Ишбилармонликка бағишланган адабиётлар ривожланиш ва интеграциянинг йўлбошловчиси сифатида
Ўзбекистон китоб савдоси соҳасида ажойиб тенденция юзага келди – ишбилармонликка бағишланган адабиётлар тобора оммалашиб бормоқда. Кўпинча Тошкент китоб дўконига кирганингизда бундай китоблар тахланган жавонлар ва ҳатто бутун бир шкафларга кўзингиз тушади. Мамлакат иқтисодиёти учун бу, албатта, яхши аломат, чунки бу Ўзбекистон бизнеси жаҳон иқтисодиёти сари қадам ташлашга ва ўз фаолиятини жаҳон андозалари асосида қуришга тайёр эканлигидан ишончли далилдир.
Ушбу мақолада муҳокама қилинадиган ишбилармонлик адабиётлари бу менежмент, мотивация, жамоани шакллантириш ва мотивация, бизнес жараёнлари психологияси, янги бошқарув ва иқтисодий трендлар бўйича китоблардир. Кўпинча бу мавзулар аниқ мисол билан биргаликда кўриб чиқилади – алоҳида корпорация тарихи ёки номи аллақачон бутун дунёга маълум бўлган Стив Жобс, Илон Маск, Ричард Бренсон каби ва бошқа нуфузли бизнесменларнинг таржимаи ҳоли.
“ Ўзбекистонда ишбилармонлик адабиёти бозори сезиларли ўсишни кўрсатмоқда, – дейди “Topar.uz “ китоб дўкони асосчиси ва эгаси Аббос Холмуродов. “Биз тўрт йил аввал ўн бешта ном билан бошлаганмиз. Булар Стивен Ковининг «Самарали одамларнинг 7 одати» ёки Чан Ким ва Рене Моборннинг «Мовий океан стратегиялари» каби таниқли китоблари бўлиб, улар асосан ишбилармон дўстлар томонидан тавсия этилган. Кейин биз ассортиментни сезиларли даражада кенгайтирдик”.
Айни дамда “Topar.uz”дўконида ишбилармонлик адабиётлари кираверишнинг ўнг томонидаги деворга қўйилган полдан шифтгача бўлган бир нечта шкафларнинг жавонларини эгаллаб турибди. Кичик дўконларда, эҳтимол, унчалик кўп бўлмаслиги мумкин, лекин сиз барибир унинг ёнидан бепарво ўтолмайсиз.
Албатта, Ўзбекистон Республикаси бундай тенденция кузатилган биринчи давлат эмас. Европада бу турдаги адабиётларни истеъмол қилишнинг кескин ўсиши ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталарида содир бўлди, 1991 йилдан кейин эса собиқ СССР мамлакатларида кўплаб шундай китоблар пайдо бўлди. Ишбилармонлик адабиёти муаллифлари орасида америкалик муаллифларнинг устунлиги ушбу жараённинг ўзига хос хусусияти бўлганди.
Эҳтимол, бундай вазиятда кимдир буни маданий ёки ҳатто иқтисодий экспансия сифатида талқин қилиш васвасасига тушиши мумкин, аммо ҳамма нарса бироз мураккаброқ.
“Супермаркетда, дейлик, Қаршидаги супармаркетда яхши ишлайдиган одам, , Паттаянинг бирон бир жойидаги супермаркетни яхши бошқара олади. Бизнес жараёнлари ҳозир бутун дунёда жуда унификациялашган”, – дейди IT -тадбиркор ва иқтисодчи Нигора Оқилова.
Дунё бўйича ишбилармонлик адабиёти машҳурлигининг ўсиши глобаллашув натижасидир, буни Ғарб трансмиллий корпорацияларининг дунёнинг барча бурчакларига кириб бориши жараёни сифатида тушунмаслик керак. Гап халқаро меҳнат тақсимотининг шаклланиши ҳақида бормоқда, бу халқаро ҳамкорликни муқаррар ва ўзаро манфаатли қилади. Бошқача қилиб айтганда, ишбилармонлик адабиётининг машҳурлиги ортида бутун дунёни қамраб олган бошқарувга ёндашувларни бирлаштириш ётади.
Агар бирор давлатда, масалан, Ўзбекистонда ишбилармонлик адабиёти оммабоплиги ошиб бораётган бўлса, демак, ўзбек компаниялари ва ўзбек тадбиркорларининг халқаро ҳамкорликка қўшилишга, ўз манфаати ва ҳамкорлар манфаати йўлида халқаро меҳнат тақсимотининг бир қисми бўлишга тайёрлигидан далолат беради, деб тахмин қилишга ҳақлимиз.
Америка Қўшма Штатларидаги машҳур ишбилармонлик адабиётлари рўйхати ва Ўзбекистон тадбиркорлари томонидан тузилган тавсиялар рўйхатини солиштирсак , жуда таъсирли тасодифларни кўришимиз мумкин. Масалан, у ерда ҳам, у ерда ҳам биринчи ўнталикда Стивен Кови ва Роберт Кийосакининг «Бой ота, камбағал ота» номли юқорида тилга олинган бестселлер китоби жой олган.
Ишбилармонлик адабиётининг асосий хусусияти шундаки, унинг муаллифлари илмий эмас, балки оммабоп жанрларда китоблар ёзишга йўналтирилган. Бироқ, бу уларнинг бугунги кунда жаҳон иқтисодиёти ва ишбилармонлик ҳаётида кечаётган жараёнларга муносиб ва муваффақиятли мослашиб ҳаракат қилишига ҳеч қандай тўсқинлик қилмайди.
“Ишбилармонлик адабиётида рақобат жуда юқори. Бу бозорда фойда келтирмайдиган нарсани илгари суриб бўлмайди”, – дейди Нигора Оқилова. “Ишбилармонлар, таърифига кўра, жуда амалий ва жуда банд одамлардир. Уларнинг кўпчилигининг ўйин-кулги учун китоб ўқишга на одатлари, на вақти бор. Баъзида ишбилармонлик китоби ўртача бизнесмен чин дилдан ўқиган ҳаётидаги биринчи китобга айланади. Шунинг учун у чуқур таъсир кўрсатиши мумкин. Баъзан ўқувчининг фикрини том маънода ўзгартириб юборади, кейин у ўқиганларини амалда қўллашни ва бизнесини ислоҳ қилишни бошлайди.
Агар кичик тадбиркорлар дўстларининг маслаҳати билан ўқиса ёки ўз бизнесининг ҳозирги эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда танлов қилса, у ҳолда Ўзбекистондаги йирик ташкилотларда (Аббос Холмуроднинг сўзларига кўра, булар асосан банклар) ишбилармонлик адабиётини ўқиш, аслида, аллақачон корпоратив маданиятнинг бир қисмига айланган. Уни туғилган кун ёки Янги йилда совға қилишади.
“Бизда 25 дан 30 декабргача корпоратив мижозларга энг юқори сотувлар мавжуд. Биз китобларни корпоратив кечалар ўтадиган офис ёки ресторанларга етказиб берамиз, – дейди Аббос Холмуродов.
Ўзбекистондаги айрим раҳбарларнинг ўзлари ўқиган адабиётларини қўл остидагиларга қайтадан айтиб беришади.
Нигора Оқилованинг айтишича, офисларда кўпинча махсус жавонлар, мини кутубхоналар пайдо бўлиб, у ердан исталган ходим ўзини қизиқтирган китобни олиб кетиши мумкин. «Мен одатда совға сифатида олган барча ишбилармонлик китобларимни шу ерга олиб келаман», дейди у.
Аббос Холмуродов ҳар бир бўлимда биттадан шундай мини-кутубхоналар кўпроқ бўлиши кераклигига ишончи комил -: “HR бўйича мутахассис савдо ҳақида, маркетолог эса жамоавий иш ҳақида ўқимайди. Ҳар кимнинг ўз эҳтиёжлари бор.»
Шуни таъкидлаш керакки, ҳозирги ишбилармонлик адабиётлари оқимидаги китобларнинг муҳим қисми америкаликлар томонидан ёзилган ва, албатта, Америка бизнесидан мисоллар асосида ёзилган. Бошқа қитъалар ва бошқа мамлакатларда бу тажрибани узатишда ўз нюанcлари, ўз тўғаноқлари бўлиши мумкин.
Бироқ, бу муаммолар барибир ҳал қилиб бўлмайдиган муаммолар эмас.
Нигора Оқилова таъкидлаганидек, бу муаллифларнинг кўпчилиги турли мамлакатлардан бўлиб, ўзларининг тарихий ватанлари билан алоқада. Агар бу алоқа етарли бўлмаса ёки умуман бўлмаса, биз маҳаллий муаллифлар томонидан тўлдириладиган бўш жойни оламиз. Бу ҳолда, гап нафақат Европа ва замонавий Россия ҳақида бормоқда. Худди шундай ҳолатни ислом оламида, масалан, ўз миллий ишбилармонлик адабиёти юз йилдан ошиқ вақтдан бери мавжуд бўлган Мисрда ҳам кузатишимиз мумкин.
Бунинг аҳамияти – келинг, уни шартли равишда «американики» деб атаймиз – ишбилармонлик адабиётининг жиҳати шундаки, унинг муаллифлари, қоида тариқасида, ўқувчига ўз ҳаёти ва муваффақияти учун жавобгарликни ўз қўлларида олишни таклиф қиладилар ва шунга мос равишда муайян усуллар ёрдамида ўз муаммоларини ҳал қилишни таклиф қиладилар. Дарҳақиқат, ишбилармонлик адабиёти ўз табиатига кўра амалий психология ва ўз-ўзига ёрдам беришнинг барча турлари бўйича адабиётлардан ажралмас бўлиб, бу уни нафақат бизнесда, балки ҳар қандай бошқа соҳада хабардорликни ошириш ва масъулиятни ошириш, шу жумладан жамиятдаги маълум иқлимни яратиш учун фойдали қилади.
Чет элда ишбилармонлик адабиёти муаллифларининг тавсияларидан нафақат бизнесда, балки давлат институтларида ҳам жамоани рағбатлантириш ва бирлаштириш учун жуда муваффақиятли фойдаланилган ҳолатлар бўлган. Агар бундай раҳбар масъулиятли раҳбарлик тамойилларини тан олса ва улар асосида қўл остидагилар учун адабиёт танласа, бундай ёндашув, албатта, зарар келтирмайди.
Шунга кўра, Ўзбекистондаги ишбилармонлик ҳаётида тажриба орттирар эканмиз, тез орада мамлакатимиз муаллифлари томонидан ёзилган китоблар пайдо бўлишини кутишимиз мумкин. Баъзи дастлабки шартлар аллақачон мавжуд. Фируз Аллаев томонидан яратилган “Asaxiy Books” нашриёти ишбилармонлик адабиётларини ўзбек тилига профессионал ва самарали таржима қилмоқда, бундан ташқари, Аббос Холмуродовнинг кузатишларига кўра, Ўзбекистоннинг таниқли ишбилармонлари ўз таржимаи ҳолларини ёзишга киришган. Сабр қилиш ва бироз кутиш қолди, холос
Гафар Ризаев
Фойдаланилган адабиётлар
Holton V. Trends in International Business Thought and Literature: Who’s Reading What? An International Survey of Popular Management Books// The International Executive, Vol. 36(3) pp. 365-376 (May/June 1994).
Jackson. Bradley G. Art For Management’s Sake? The New Literary Genre of Business Books//Management Communication Quarterly, Vol. 14, No. 3, pp. 484-490 (February 2001).
Kenney Jeffrey T. Selling Success, Nurturing The Self: Self-Help Literature, Capitalist Values, And The Sacralization Of Subjective Life In Egypt Author// International Journal of Middle East Studies, Vol. 47, No. 4 (NOVEMBER 2015), pp. 663-680
Xardel D. Trends in Business Thought and Literature//The International Executive, Vol. 34(1) pp. 103-106 (January/February 1992).
Шарҳлар