,

Хитойнинг “таълим йўлидан” бораётган Марказий Осиё ёшлари билан нималар юз бермоқда

Образование в Китае
Фото: freepik.com

Илгари Марказий Осиё ёшлари оғир жисмоний меҳнат қилиш учун асосан Россия ва бошқа мамлакатларга кетаётган бўлса, ҳозирги ёш авлод хорижда таълим олиш имкониятларини излашга кўпроқ эътибор қаратмоқда.

Хитой раҳбари Си Цзиньпин 2022 йил кузида пандемиядан кейинги биринчи расмий чет эл сафари сифатида Марказий Осиёга боришга қарор қилди. Бир йил ўтгач, у Марказий Осиёнинг бешта давлат раҳбарини Сиан шаҳрида (Хитой) ўтказилган саммитга таклиф этди, бу эса Хитой билан минтақа ўртасидаги муносабатлар чуқурлашаётгани ҳақидаги таассуротни кучайтирди. Бундан ташқари, Пекин “Бир камар, бир йўл” ташаббусининг 10 йиллигини Марказий Осиё давлатлари билан, жумладан, Қозоғистон билан 16,54 млрд долларлик инвестиция ва савдо битимларини имзолаш орқали нишонлади.

Аммо шов-шувли кўрсаткичлар ортида Хитойнинг минтақа ҳаётига чуқурроқ аралашиши ёшлар ҳаётига ҳам таъсир қилмоқда. 2000-2017 йиллар давомида Хитой университетларига ўқишга кирган Марказий Осиёлик талабалар сони 144 мингдан ортиқни ташкил этди. Бу Хитой Марказий Осиё ёшлари миграциясига қанчалик кучли таъсир қилаётганини кўрсатади.

Пекиннинг 2015 йилдаги “Бир камар, бир йўл” бўйича “Тасаввурлар ва ҳаракатлар” деб аталган сиёсий ҳужжатида икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун академик алмашинувларнинг аҳамияти таъкидланган. 2017 йилдаги “Бир камар, бир йўл” лойиҳасида Хитойнинг олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлигининг аҳамияти янада кучайтирилганки, бу Пекиннинг 2050 йилга қадар олий таълим, фан ва технологиялар соҳасида етакчилик қилиш мақсадларини қўллаб-қувватлайди. Хитойнинг соғлиқни сақлаш ва рақамли соҳага инвестициялари баъзан “саломатлик ипак йўли” ва “рақамли ипак йўли” деб аталгани каби, таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлик баъзан “таълим ипак йўли” деб аталади.

Пекин мамлакат ичида стипендиялар орқали, шунингдек халқаро миқёсда Конфуций институтлари каби ташкилотлар орқали хитой тилини ўрганишни рағбатлантириш орқали Хитой ҳақидаги чуқурроқ тушунчани қўллаб-қувватлайди. 2023 йилга қадар Марказий Осиёда жами 13та Конфуций институти мавжуд эди: Қозоғистонда 5та, Қирғизистонда 4та ва Ўзбекистон ҳамда Тожикистонда 2 тадан.

Турли давлат стипендиялари талабаларни Хитойда ўқишга жалб қилмоқда — 2018 йилда хорижий талабаларнинг деярли 14 фоизи ХХР давлат стипендияларини олган. Ўқишни молиялаштиришни қоплашда турли стипендия дастурлари ва таълим муассасалари, жумладан, хитойлик университетлар, Хитой фанлар академияси ва Жаҳон фанлар академияси ҳамда Конфуций институти стипендиялари ва Хитой ҳукумати стипендиялари иштирок этади. Бу дастурларнинг кўпчилиги хитой тилини ўрганишни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

Бундай кўплаб дастурлар ва хитой тилини ўрганишнинг жозибадорлиги ҳатто Марказий Осиёда қора бозорларнинг пайдо бўлишига ҳам олиб келди. Айрим ҳолларда бу ерда сўровномада иштирок этган талабалар Тошкентдаги компаниялар ва алоҳида шахслар Конфуций институти ва бошқа стипендия ўринларини олиб, сўнгра “талабаларга сотишини” айтишган. 2023 йил сентябрь ойида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Қирғиз давлат миллий университети (ҚДМУ) ва Бишкек давлат университетининг (БДУ) икки декани Хитойда ўқиш учун стипендиялар рўйхатига киритиш эвазига талабалардан 900 АҚШ доллари миқдорида пора олишда айбланганлиги учун қамоққа олган.

Талабаларнинг айтишича, Хитой университетларида бундай амалиёт йўқ. Аксинча, агар хорижий талабалар юқори академик натижаларни кўрсатмаса, улар молиялаштиришдан маҳрум бўлишади. Фудан университетининг битирувчиларидан бири шундай дейди: “Менинг университетим дунёдаги энг яхши 50 та университетдан бири ва Хитойдаги энг яхши учта университетдан биридир. Фудан университетини муваффақиятли тугатиш учун катта ҳаракат талаб этилади. Биринчи курсда имтиҳон пайтида кўчиргани учун талаба стипендиядан маҳрум қилинган воқеаси бўлганди”.

Уч йил давомида Ковид-19 туфайли Хитойнинг узоқ вақт изоляцияда бўлганига қарамай, талабалар ўқишни бошлаш ёки давом эттириш учун мамлакатга кира олмаган бўлсалар-да, шундан кейин ҳам мамлакат Ковид-19 пандемияси бошланишидан олдинги даражасига яқин Марказий Осиёдан талабалар оқимини тиклашга муваффақ бўлди. CGTN маълумотларига кўра, 2023 йилда Хитойдаги ўзбек талабалар сони 8 000 кишидан ошди, 2023 йилда 4 000 га яқин тожик талабаси хитойлик университетларга қабул қилинган, шунингдек тахминан 15 000 қозоқ талабаси ўқийди.

Ёшлар нега таълим олиш учун Хитойни танламоқда?

Тошкентлик битирувчи учун, Хитойда етти йил давомида хитой тилини ўрганиб, бакалавриат ва магистратурада таҳсил олган, мазкур саёҳати хитой тили таржимонларига жуда яхши ҳақ тўланиши ғоясидан бошланган. “2012 йилда бобом Хитой компаниясида ишлаган эди, ўшанда таржимонга бир иш куни учун 300 доллар тўланарди. Ҳозирда ҳам бу катта пул бўлса-да, 2012 йилда у яна ҳам катта эди. Ҳозир хитой тилини билувчилар сони кўпайгани боис таржимон хизматларининг нархи анча пасайган”, дейди у.

Бошқалар учун Хитойга сафар алоқалар ўрнатиш ва ўз бизнесини бошлаш имкониятини берди, шунингдек халқаро муҳитда шахсан ривожланиш учун ҳам имкон яратди.

Респондентлар бир овоздан таъкидлашича, Хитойдаги таълим сифати жиҳозлар билан таъминлаш, маъмурий ишларни ташкил этиш ва билим бериш усуллари жиҳатидан Ўзбекистон ва Қирғизистондаги таълим сифатидан анча устун туради. Аммо айрим ўзбек ва қирғиз талабалар “уйғурлар тарихи ва ҳаракатлари билан боғлиқ тарих Хитой дастурларида табу ҳисобланади” ва “тарихий воқеалар Хитой фойдасига буриб талқин қилинади”, деб таъкидлашади.
Хитой таълими Ўзбекистондан келган аёл ва квир-талабалар учун ҳам қизиқарли рол ўйнайди. Ўзбек жамияти патриархал қарашлари туфайли ёш аёллар ва квир-одамлар Хитойдаги турмуш шароитларини уйдагисига нисбатан анча қулайроқ деб ҳисоблашади: “Ўқиш шарт-шароитлари ва молиявий қўллаб-қувватлаш ёш аёлларга жамиятдаги ролларини яхшироқ англашва мустақилроқ бўлиш учун ажойиб имконият беради”, дейди респондентлар аёллардан бири.

Бундай молиявий кўмакка қўшимча равишда ўқишга кириш талабларининг пастлиги Марказий Осиёдан келган, ўзини ривожлантириш ва карьера орзу-умидларини амалга оширишни истаган ёшлар учун хитой таълимини осонга эришиладиган қилмоқда — ҳатто уларнинг айримлари дастурлардаги ХХР нарративларини танқидий баҳолашда давом этмоқда.

Таълимдан кейинги тажриба

Хитой таълими маҳаллий таълимдан сифат жиҳатдан устун турса-да, иш бозорига чиққанда ўзбек талабаларнинг тажрибаси қирғиз талабаларникига нисбатан фарқ қилади, охиргилар учун эса бу тажриба аччиқ ҳисобланади.

Қирғизистондаги имкониятлар ва иш ҳақи кутилганидан пастроқ бўлса-да, Ўзбекистонда сўровдан ўтказилганларнинг умумий фикри шундай: “Хитой таълими олган ёшлар ишсиз ўтирмайди — улар ўртача иш ҳақидан юқори турғун иш ва даромад олади”. Бу хитой тили факультети битирувчилари учун Ўзбекистонда ёзма ва оғзаки таржимонликдан тортиб, то маъмурий вазифалар ва ўқитиш каби кенг қамровли касб-ҳунарларни англатади. Бунинг сабаби Ўзбекистонда фаолият юритаётган ва/ёки Хитой молиялаштириб келаётган кўплаб Хитой корхоналарининг мавжудлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин — 2022 йил охирига келиб уларнинг сони 2141 тани ташкил  этган.

Ўзбекистондаги энг йирик хитой корхоналаридан бири Huaweiда ишлаган собиқ ходим Хитой дипломи туфайли компанияда ишга жойлашиш ва карьера ўсишимиздаги муваффақиятли тажрибасини биз билан улашди: “Мен ташқи логистика мутахассиси лавозимига ариза берган эдим, аммо дарҳол муҳандислик бўлимига йўналтирилдим, кейин эса молия бўлимига ўтказилдим”. Бошқа бир респондент қўшимча қилдики, Ўзбекистондаги хитойлик иш берувчилар Ўзбекистон университетлари рейтингидан кўра, Хитой университетлари рейтинги билан яхшироқ таниш бўлиб, бу Хитой ОТМлари битирувчилари учун афзаллик беради.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати хорижий дипломли ёш мутахассисларга моддий ёрдам кўрсатмоқда. Ҳукумат қарорга кўра, дунёнинг энг яхши 500 та университети рўйхатига кирувчи нуфузли университетлар битирувчиларига ҳар ойда мукофот пули тўланади.

Ўзбекистон хитой тилини билувчи ёш мутахассисларни қўллаб-қувватласа, Хитойда таълим олган қирғиз ёшлари таълимдан кейин, Хитойда қолиш ва карьера қуриш истагига қарамай, ўзларини иш қидириш учун Хитой бозорига чиқишга етарли “ишончли ва рақобатбардош” деб ҳисобламайди. Уларнинг кўпчилиги учун бу ғоя Ковид-19га қарши Хитойдаги чеклов чоралари чўзилиб кетгани туфайли катта зарар кўрди.

Чет элга сакраш трамплини

Кўплар учун Хитойда бўлиш тажрибаси бошқа мамлакатларда яшаш имконини очди. Шанхай университети битирувчиси “Хитойда бўлиш тажрибаси миграция қилиш имкониятларига кўзимни очди — мен мустақил яшай оламан”, деб қўшимча қилади. Кўплаб ёшлар учун Хитойда таълим олиш бошқа мамлакатларда ўқиш учун аризаларини рақобатбардошроқ қилади.

Айрим респондентлар учун Хитойда бўлиш тажрибаси ҳаёт даражасининг юқорилиги ҳақида тасаввур берди. “Ўзбекистондаги ҳаёт сифати паст — бу жуда консерватив жамият”, дейди битта респондент, у Германияда ўқишни давом эттиришга қарор қилган ва доимий яшаш учун хорижга кўчишга қарор қилган. Суҳбатлашган ёш аёллардан бир нечтаси Марказий Осиё жамиятларида мавжуд гендер камситишлар ҳақидаги ўхшаш хавотирларини билдирди, бу уларни Хитойда қолишга ёки ғарб мамлакатларига кўчиб ўтишга ундади.

Минтақада хитой тилини билувчи ёшлар сонининг кескин ортиши БААда иш имкониятларини қидириб кўчиб бориш тенденциясини ҳам келтириб чиқарди. БААда иш тажрибасига эга респондентлар Хитойда таълим олган турли мамлакатлардан келган ёшларни ишга таклиф қиладиган кўплаб эълонлар хитой ва рус тилларини билувчи ходимларга талаб савдо марказлари ва турли дўконларда хитой тилини гапирувчи сайёҳларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ кўплаб вакансиялар туфайли мавжудлигини айтишди. БААдаги ХХР элчисининг сўзларига кўра, Дубай аҳолисининг 4 фоизини, яъни тахминан 400 000 кишини хитойликлар ташкил этади.

Аммо Дубайга кўчи ўтиш ҳақидаги айрим эълонлар шубҳа уйғотади – Дубайда яшовчи Қирғизистонлик респондентлар тасдиқлашича, бу таклифларнинг кўпчилиги Хитойда таълим олган турли мамлакатлар ёшларини ишга таклиф қиладиган қонуний бўлмаган Хитой компанияларидан келмоқда.

Аввалги йилларда, асосан, Марказий Осиё ёшлари оғир жисмоний меҳнат қилиш учун Россия ва бошқа мамлакатларга кўчиб кетаётган бўлса, ҳозирги ёш авлод таълим олиш имкониятларини қидиришга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Тобора кўпроқ Марказий Осиёликлар бу имкониятларни Хитойда изламоқдалар. Кўпчилик хорижий талабалар фақат тил ўрганадилар, бошқалари эса Хитой ҳақида ижобий таассурот олиш учун келгандай ҳис қилишади, аммо камида ўзбек талабалар учун бу тажриба, ўз ватанида хитой компанияларида ишлаш учун катта имкониятлар очиши мумкин.

Хитойда дунёнинг турли бурчакларидан келган хорижий талабалар ҳамда меҳнат мигрантлари яшаётган хилма-хил муҳитда бўлиш талабаларга янги ривожланиш имкониятларини очади. Шу маънода, Хитой юқори маошли иш ва уйдагидан кўра қулайроқ ҳаёт топишни истаган ёшлар учун кейинги миграция учун трамплин вазифасини ўтайди.

Адина Масалбекова – мустақил тадқиқотчи (Бишкек) 

Нигора Тангатарова – ўзбекистонлик тадқиқотчи. Шарқий Хитой педагогика университетида халқаро муносабатлар соҳаси магистри

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.