Буюк зотлар фақат тўққизтами? Жамиятимизнинг фақат ўрта асрлар қаҳрамонларига эътибори ҳақида
Совет даврига хос бўлган ҳамма нарсани инкор этган мустақиллик, айниқса, мафкуравийлик, шахс ва жамият ғурурини англаш учун янги қаҳрамонлар, янги йўналишлар, асослар топиш заруриятини келтириб чиқарди. Мафкурачиларнинг диққати сиёсатчилар, олимлар, ёзувчилар ва халқ қаҳрамонларига қаратилди. XIX ва XX асрлардаги туб ўзгаришларга тўғри келган давр қаҳрамонлари атрофида кўплаб мунозаралар бўлганлиги сабабли улар тарихнинг яна ҳам олдинроқ даврларига мурожаат қилдилар. Бунда маълум бир мантиқ бор эди.
Бироқ мустақил Ўзбекистон мафкураси ўзини тахминан VIII-XI ва XIV-XV асрлар доирасига киритиб қўйди. Ўзбек жамиятининг кўпчилиги учун бу икки давр ҳам альфа, ҳам омега ҳисобланади. Биринчи давр бутун бир зукко олимлар галактикасининг пайдо бўлиши туфайли “Мавороуннаҳрнинг олтин даври” деб эълон қилинган бўлса, иккинчи давр Ўрта Осиёда вужудга келган қудратли темурийлар давлати туфайли ибратли саналадики, бу даврда маълум бир маданий гуллаб-яшнашни ҳам кўриш мумкин.
Шунга асосланиб, мустақил ўттиз йил давомида биз асосан тўққиз шахсга эътибор қаратмоқдамиз:
Ал-Хоразмий (780-850);
Ал-Фарғоний (798-861);
Абу Райҳон Беруний (973-1048);
Ибн Сино (980-1037);
Жалолиддин Мангуберди (1199-1231);
Амир Темур (1336-1405);
Улуғбек (1394-1449);
Алишер Навоий (1441-1501);
Бобур (1483-1530).
Республика бўйлаб кўчалар, боғлар ва майдонлар уларнинг шарафига номланган. Албатта, бошқа номлар ҳам бор, аммо улар камроқ тарқалган.
Ўтмиш қаҳрамонларининг янги ёдгорликларини кўриб, тарихда тажрибасиз одам ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида VIII асргача ва XV асрдан кейин ҳеч нарса бўлмаган, деб ўйлаши мумкин. Гўёки тўлиқ бўшлиқ – сиёсий, иқтисодий ва маданий бўшлиқ мавжуд бўлган. Лекин бу умуман шундай эмас. Ўзбекистон тарихи ўтмишда чуқур илдиз отган. XV и XXI асрлар оралиғида эса бу ерда ўзбек халқининг эътиборига сазовор бўлган ақл бовар қилмайдиган воқеалар мажмуаси юз берган.
Бироқ, мамлакат тарихида жуда кўп оқ доғлар ва унутилган номлар мавжуд. Демак, минтақанинг икки минг йилдан ортиқ тарихи давомида бор-йўғи тўққизта улуғ зот бор экан. Аслида эса ундай эмас.
Ўз ривожланиш тарихига бутунлай бошқа муносабатни шимолий қўшниларимизда кўриш мумкин. Совет давридан олдинги қайси ҳукмдорлар ва қаҳрамонлар уларда абадийлаштирилган? Мана, қуйида Қозоғистонда ёдгорлик ўрнатилган кишиларнинг қисқача рўйхати (рўйхат бундан катта, кўпларига бир нечалар ҳайкаллар ўрнатилган). Мен ўттиз беш кишини санаб чиқдим.
Қозоқ давлатининг ташкил топишида муҳим рол ўйнаган хон ва ҳукмдорлар:
Малика Тўмарис;
Абулхайрхон;
Абилайхон;
Жўчихон;
Эдигей Хон;
Кенесарихон;
Керейхон ва Жонибекхон.
Бий (қозоқ тилида «бий», хонликнинг вазир ёки олий қозикалонига мос келадиган мартаба), қонунлар тўпламини тузувчилар ва оддийгина улуғланган донишмандлар:
Айтекебий;
Байдибекбий;
Бухор-Жийрау;
Қозибекбий;
Тўлабий;
Монкебий.
Ботирлар (қаҳрамонлар), афсонавий жангчилар ва саркардалар:
Акпан Ботир;
Акша ботир;
Алпомиш ботир;
Баян Ботир;
Биназар Ботир;
Богенбай ботир;
Буқарбай ботир;
Жалантас Баҳодур;
Жолан Ботир;
Кабанбай ботир;
Капал ботир;
Қорасай ботир;
Келменбет Ботир;
Қўбланди ботир;
Кокен ботир;
Райиймбек ботир;
Сариқ ботир;
Тлеу Ботир.
Олимлар, ёзувчилар ва мутафаккирлар:
Абай Қўнанбаев;
Ал-Фаробий;
Мирзо Муҳаммад Ҳайдар.
Қозоғистонда 19-асрда яшаб, Россия империяси хизматида бўлган машҳур қозоқ шарқшуноси ва сайёҳи Чўқон Валихоновнинг ўнга яқин ортиқ ёдгорликлари бор.
2002 йилда Буюк Британияда “100 та энг буюк британиялик” шоуси бўлиб ўтди. Ушбу дастурда Буюк Британия халқи овоз бериш йўли билан энг машҳур юз нафар ватандошини танлади. Шундан сўнг баҳс бўлиб ўтди, натижада якуний рейтинг тузилди. Айтганча, рейтингда биринчи ўринни Уинстон Черчилль эгаллади.
Нима учун Ўзбекистоннинг юқоридаги тўққиз нафар буюк зотлари сафига яна ўнлаб-йигирмалар исм қўшмаймиз. Келинг, минтақа тарихига мурожаат қилайлик – бу ерда дунёга машҳур шахслар кўп.
Мана, ким дарҳол хаёлга келади:
- Кушоннинг буюк ҳукмдори ва Ўрта Осиё буддизмининг йўлбошчиси Канишка (ҳа, бу фақат Тошкентдаги дўконлар тармоғи эмас);
- Афсоналар билан тўлиб-тошган, асосий зардуштий пайғамбар ва донишманд Зардушт;
- Қудратли Форс ҳукмдори Кир II ни енгган массагетлар маликаси Тўмарис;
- Искандар Зулқарнайннинг ўзи қўрққан ва македонияликларни Политиметдаги жангда мағлуб қилган жасур суғд Спитамен – бу жанг Искандар шарқдаги бутун ҳарбий юришда мағлуб бўлган ягона жанг;
- Аббосийлар экспансиясига қарши қўзғолон раҳбари воиз Муканна;
- Амир Исмоил Сомоний, Марказий Осиёдаги биринчи мустақил мусулмон давлати – Сомонийлар давлатининг асосчиси (хўш, у аллақачон Тожикистоннинг бош миллий қаҳрамони бўлса, нима қилибди?);
- Буюк саркардага катта таъсир кўрсатган Амир Темурнинг рафиқаси Бибихоним, Мовороннаҳр тарихидаги машҳур аёллардан бири;
- Хоразмшоҳ Текеш, унинг саъй-ҳаракатлари билан Хоразм бутун тарихи давомида Ўрта Осиёнинг энг қудратли давлатларидан бирига айланган;.
- Моҳир сиёсатчи ва Шайбонийлар давлатининг асосчиси Муҳаммад Шайбонийхон;
- Шайбонийхоннинг нуфузли авлоди Бухоро ислоҳотчи хони Абдуллахон II ҳисобланади.
Кейинги даврнинг жуда кўп баҳоланмаган қаҳрамонлари бор, улар албатта эътирофга лойиқдир. Улар, айниқса, шўролар даврида кўп – булар Ўрта Осиёда илм-фан ва саноатни юксалтирган, маданиятни юксалтирган кишилардир.
Масалан, ҳақиқатдан ҳам замонавий Ўзбекистонда миллати ўзбек бўлмаса-да забардаст рассом Усто Мўмин, атоқли турколог академик Константин Юдахин, буюк раққоса Тамара Хоним, фотограф Максим Пенсон, археолог Галина Пугаченкова каби инсонлар, Тошкент тиббиёт институти, ТошДУ ва бошқа кўплаб институтларни ташкил этган олимлар абадийлаштирилишга лойиқ эмасми?
Давлат мафкураси томонидан танланган тўққиз нафар ўрта аср қаҳрамонларининг алоҳида истеъдодига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Бироқ Конституциясида фикр плюрализми, миллатлараро дўстлик илгари сурилган кўп миллатли мамлакатимизда нафақат уларни мадҳ этсак, барча улуғ сиймоларимизни тан олсак, бу тинчлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, холос.
Ёдгорлик ва ҳайкалларнинг хилма-хиллиги хорижлик сайёҳлар учун ҳам қизиқ. Ёдгорликлар ўзбек заминининг қадимийлик ва замонавийликнинг буюк қаҳрамонларига нақадар бой эканлигини кўрсатиш имкониятига эга бўлади.
Лекин “Афросиёб” поездида Самарқанддан Тошкентга келаётган сайёҳ нимани кўради? Бир пайтлар устидаги ёдгорлик олиб ташланган номсиз бўш пойдеворни. Бунинг ўрнида бронзадан донишманд Зардуштни (Eвропада машҳур) ҳайкали бўлиши мумкин эди, Спитаменни ҳилпираган чопонда туриши ёки саркарда Шайбонийхон савлат тўкиб туриши яхши эмасмиди?
Биз шу пайтгача фақат Ўрта Осиё, Маворауннаҳр, хусусан, Ўзбекистон билан бевосита боғлиқ бўлган улуғ зотлар ҳақида гапирган эдик. Лекин нафақат ўз қаҳрамонларимиз, балки жаҳон илм-фани, адабиёти, мусиқаси, фалсафасига ўз ҳиссасини қўшган бошқа давлатларнинг даҳоларини ҳам тан олишимизга нима тўсқинлик қилмоқда?
Фарзандларимиз дунёда Навоий ва Темурдан бошқа буюк зотлар йўқлигини туйғуси билан улғаймоқда. Чунки, бизда, айтайлик, Бетховен, Архимед ёки Эйнштейннинг ёдгорликлари йўқ.
Агар сиз Сингапурда, Европадан Ўзбекистонга нисбатан икки баравар узоқда жойлашган Осиё давлатида бўлсангиз ва Парк Вью майдонига борсангиз, у ерда Дали, Данте ва Шопин, Черчилл, Линкольн ва Сун Ятсен, Ньютон, Рембрандт ва Шекспир қўйилган бошқа ёдгорликларни топасиз. Сингапур ўз миллий қаҳрамонларининг хизматларини камситмаган ҳолда, бу одамларнинг хизматларини тан олади. Бу давлатларнинг кучи шунда, уларнинг мафкураси худбинликдан, эътиборни фақат ўзларига қаратилишдан холи. Бундай мамлакатлар сайёҳлар учун ҳақиқий оҳанрабодир.
Халқ мақолида айтилганидек, “тарих ҳеч нарсани ўргатмайди, фақат сабоқ чиқармаганлик учун жазолайди”. Шундай экан, келинг, эскирган шаблонларга ёпишиб қолмасдан, уни ҳар томонлама ва холисона ўрганайлик.
Максим Новицкий,
Марказий Осиёда туризм бўйича мутахассис, публицист
Шарҳлар