Маҳаллаларнинг келажаги қандай бўлиши мумкин
26 октябрь куни Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси архитектура ва қурилиш соҳасининг экспертлари иштирокида конференция ташкил қилди, унда Тошкентнинг “Бўлғуси маҳаллалари” концепцияси муҳокама қилинди.
Конференциянинг асосий мақсади аҳоли орасида маҳалла мавзусини ўзбек халқининг, мамлакат меъморчилик ва ижтимоий меросининг замонавий жаҳон стандартлари талабларига мувофиқ сақланиши зарур бўлган муҳим маданий қадриятларидан бири сифатида ёритишдан иборат бўлди. Ваколатли маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирокида замонавий шаҳар ҳудудида маҳаллаларни тўғри, уйғун сақлашнинг самарали механизмлари муҳокама қилинди. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ишлар бўйича миллий комиссияси, Қурилиш вазирлиги ҳамда Туризм ва спорт вазирлиги ҳамкорликда ушбу тадбирнинг ташкилотчиларига айланди.
Шунингдек унда Цюрих Олий техника мактаби (ETH Zürich) талабалари гуруҳи томонидан ўтказилган тадқиқотлар ва дала ишларининг натижалари муҳокама қилинди. Айтиш жоизки, ушбу ишлар «La Biennale di Venezia» Архитектура биенналесининг Миллий павильони лойиҳасига тайёргарлик доирасида амалга оширилган.
Тошкентнинг Хаст-Имом, Ҳофиз Кўхакий, Абу Бакр Шоший, Қуштут, Чиғатой Дарвоза, Эски Шаҳар, Намуна, Гузарбоши, Ҳазрати Имом, Ачабод, Гуруч Ариқ, Қорасарой, Хончорбоғ ва Гулбозор маҳаллалари базасида тарихий-маъмурий қўриқхонани яратиш лойиҳаси контекстида Тошкентнинг бўлғуси маҳаллалари мавзуси муҳокамалар марказида бўлди.
Муҳокамалар давомида маҳалла миллий урф-одатларни сақлаш имконини берадиган ўзига хос қадрият эканига қўшилмайдиган томон топилмади.
Цюрих Олий техника мактабининг архитектура ва дизайн бўйича профессорлари ўз фикрини билдирди: Маҳалла қандайдир бир динамик жой эканлиги, қандайдир бир маънода Ўзбекистон шаҳарлари тураржой тузилмасининг ДНКси сифатида ўзига жалб қилади. Унда дов-дарахтлар, маиший ҳаёт ва фермерлик фаолияти уйғунлашиб кетган. Шунингдек улар буни қандай сақлаш ва Тошкентнинг замонавий порлоқ келажагига айлантириш мумкин, деган саволин ўртага ташлайди. Тадқиқотлар давомида улар ёзилган товушлар, маҳаллага бағишланган санъат асарлари ва фотосуратлардан иборат китоблар рукнини чоп этишди ҳамда Олмазор туманида маҳаллаларни сақлаш бўйича бош режани ишлаб чиқишди.
Архитектура доктори, профессор Абдуманноп Зиёевнинг қўзларига кўра, Тошкентнинг эски шаҳар қисмини асраш бўйича шаҳарсозлик концепцияси мавжуд эмас. Бу, ўз навбатида, Тошкент маҳаллаларининг ўзига хос хилмахиллиги йўқолишига олиб келмоқда.
Архитектура доктори Мавлуда Юсупованинг қайд этишича, Тошкент маҳаллалари Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан фарқли ўлароқ ўзининг аутентиклигини кўпроқ сақлаб қолгани учун ҳам ноёбдир, шу боис ҳам тарихий меъморий қўриқхона сифатида сақланишга эҳтиёжи бор.
Таклиф қилинган санъатшунос Борис Чухович эски шаҳарни асраш бўйича ўз шубҳаларини билдирди ва буни Тошкентни шаҳарсозлик бўйича ривожлантириш ва архитектура ёдгорликларини сақлаш ўртасидаги ҳаракатларнинг тарихий номувофиқлиги билан асослади. Бу, ўз навбатида, Тошкентнинг эски шаҳар қисмини бузиш ва сақлаш бўйича бир неча бор зиддиятларни келтириб чиқарган.
Мустақил эксперт ва лингвист Алексей Улько бу борада қизиқарли қикрни билдирди. Унинг фикрича, “маҳалла” атамаси бир-бирига зид тушунчаларни ўз ичига олган бўлиб, ноаниқ характерга эга. Бу эса тўртта муаммога олиб келмоқда:
- Биз “маҳалла”га қандайдир бир сифатларни, кўзга ташланмайдиган чуқур воқеликни нисбат қилиб беряпмиз ва биз учун айнан шу яширин моҳият муҳим деб ҳисоблаяпмиз.
- Биз “маҳалла” атамасини ҳаддан ташқари миллийлаштиряпмиз, ҳолбуки у азалдан Ўрта Осиёники эмас. Масалан, Грецияда, Бангладешда, Эрон ва ҳатто Руминияда ҳам ўзига хос маҳалла концепциялари мавжуд.
- Ўзбекистондаги “маҳалла” атамасини тушунишга қадам-бақадам ёндашиш ўрнига, биз бир нарса ҳақида гапираверган ҳолда “янгидан велосипедни кашф қиляпмиз”. Ҳолбуки, ушбу мавзуда илмий тадқиқотларни ўтказиш оқилона иш бўларди.
- Биз “маҳалла”га жонли жараён сифатида, вақт ўтиши билан ўзгарадиган қандайдир бир шаҳар ячейкаси сифатида етарлича қарамаяпмиз ва буни қарорлар қабул қилиш пайтида инобатга олмаяпмиз. Шу боис ушбу мақсад учун мос келадиган тадқиқот методини танлаш лозим.
Ҳақиқатдан ҳам, юқорида санаб ўтилган барча экспертларнинг фикрлари эътиборга лойиқ, айниқса, “архитектура йўналиши”да бўлмаган экспертларнинг фикрлари. Масалан, мавжуд шаҳарсозлик нормаларига туфайли (ШНК 2.07.01-03*), биз “квартал”, “микротуман” ёки “коттеж уйлар зонаси” терминлари нимани англатишини аниқ тушунамиз.
Бироқ бу нормаларда “маҳалла” терминининг маъноси тавсифланмаган: бу 300 метргача хизмат кўрсатиш радиусига эга “бирламчи тураржой маскани маркази” ва “магистраллар орасидаги ҳудуд” деган ёзувлар бор, холос. Шунингдек, ушбу тураржой тузилмаси ниманинг ҳисобидан ва ниманинг ёнида шаклланиши ҳам тилга олинмайди. Шу муносабат билан коттеж уйлар ҳудудини, квартал ичидаги уйлар гуруҳини ёки масалан, “вертикал маҳалла” концепцияси ҳисобланган “Марварид” биносини тўлақонли маҳалла деб айтишимиз мумкинми?
Шу боис тилшунос Алексей Ульконинг фикри Ўзбекистон шаҳарсозлигида “маҳалла” атамасининг тўлақонли шаклланиши учун жуда муҳим ҳисобланади.
Шунингдек, бўлғуси Тошкентнинг иқтисодий моделида маҳаллаларнинг роли ҳам ноаниқ. Урбанизациялаш аҳолининг шаҳарга миграциясини кўзда тутади, бунда тўғри режалаштирганда, ерга бўлган талаб фақат ошиб боради. Шу билан бирга, шаҳар маъмурияти Тошкент чегарасини мунтазам равишда кенгайтириб бориши мумкин эмас, бир кун келиб, маҳаллалар девелоперлар, аҳоли ва шаҳар маъмурияти ўртасидаги низолар зонасига айланиши мумкин. Шунинг учун маҳаллалар ҳақиқатдан ҳам тарихий қўриқланадиган зона, туризм зонаси, аҳолининг энг бой қатлами учун мўлжалланган зона ёки ҳатто гетто бўлиб қолиши кераклиги ёки йўқлиги ҳозирча тушунарсиз. Шунингдек, ушбу ечимлардан қайси бири пойтахт аҳолиси учун мос келиши ҳам номаълум.
Ушбу саволларга жавоб бериш учун даставвал мустақил равишда илмий тадқиқотлар ўтказиш ва “маҳалла” атамасини аниқ тавсифлаш лозим. Бу нафақат шаҳарсозлик, иқтисодий, балки ижтимоий нуқтаи назардан ҳам муҳим, чунки Ўзбекистондаги “маҳалла” атамаси келгусида жамият тузилмасида ҳам акс этиши мумкин: масалан, у диний ёки дунёвий маънога ҳам эга бўлиши мумкин.
Анвар Мухамеджанов,
Архитектор-урбанист, Осиё Тараққиёт Банкининг стипендиати, Токио Университетининг магистри, халқаро ривожланиш ва минтақавий режалаштириш соҳасининг мутахассиси
Шарҳлар