«Хўрозқанд чет элники деса» ёхуд машҳур бренддаги косметикаларнинг «ўзбекчалашуви»

Мамлакат бўйлаб бир ой давомида “Контрафактсиз ой” ойлиги ўтказилди. Ойлик доирасида республика бўйлаб контрафакт маҳсулотлар савдосига қарши самарали курашишда божхона хизмати органлари ҳам фаол иштирок этишди. Бу ҳақда қўмитанинг матбуот хизмати ёзмоқда.

“Яқинда божхона органлари томонидан ўтказилган кўп босқичли тезкор тадбирлар доирасида 20 дан зиёд турли хорижий брендлар номи остида сифатсиз ва қалбаки косметика ва парфюмерия воситаларининг яширин цеҳи фаолиятига чек қўйилди. Тезкор тадбир давомида яширин цеҳдан 280 минг қутидан зиёд косметика воситалари вақтинча сақловга олинган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 10 млрд сўмдан ошмоқда”, – дейилади хабарда.

Тақдим этилган видеоматериал тасвирларида сифатсиз, қалбаки ва контрафакт кометик воситалардан фойдаланиш натижасида юзага келган кўнгилсиз ҳолатлар қайд этилган.

Бугун дунёнинг исталган нуқтасида бирон бир аёл ўзини сифатсиз косметик воситалардан ҳимояланганман деб ишонч билан айта олмайди.

Халқаро экспертларнинг таҳлилларига кўра, косметика бозорида сифатсиз, қалбаки ва ноқонуний ксометик воситалар савдоси ҳозирга келиб йиллик ўртача 500 млрд АҚШ долларини ташкил қилмоқда, бу эса дунё бўйлаб умумий савдонинг 3,3 фоизини ташкил қилади”, дейилади хабарда.

Тан олиш керак, Ўзбекистонда ҳам сифати кафолатланмаган косметик воситаларнинг нафақат бозорлар расталарида, ҳаттоки ижтимоий тармоқлардаги савдоси жуда авж олган.

Бунда энг аввало, косметик воситаларнинг ташқи кўринишига нисбатан нархининг ҳайратланарли даражадаги арзонлиги харидорларни ўзига жалб қилмоқда.

Хўш бу каби сифати кафолатланмаган косметик воситалар қандай қилиб савдога кириб келмоқда?

Яқинда ана шундай маҳсулотлар ортилган юк автотранспорт воситаси куни кеча Божхона қўмитасининг Таргетлаш ва хавфларни бошқариш бошқармаси, Тошкент вилояти божхона бошқармаси тезкор тузилмалари ва “Яллама” чегара божхона пости ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда тўхтатиб қолинди.

“Божхона кўриги давомида юк автотранспорт воситасига ҳужжатларда қайд этилганидек, кийим илгич, турли эҳтиёт қисмлар, хўжалик моллари каби 13 турдаги товарлар эмас, аксинча  ҳужжатларда умуман қайд этилмаган 21 турдаги товарлар, шу жумладан, юз учун крем, лосьон, юз ниқоби, ифор таратувчи суюқликлар, сурма каби косметик воситаларнинг идиш ва қутилари, уларни ишлаб чиқариш ва қадоқлашда фойдаланиладагин турли хом ашё, ёрлиқ ва ҳимоя қатламлари борлиги аниқланди. Уларнинг умумий қиймати эса дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 3 млрд сўмдан ошмоқда”, – дейилади.

Содда қилиб айтганда, ушбу қадоқларда маҳсулот хорижда ишлаб чиқарилганига доир маълумотлар ёзилган бўлса-да, аслида мазкур сохта, қалбаки косметиқа воситалари кейинчалик ички ҳудудддаги бирон яширин ёки қўлбола цеҳларда тайёрланиб, қадоқланишидан далолат беради. Истъемолчи эса ушбу маҳсулотни гўёки хориждан келтирилган деб ишонади ва харид қилади. Аммо, бунда маҳсулотнинг сифати умуман кафолатланмайди!

Божхона ходимларининг ушбу тахмини тезкор тадбирнинг кейинги босқичида ўз тасдиғини топган.

Божхона қўмитасининг тезкор тузилмалари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу товарлар етказилиши назарда тутилган манзил аниқланди.

Натижада Бўка туманидаги омборлардан бирида хорижий брендлар номи остидаги косметика ва парфюмерия воситаларининг қалбаки нусхаларини ишлаб чиқарувчи яширин цеҳ фаолияти фош қилинди.

Цеҳда Европа мамлакатлари, Корея, Бирлашган араб амирликлари, Хитой каби давлатларнинг 20 дан зиёд турли машҳур брендлари номи остида ишлаб чиқарилган 280 минг донадан ошиқ сифатсиз ва қалбаки косметика ва парфюмерия воситалари ҳозирда вақтинча сақловга олинган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 10 млрд сўмдан ошмоқда.

Эслатиб ўтамиз, пардоз-андоз, косметика ва парфюмерия воситалари мажбурий тартибда сертификатланадиган товарлар сирасига киради. Мазкур товарларнинг барчаси гўёки маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ниқоби остида олиб кирилаётгани эса янада ачинарли.

«Ушбу ҳолатларда божхоначилар томонидан сифати кафолатланмаган товарлар тўхтатиб қолиниши, яширин иқтисодиётнинг олди олиниши билан бир қаторда энг аввало  минг-минглаб юртдошларимизнинг саломатлигига ва гўзаллигига етиши муқаррар бўлган хавф-хатарнинг ҳам олди олинди. 280 минг қути косметик воситалар! Бу шунчаки рақамлар эмас, аслида 280 минг нафар юртдошларимиз, аёлларимиз лавҳамиз аввалида кўрсатилган кўнгилсиз ҳолатлардан асраб қолинди дейишимиз мумкин», – дейилган.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.