Грузия ҳукумати деолигархизация режасини ишлаб чиқди. У нимани назарда тутади?
Грузия ҳукумати деолигархизация режасини ишлаб чиқди. Муҳим ўзгаришлардан бири сиёсий партияларни молиялаштириш билан боғлиқ. Шундай қилиб, режага кўра, юридик шахсларнинг сайловларга хайрия қилишлари тақиқланади, ҳар бир партия учун сарф-харажатлар чегараси янада қисқартирилади, партиялар ўз харажатлари бўйича ҳисоботларини эълон қилишлари шарт.
«Грузиянинг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётига шахсий манфаатларнинг ҳаддан ташқари таъсирини олдини олиш бўйича ҳаракатлар режаси» – бу мухолифат танқиди нишонига айланган ҳужжатнинг номи, чунки ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси аъзолари доимий равишда унинг яратувчиси Бидзина Иванишвили олигарх эмаслигини ва ҳақиқий олигархлар мухолифатчилар Давид Кезерашвили ва Мамука Хазарадзе эканлиги такрорлайдилар.
Ҳаракатлар режаси Венеция комиссиясининг тавсияларини инобатга олган ҳолда етти йўналиш бўйича ишлаб чиқилган.
Ҳаракат режасига нималар киради?
Коррупцияга қарши кураш (коррупциянинг барча шаклларига қарши курашни кучайтириш ва коррупциянинг олдини олиш, Европа Кенгашининг коррупцияга қарши кураш органи мониторинги жараёнини мувофиқлаштириш);
Давлат харидлари (давлат харидларида шаффофлик ва ҳисобдорликни ҳимоя қилиш);
Рақобат сиёсати (самарали рақобат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш);
Адолат;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш (жиноятлардан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши кураш сиёсатини кучайтириш, шу жумладан юридик шахслар ва шартномалар фаолиятининг очиқлиги, мулкдорлар ҳақидаги маълумотлардан ўз вақтида ва самарали фойдаланиш);
Сиёсий партияларнинг молиявий фаолиятини мониторинг қилиш;
Медиа (плюрализм ҳамда медиаларга эгалик шаффофлигини мустаҳкамлаш).
Бундан олдин нима бўлган?
2022 йилнинг ёзида Еврокомиссия Грузияга ЕИ аъзолигига номзод мақомини бериш учун 12 та шарт қаторига деолигархизацияни киритди.
12 июн куни Европа Кенгашининг Венеция комиссияси ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси томонидан тайёрланган деолигархизация тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича якуний хулосасини эълон қилди. Хулосада айтилишича, Грузия деолигархизация қонун лойиҳасини ҳозирги шаклда қабул қилмаслиги керак.
Кейинчалик, ЕИнинг Грузиядаги делегацияси, шунингдек, Венеция комиссияси томонидан тавсифланган хавфларни ҳисобга олган ҳолда, Грузияни деолигархизация тўғрисидаги қонун лойиҳасини ушбу шаклда қабул қилмаслик яхшироқ эканини айтди.
2023-йилнинг 8-ноябрида Европа Комиссияси баъзи изоҳлар билан Грузияга ЕИ аъзолигига номзод мақомини беришни тавсия қилди. Ушбу тўққизта банд орасида «Деолигархизация кўп тармоқли, тизимли ёндашув асосида амалга оширилиши учун деолигархизация билан боғлиқ амалдаги ҳаракатлар режасини такомиллаштириш» ҳам бор эди.
Ҳукмрон партия етакчилари айнан Венеция комиссиясининг тавсияларига ишора қилиб, асосий эътибор “шахсийлаштириш”га эмас, “тизимли ёндашув”га қаратилгани ва шунинг учун Венеция комиссиясининг хулосаси Бидзина Иванишвилига қўлланилмайди дейдилар.
Изоҳлар
Деолигархизация бўйича ҳаракатлар режаси Еврокомиссия билан яқин ҳамкорликда ишлаб чиқилган, деди парламент спикери Шалва Папуашвили. Сиёсий партияларни молиялаштиришга оид параграфда Венеция комиссияси ва ЙХҲТ/ДИРнинг фикрлари ҳам ҳисобга олинди.
Юридик шахсларнинг сиёсий партияларга хайрия қилишлари тақиқланиши масаласига келинса, Папуашвилининг сўзларига кўра, жисмоний шахслар учун белгиланган лимитни юридик шахслар орқали четлаб ўтиш хавфлари мавжуд:
“Юридик шахс яратиш, бир нечтасини яратиш, кейин эса белгиланган чегарани тақсимлаш ва хайрия қилиш осон. Умуман олганда, юридик шахсларнинг хайрия маблағлари ҳажми жуда кам. 2020 йилда партияларнинг умумий даромадлари/ҳайрияларининг атиги 3 фоизи юридик шахслардан келган”.
“Биз деолигархизация бўйича ҳаракатлар режасини ҳаводан олганимиз йўқ. Тақдим этилган муаммоларни биз ўйлаб топмадик. Бу Венеция комиссиясининг маслаҳати эди”, – деди депутат Анри Оханашвили журналистларга.
Мухолифат, унинг фикрича режага нима қўшиш ёки олиб ташлаш кераклигини далиллар билан исботлаши керак, деди у.
Консерватив партия раҳбари ва кўпчиликнинг собиқ аъзоси Звиад Дзидзигури «деолигархизация тўғрисидаги фармонлар, қонунлар ва бошқалар орқали биз мамлакатдаги вазиятни ўзгартира олмаймиз, чунки Бидзина Иванишвили етарлича ақлли одам, унга ҳеч қандай қоидалар қўлланилмайди.
«У кўп йиллар давомида буни қила олди ва келажакда буни давом эттиради», дейди Дзидзигури.
“Грузия орзуси” раиси Ираклий Кобахидзенинг айтишича, “олигарх муаммосини фақат қонунчиликдаги ўзгаришлар асосида ҳал қилиш мумкин эмас – олигархлар бугун сиёсатда ва эҳтимол ўзларининг сиёсий фаолиятини давом эттиришади”.
Кобахидзенинг сўзларига кўра, умуман олганда, қонунчилик ва ҳаракат режалари бу турдаги муаммоларни ҳал эта олмайди, гарчи режа асосида бироз олдинга силжиш мумкин.
Грузия президенти Саломе Зурабишвили деолигархизация бўйича ҳаракатлар режаси эълон қилинишидан уч кун олдин биринчи марта мамлакатнинг норасмий ҳукмдори ва “Грузия орзуси” партияси асосчиси Бидзина Иванишвилини “олигарх” деб атади.
Ле Монде нашрига берган интервюсида Зурабишвили деолигархизация ва Бидзина Иванишвилининг мамлакат сиёсатидаги ўрни ҳақида гапирди. Иванишвилини олигарх деб ҳисоблайсизми, деган саволга президент Иванишвилини Грузия сиёсатидаги ягона олигарх, деб жавоб берди.
Зурабишвилининг сўзларига кўра, Иванишвили Россияда бойлик орттирганидан бери Россиянинг икки қутбли дунёда ғалаба қозонишига ишонади ва ўз стратегиясини шунга мувофиқ қурган.
Зурабишвилининг фикрича, 2024-йилда бўлиб ўтадиган парламент сайловлари ва бир партиявий тизимнинг тугатилиши деолигархизация бўйича тавсияни амалга ошириш йўлидир. Президент, шунингдек, Грузияда ўттиз йилдан бери бир партиявий бошқарув тизими ҳукм сураётганини ва деолигархизация, ҳақиқий коалиция ва европапараст фронт билан «бизга имкон қадар эркин сайловлар керак» деган маънони англатишини таъкидлади.
Шарҳлар