Интернетдаги фирибгарлар, ёлғондан пул ютиб, чув тушаётганлар қисмати / Anhor.uz суриштируви
“Мен “Ўзбекистонинвестуз”га 1 млн 250 минг сармоя қилгандим, 1 соат ичида 19 млн 693 минг сўм пул ютиб олдим”.
“Бугун Акмалов Муҳаммадга депозит қилган эдим, 2-3 соатда пулимни кўпайтириб, картамга ҳеч қандай муаммосиз ташлаб берди. Раҳмат, хурсандман, Аллоҳ рози бўлсин сиздан ака, ишларингизга омад”.
Бу сўзлар ижтимоий тармоқларда исми-фамилияси, манзили ноаниқ бўлган трейдинг орқали гўё катта маблағ ютган фуқароларга тегишли.
Осон пул топиб, тирикчилик қилиш пайида юрган фуқароларга нажотдек кўринаётган “Halol pul ishlash”, “Kamolov invest”, “Akmalov Muhammad”, “Uzbek Treyder”, “Uzbekinvest”, “Halol sarmoyadorlar” каби ном остида фаолият юриб келаётган Телеграмдаги минглаб обуначиларга эга каналлар ўз контентларида шоҳона ҳаётни кўрсатмоқда. Натижада фуқаролар сохта трейдингга қизиқиб канал админларига ўртача 300 мингдан 5 млн сўмгача инвестиция қилиб 6 млндан 25 млн ва ундан ортиқ маблағгача ютиб беришни ваъда қилмоқда. Қизиқарли томони шундаки, шунча пулни атига 60 дақиқа ичида ютиш ва ўзлаштириш мумкин. Албатта, бу ҳаммани қизиқтирмоқда.
Жумладан, таҳририятимиз журналисти ҳам буни қандай амалга ошишига қизиқиб канал админлари билан қизиқувчан янги мижоз сифатида боғланди. Телеграмда анча фаол бўлган “Узбекинвест” каналининг “Халққа ёрдам” номли админига биз ҳам трейдинг орқали кўпроқ пул топишни истаётганимизни билдирдик ва шартлари билан танишдик. Админ бизга қуйидаги жадвални юбориб, ягона шартни тушунтирди: “Сиз манга тўлов қиласиз ман уни кўпайтириб бераман “опший” кетадгон вақт 60 дақиқа бизада хаммаси тез ва ишончли”.
Ишончли эканига шубҳа билдирмаслигим учун ушбу фаолият билан шуғилланишга асос, сертификат, лицензия ёки шунга ўхшаш қонуний кучга эга ҳужжат сўраганимиздан админнинг ўзи бу ишлари қонунга хилоф эканлигини билдирди.
Тажирба сифатида яна бир “Иброҳим трейдер ҳалол инвест” номли телеграм админи билан боғланганимизда у ҳам айнан 60 дақиқада катта фойда олишимизни айтиб, ишонч учун бизга қуйидаги “ҳужжат”ларни тақдим этди.
Пул ўтказишга тайёрлигимизни билдирганимиздан сўнг эса, бизга “Иброҳимов” номидаги шахсий банк пластик картаси рақамларини юборди. Маълум вақт ўтгандан кейин эса карта блокланиб қолганини кўрдик.
Бундай алдов ва товламачилик билан шуғулланаётганлар ҳам унга қурбон бўлиб, пешона тери билан топган пулини осон кўпайтираман деб боридан айрилаётган сода инсонлар ҳам кўп. Қопқондаги текин ўлжага чанг солиб тузоққа тушган фуқаролар ИИВ ходимлари билан тез-тез учрашишга мажбур бўлади. Мавзуни ўрганиш давомида тўпланган саволларга ИИВ тезкор қидирув департаменти кибир хавфсизлик маркази масъул ходими Азизбек Иргашев жавоб берди.
Аслида кибер жиноят нима ва у қандай содир этилади?
Кибир жиноят ва жиноят тушунчасини оддий мисол билан тушунтириш мумкин. Агар хонага кириб, компьютерни эгасидан сўроқсиз оладиган бўлсам, бу жиноят ва бу реал маконда амалга оширилмоқда. Шу маънода унинг асоратлари (бармоқ изи, кузатув камераси ёзувлари, гувоҳлар) қолади. Аммо кибир жиноятда из қолмоқда. Унда чегара муҳим эмас. Дунёнинг бошқа бир нуқтадан туриб жиноятни амалга ошириш мумкин.
Трейдинг нима?
Трейдинг – бу молиявий бозорлар, жумладан, акциялар, валюталар ёки криптовалюталар билан савдо қилиш жараёнидир. Савдогарлар (тредерлар) активларни арзонроқ нархда сотиб олиб, қимматроқ нархда сотишга ҳаракат қилишади. Мақсад – бозор ўзгаришларидан фойда кўриш. Бу фаолият юқори даражадаги билим талаб қилади.
Бундай каналлар кўпайиб, аудиториясининг кенгайиб боришига асосий сабаблар нимада?
Канал админлари жамиятимизнинг диний эътиқоди, яшаш тарзи, меҳнат фаолияти, иш турнинг оғирлигидан келиб чиқиб, қилаётган ишларининг осон ва сердаромад эканлигини яхши тарғиб қилмоқда. Шунингдек, машҳур инсонларининг юз қиёфаси, овозини сунъий интеллект ёрдамида сохталаштириб, уларнинг обуначиларини хизматларига қизиқтиряпти.
Чиндан ҳам трейдинг орқали 60 дақиқа ичида 5 млн сўмни 25 млнгача кўпайтириш имкони борми?
Йўқ, бу нарсани иложи йўқ. Бу ёлғон. Халқимизда гап бор-ку, текин пишлоқ фақат қопқонда бўлади. Қопқонга тушганингиз қолади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, буни иложи бўлса, кимнидир пулини кўпайтириб бергандан кўра ўзи ва яқинларининг маблағини сармоя қилгани яхши эмасми?
Агар бу бизнеслар ёлғон бўлса, гуруҳ ва каналларда “мен пул ютиб олдим, админларга раҳмат” деб чиқаётган одамлар қаердан чиқмоқда?
Кўпчиликни мана шундай саволлар қизиқтиради ва баъзилар ишонади ҳам. Админлар одатда пулга муҳтож ёки бошқа рағбатлантириш эвасига фуқаролардан мана шундай видео тайёрлатиб олишади. Шунингдек, умуман бошқа давр ва маконда суратга олинган видеодан сунъий интеллект орқали ўзлари хоҳлаган видеони ясаб тарқатган ҳолатлар ҳам мавжуд.
Шундай ҳолатларда, фуқаролар ўзлари била туриб, маблағ эвазига видео тайёрлаб берган бўлса, уларга қонуний чора кўриладими?
Албатта ёлғон маълумот тарқатиш билан жазоланади. Ўзбекистон Республикаси ЖК ва МК да белгиланган тартибда жиноий жавобгарликка тортилади.
Тармоқларда мавжуд каналлар турли хил алдовлар орқали фуқароларнинг ишончига кириб, уларнинг маблағларини ўзлаштираётгани, жабрланганлар, каналлар ва уларнинг админлари аниқ. Нега уларнинг фаолиятига чек қўйилмаяпти?
Бу каби масалалар юзасидан тегишли ташкилотлар иш олиб бориб, ҳолат юзасидан аниқлик киритилиб каналлар блокланади. Ўзбекистон ҳудудида жиноят содир этган шахсларга нисбатан чора кўрилади. Аммо хориждаги фирибгарларга тегишни каналларнинг бири блокланса, бошқасини очиб фаолиятини давом эттирмоқда. Аммо бу билан жиноятчилик камаймайди. Бу йўналишда энг самарали иш аҳолининг медиасаводхонлигини оширишдир. Ахборий хуружларга қарши иммунитетни ҳосил қилиш, бу каби кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олишга ёрдам беради.
Фирибгарларнинг тузоғига тушган фуқаролар тегишли идораларга мурожаат қилгандан сўнг уларнинг маблағлари қайтариб берилиши мумкинми?
Аввало алданган улар. Лекин вазият ўрганиб чиқилиб, фирибгар қўлга тушгандан сўнг, қонунда белгиланган тартибда ундириб берилади. Аммо чет элда турган ҳолда, жиноятни содир этган бўлса, вазият анча қийинлашади. Бу ҳолатда ваколатдан келиб чиқиб жабрланганларга ёрдам беришга ҳаракат қиламиз.
Чиндан ҳам тармоқларда шундай қонуний трейдинг орқали пулни кўпайтириб берадиганлар бўлса, фуқаролар улардан қандай расмий ҳужжатлар талаб қилиши керак?
Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. Ундай инсонлар сизга турли хил паспорт, сертификат каби ҳужжатларни ташлаб беришади. Лекин уларнинг кўпчилиги ҳақиқий бўлмайди. Паспорт маълумотлари бошқа одамга, унинг сурати бошқа одамга тегишли бўлиб чиқади.
Агар сиз билан ҳам мана шундай вазиятлар юзага келса, 102 ёки 1102 ишонч рақамларига қўнғироқ қилишингиз ёки ўз ҳудудингиздаги ички ишлар бошқармаси биносига борган ҳолда ариза топширишингиз мумкин. Аризангиз белгиланган муддатда кўриб чиқилади.
Чиндан текин пишлоқ, қопқонда. Меҳнат билан, касб-ҳунарнинг ортидан топилган ноннинг таъми эса тотли бўлади. Шундай турли ёлғонларга алданиб, фирибгарлар тузоғига тушмаслик учун бугун ҳушёр, медиасаводхон бўлиш талаб этилади.
Агар ҳаётингизда мана шундай чув тушган бўлсангиз ўз ҳикоянгизни бининг ботимизга (https://t.me/RedAnhorBot) юборинг. Муаллиф маълумотлари сир тутилиши кафолатланади.
Илҳомжон Собиров
Шарҳлар