Ëритиш чироқларисиз Тошкент оқшомлари
Ҳарорат пастлаб одамларнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжлари ортгани табиий. Бундай пайтда ортиқча сарф энергияга бўлган эҳтиёжнинг ортишига сабаб бўлади.
Буни тўғри англаган Пойтахтдаги қатор объектлар ортиқча электр чироқлари ва ёритиш мосламаларини ўчириш орқали энергия тежашга ўз хиссасини қўшмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги бугун ушбу масалада «Электр энергиясини тежанг!» деб видеоролик тақдим қилганди.
Бироқ, ҳокимлик биноси ўзи бу мурожаатга эътибор қаратмаганлиги, «Халқлар дўстлиги саройи» майдони ҳамда Пойтахт банки ўз реклама пештоқлари ва кўча деворларининг безаги сифатида ишлатилаётган ёритиш мосламаларини ўчиришмаётганлиги ажабланарли.
Нашримиз журналистлари қиш мавсумидан ташқари пайтда ўз гўзаллигини кўча чироқлари ва қўшимча ёритгичлар билан тараннум этган Тошкентнинг айни қиш мавсуми оқшомида олинган фотосуръатларни тақдим этади.
Бу борада Энергетика вазирлиги ҳам ўз саҳифаларида мурожаат билан чиқган эди.
«Айни вақтда Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида истеъмолчиларнинг электр энергиясидан самарали ва оқилона фойдаланишларини таъминлаш мақсадида тарғибот-ташвиқот ҳамда рейд тадбирлари ўтказилмоқда. Ҳурматли тадбиркорлик субъектлари, об-ҳаво ҳароратининг пасайиши натижасида электр энергиясидан фойдаланишга бўлган эҳтиёж ортиб боради. Бундай пайтларда электр энергиясидан имкон қадар тежамкорлик билан фойдаланишингизни, зарур бўлмаган ҳолларда эса, электр қурилмаларини тармоқдан ажратиб қўйишингизни сўраймиз», – дейилган Энергетика вазирлиги мурожаатида.
Ҳали қишнинг қор-қировли кунлари олдинда. Қадрли юртдошлар, ҳурматли меҳмонлар электр-энергиясига бўлган муносабатимизни ўзгартирайлик. Беҳуда сарфлардан чекланайлик!
Шарҳлар