Фермерлик кооперативлари Ўзбекистонда қишлоқ ҳаётини қандай ўзгартириши мумкин
“Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунига асосан Ўзбекистоннинг 11 вилояти дотация олувчилар рўйхатига киритилди. Шу муносабат билан айтиш мумкинки, Ўзбекистонда қишлоқ турмуш тарзи иқтисодий жиҳатдан самарали эмас ва қатор соҳаларда ўзгаришларни талаб қилади. Урбанист-архитектор Анвар Мухамеджанов ривожланган давлатлар мисолида фермерлик кооперативларининг афзалликлари ва уларнинг Ўзбекистон учун эҳтимолий фойдалари ҳақида сўз юритади.
Афсуски, бугунги кунда Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудлари дотацияли ҳисобланади: улар ишлаб топганидан ҳам кўпроқ маблағ сарфлайди. “Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунига (7-илова) кўра, фақат Тошкент шаҳри, Тошкент ва Навоий вилоятлари даромад келтиради холос.
Қишлоқда етиштирилган гўшт ва сабзавот маҳсулотлари нархининг доимий ошиб бориши ҳам мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги барқарорлаштирилиши кераклигини тақозо этишидан далолат беради. Бунга нафақат импорт қилинадиган маҳсулотларга ҚҚС ни ноллаштириш каби иқтисодий воситалар ёрдамида, балки шаҳарсозлик усуллари билан ҳам эришиш мумкин. Ўзбекистон ўз ҳудудларида арзон уй-жой ва бошқа инфратузилмани қуриш имкониятларига эга ва хорижий донорлардан кредитлар олади – бу шаҳарсозлик ёрдамида қишлоқ ҳаётини ўзгартириш, уни янада фойдали, шинам ва қулай қилиш учун яхши имконият беради.
Аҳоли пункти чеккаларида жойлашган аҳоли хонадонларида чорва моллари, паррандалар боқиш ва иссиқхоналар сонини кўпайтириш орқали қашшоқликни камайтириш сиёсати барча аҳоли учун мақбул эмас. Тошкент мисолида қорамол, қўй ва ҳатто парранда боқиладиган хонадонлар сони кескин камайганини кўриш мумкин.
Бир томондан, озуқа етказиб беришнинг қимматлиги борасида муаммолар туғилади, бошқа томондан, қўшнилар чорвачилик туфайли ҳамроҳлик қиладиган ҳидларга чидашни хоҳламайдилар. Озиқ-овқатларни сақлаш ва ҳайвонлар учун шароит яратиш учун қўшимча жой керак. Ҳар бир шаҳар аҳолиси уларни тўғри сақлашга қодир эмас. Бунинг устига шаҳар ҳаётининг ритмини қўшинг.
Давлат хусусий хўжаликларда чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантиришнинг бошқа йўлларини ҳали излагани йўқ. Агар шаҳарларда бундан воз кечиш керак бўлса, унда шаҳар атрофи ва қишлоқ жойларида ривожланган мамлакатларда синовдан ўтган сценарийлар мавжуд.
Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги ва қашшоқликка барҳам бериш муаммосининг ечими қишлоқ турмуш тарзини деҳқон кооперативлари орқали ўзгартириш бўлиши мумкин. Ўзбекистон ҳукумати уларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга бир-икки йил аввал ҳам кўрган эди, бироқ бу чора-тадбирлар якунланмади, бунинг устига улар комплексли эмас эди.
Ривожланган мамлакатларда фермер хўжаликлари кооперативлари амалиётидан ўзлаштириб олиш мумкин бўлган қатор чора-тадбирлар мавжуд.
Муваффақиятли хорижий мисол сифатида 1961 йилда ўз аъзоларининг ижтимоий ва иқтисодий аҳволини яхшилаш, шунингдек, миллий иқтисодиётни мувозанатли ривожлантириш мақсадида ташкил этилган Жанубий Корея Миллий қишлоқ хўжалиги кооператив федерацияси (NACF) ҳисобланади. NACF учта йўналишни ўз ичига олади: маркетинг ва харидлар, банк иши, консалтинг ва суғурта. Бошқача айтганда, ушбу кооперативда маҳсулоти бевосита ўз дўконлари тармоғига етказиб бериладиган, ўз банки томонидан хизмат кўрсатувчи фермер хўжаликлари тармоғига эга. Шу билан бирга, кооператив товарларни етказиб беришни таъминлайдиган транспортга ҳам эгалик қилади. Умуман олганда, компаниянинг тузилиши қуйидагича:
Ушбу кооперативда автоном бизнес гуруҳлари давлат бадаллари эмас, балки аъзолик тўловлари ҳисобидан молиялаштирилади. Кооперативларни юқоридан босимсиз сайланган президентлар бошқаради, улар ўз навбатида эса федерация раисини сайлайди. Кооперативлар фермерларга тегишли бўлса-да, бегоналар ҳам кооперативга сармоя киритиш имкониятига эга. Бунда ҳукумат сармоядорлар учун солиқ тўланмайдиган банк ҳисоб рақамларини очиш ва кооперативнинг айрим хизматларидан фойдаланиш имкониятини яратди.
Тажриба тариқасида, 2019-2020-йилларда Ўзбекистоннинг 8 та туманида қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш режалаштирилган эди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, гарчи Ўзбекистон шароитида бундай тузилмани ривожлантириш ва илгари суриш иқтисодиёт учун ҳам, мамлакат шаҳарлари учун ҳам фойдали бўлиши мумкин бўлган 8 та туманда ушбу лойиҳа натижаларининг батафсил таҳлилини ҳалигача жамоатчиликка тақдим этмади.
- Қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш аҳоли пунктларидан ташқарида чорвачилик ва деҳқончиликни касбий ривожлантиришни назарда тутади. Бу чорвачиликни ҳам, деҳқончиликни ҳам ривожлантириш учун кооперативларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш самарадорлигини оширади. Шунга кўра, аҳоли учун товар сифати ҳам ортади.
- Қишлоқ хўжалиги кооперативлари туфайли чорвачилик, паррандачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳисобга олиш хусусий уй хўжаликларига қараганда осонроқ бўлади. Бу мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлиги ҳолати ва истиқболлари бўйича яхшироқ прогнозларни тақдим этиши мумкин.
- Ҳайвонлар ва иссиқхоналарни аҳоли пунктларидан ташқарида сақлаш қишлоқ қўрғонини қуриш учун кўпроқ ер ажратиш заруриятини ҳал қилади, демакки, қишлоқ қўрғнини қуриш ва одамлар томонидан бундан сўнг фойдаланишлиги учун молиявий ресурсларни тежайди.
- Агар кооператив корейс тамойили бўйича режалаштирилган бўлса, фермерлар учун ҳам ўз фаолиятини режалаштириш, келажак прогнозларини аниқлаш осонроқ бўлади. Улар мустақил равишда ривожланиш учун хусусий сармояларни жалб қилиш имкониятига эга бўладилар.
- Аҳоли пункти чегараларида уй ҳайвонларини нотўғри сақлаш сабабли антисанитария ҳолатларининг олди олинади. Уй-жой учун ажратилган газ иссиқхоналарни иситиш учун нооқилона сарфланмайди. Шу билан бирга, иссиқхоналаримиз нафақат газ, балки қаттиқ ёқилғи билан ҳам иситилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Аҳоли яшаш пунктлари ташқарисида иссиқхоналарни сақлаш аҳоли учун ҳаво сифатини яхшилайди.
Анвар Мухамеджанов,
Архитектор-урбанист, Осиё Тараққиёт Банкининг стипендиати, Токио Университетининг магистри, халқаро ривожланиш ва минтақавий режалаштириш соҳасининг мутахассиси
Шарҳлар