Газли ичимликлар учун акциз солиғи. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан мулоқот ҳали ниҳоясига етмади
Ўзбекистонда 2024 йил 1 апрелдан таркибида шакар бўлган алкоголсиз ичимликларга акциз солиғи жорий этилиши режалаштирилмоқда. “Касалликлар, шу жумладан қандли диабетнинг мумкин бўлган кўпайишининг олдини олиш” баҳонаси билан акциз солиғини жорий этиш мақсадга мувофиқлиги жамиятда бу тўғрисида мунозараларга сабаб бўлди.
“Ширин газли ичимликларга акциз солиғини солиш ўзбекистонликларнинг ҳаётини яхшилайдими” мақоласида таҳририят Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирлигига, улардан жавоб олиш учун, бир қатор саволлар билан мурожаат қилган. Бироқ орадан 12 кун ўтиб, таҳририятнинг Иқтисодиёт ва молия вазирлигига йўллаган сўрови ҳамон жавобсиз қолмоқда. Таҳририят изоҳни газланган ичимликлар ишлаб чиқарувчилар уюшмаси ижрочи директори Алфия Мусинадан олди.
Spot.uz’да шакарли ичимликларга акциз солиғи тўғрисидаги мақолам эълон қилинганидан сўнг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ сиёсати бошқармаси вакиллари Уюшма билан боғланган ва 7 декабрь куни учрашув бўлиб ўтган.
Нега мен саноат ҳали ҳам мулоқотни кутмоқда демоқдаман? Чунки учрашув дастлабки характерда бўлиб, у эрда бизни тинглашди, холос. Бошқарма бошлиғи Қаҳрамон Усмоновнинг сўзларига кўра, йиғилишдан сўнг позициямизни кейинги ички муҳокама учун Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровга етказиш режалаштирилган эди. Шунинг учун биз мулоқотни давом эттиришни интиқлик билан кутмоқдамиз. Шу жумладан, далилларимиз охир-оқибат нимага таъсир қилганини (ёки таъсир қилмаганлигини) тушунишимиз учун ҳам.
Ҳукумат амалдорларининг позицияси аниқ: акциз солиғини жорий этиш таклифининг сабаби фақат давлат томонидан аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш нуқтаи назаридан келиб чиқади.
Ҳукумат расмийлари яна шакар қўшилган ичимликлар учун қўшимча солиқни тавсия этган ЖССТнинг 2016 йилги ҳисоботини асос сифатида келтирди. Лекин негадир ушбу қонун лойиҳасига ЖССТ тавсияларида бирорта ҳам сўз бўлмаган шакрни ўрнига ишлатиладиган моддалар қўшилган ичимликлар ҳам киритилган бўлиб бу албатта, саноатнинг шакарни ўрнини босувчи моддалар билан алмаштириш ёки шакар миқдори камайтирилган ичимликлар ишлаб чиқариш бўйича барча саъй-ҳаракатларини бекор қилади.
Ассоциациямиз мазкур қонун лойиҳаси ташаббускори бўлган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатидан қарор қабул қилишдан олдин қуйидаги саволларга жавоб беришни сўрайди:
- Ичимликлар таркибидаги шакар аҳолининг семириш ва қандли диабет касаллигига сабаб бўлиши ҳақида илмий далиллар борми? Ҳукумат акциз солиғи жорий этилгандан кейин ушбу касалликларнинг камайиши бўйича қандай прогноз қилмоқда?
- Газланган ичимликлар мамлакатдаги умумий шакар истеъмолининг тахминан 1,5% ни ташкил қилади, шакарнинг қолган қисми аҳоли томонидан соф шаклда ва қандолат маҳсулотларида истеъмол қилинади. Ҳукумат айтилган натижага эришиш учун умуман қанд истеъмолини камайтиришни кўзлаб айнан нимани режалаштирмоқда?
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолининг нотўғри овқатланишига қарши курашиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишни режалаштираётган дастур ишлаб чиққанми деган савол бизларни солиқ тўловчилар сифатида қизиқтирмоқда. Ассоциациямиз Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бу борадаги барча ташаббусларига, агар улар мавжуд бўлса, қўшилишга тайёр.
Саноат ушбу қадамнинг иқтисодий оқибатлари билан қизиқмоқда ва қуйидаги саволларга жавоб олишни хоҳлайди:
- Маҳаллий бозорнинг дастлабки тадқиқотлари нуфузли халқаро тадқиқот агентликлари (масалан, Euromonitor) томонидан ўтказилганми, шунингдек, кўп факторли моделлар асосида қарорнинг оқибатлари ва натижалари сценарийларининг симуляцияси амалга оширилганми?
- Жамоатчилик муҳокамасисиз, соҳа вакилларининг фикр-мулоҳазаларисиз қабул қилинаётган бундай кутилмаган ва радикал қарорлар қай даражада мамлакат солиқ сиёсатини башоратли ва шаффоф қилади? Бу инвестиция жозибадорлигини шубҳа остига қўймайдими ва бу кейинги қисқа муддатли ва узоқ муддатли инвестицияларни тўхтатиб туриш ва бекор қилишга, бозор иштирокчиларининг ривожланиш режаларини қайта кўриб чиқишга олиб келмайдими?
- Ҳукумат саноатда иш ўринлари йўқолишининг ўрнини қандай қоплашни режалаштирмоқда?
Умид қиламанки, ҳукуматнинг очиқлиги тўғрисидаги қонун асосида бу саволларнинг барчасига тўлиқ, ҳар томонлама жавоб берилади.
Йиғилишда Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан:
- Қаҳрамон Усмонов – Солиқ сиёсати бошқармаси бошлиғи;
- Солиқ сиёсати бошқармаси ўринбосари;
- Билвосита солиқлар ва божхона тўловлари методологияси кафедраси мудири;
- Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги “Бюджет ва солиқ тадқиқотлари институти” илмий-тадқиқот институти вакиллари (директор, ўринбосари, менежер).
Йиғилишда Ўзбекистон алкоголсиз ичимликлар ва шарбат ишлаб чиқарувчилар уюшмаси номидан:
- Алфия Мусина – Ўзбекистон алкоголсиз ичимликлар ва шарбат ишлаб чиқарувчилар уюшмаси ижрочи директори;
- Нази Арипжанова – Жамоатчилик билан алоқалар ва коммуникациялар бўйича менежер, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, The Coca-Cola Company;
- Вячеслав Гнасевич – “International Beverages Tashkent” ХК МЧЖ бош директори;
- Александр Редковец – “International Beverages Tashkent” ХК МЧЖ маркетинг бўйича директори;
- Жасур Таджибеков – “Navruz International Corp” МЧЖ ҚК менежери;
- Константин Рекун – “Inter Food Plus” МЧЖ директори;
- Сед Адил Жафри – Coca-Cola Icecek Uzbekistan компаниясининг молиявий директори;
- Урмат Итибоэв – Coca-Cola Icecek Uzbekistan компаниясининг молиявий менежери.
Шарҳлар