялар билан аралаштириб юбориш, эркинлик ва шахсий ҳуқуқларни чеклаш, аёлларни тўлақонли ижтимоий-сиёсий ҳаётдан тортиб олишнинг ҳожати йўқ. Улар биргаликда мавжуд бўлишлари мумкин. Ахир Туркия муваффақиятга эришди-ку, нега энди Ўзбекистон муваффақият қозонмаслиги керак?
Максим Новицкий,
халқаро туризм соҳасининг мутахассиси, публицист
Шарҳлар