,

Ҳуқуқшунос: Инсофсиз рақобатнинг мақсади қисқа муддатда фойда олишга қаратилган

Фото: www.anhor.uz

Ўзбекистон ички бозорлари контрафакт маҳсулотларга тўла ва ушбу маҳсулотлар икки тарафдан келмоқда – Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмоқда ва ташқаридан кириб келмоқда. Ушбу мавзу юзасидан қатор махсус репортажлар, кўрсатувлар таёрлаган Anhor.uz бугун ҳуқуқшунос, патент вакили Мадина Турсунова ҳамда KNAUF компаниясининг Ўзбекистондаги савдо ва маркетинг директори Шухрат Абдужамиловлардан қатор саволларга жавоб беришларини сўради.

Бобур Каримов: Бугун ички бозоримизда айнан қайси турдаги контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда ва буларнинг ишлаб чиқаришдан кўзлаган мақсадлар нимада?

Шухрат Абдужамилов: Контрафакт, қалбаки маҳсулотлар ҳақида сўз борганда журналист ва блогерлар кўпроқ фармацевтика, алкоголь, тамаки маҳсулотлари ёки косметология маҳсулотларга эътибор қаратмоқдалар. Мутахассис сифатида айтишим мумкинки, ҳозирги кунда қурилиш материалларини қалбакилаштириш, соҳанинг етакчи брендларининг товар белгиларини контрафактлаштириш юқорида санаб ўтилган маҳсулотларимиз даражасига етиб бўлди. Ҳозирги кунда кўплаб қўштирноқ ичидаги тадбиркорларимиз, уддабуронлар етакчи брендларнинг товар белгиларидан фойдаланиб келишмоқда. Агар KNAUF компаниясини мисолида кўрадиган бўлсак, бутун дунёга машҳур бўлган Rotband товар белгисидан кўплаб тадбиркорлар ноқонуний равишда фойдаланиб келишмоқда. Шу йилнинг 10 ойи давомида 50 га яқин қалбакилаштириган, яъни KNAUF компаниясининг товар белгисига ниҳоят якин, чалкаштириш даражаси юқори бўлган белгилар ва номлар билан ишлаб чиқарилмоқда. Уларнинг мақсадлари  – енгил, осон пул ишлаш. Ўзларининг маҳсулотларини, мустақил брендларини ривожлантириш учун кучларини, вақтларини сарф қилишни исташмайди. Энг ачинарлиси шундаки, уларнинг ишлаб чиқараётган маҳсулотларини сифат даражаси ҳам шунга мос. Яъни улар маҳсулот сифатини кўтариш ҳақида бош қотириб ўтиришмайди. Бироқ, қурилишда сифатсиз махсулот ишлатиш хавфли, хатто фожеага олиб келиши мумкин.

Бобур Каримов: Айнан, мана шундай машҳур товар белгиларини рухсатсиз кўчириш ёки рухсатсиз фойдаланиш, маҳсулотга чалкаштириш даражасида яқин ном қўйишга қарши, муаллифлик ҳуқуқини бузганлар учун қонунчилигимизда қандай жазо чоралари бор?

Мадина Турсунова: Шухрат ака таъкидлаб ўтган ҳатти-ҳаракатлар товар белгисига бўлган ҳуқуқларнинг бузилишига олиб келади. Ундан ташқари яна бошқа тушунча бор, ноинсоф рақобат дейилади. Бу рақобатбардош бозорда ўзининг маҳсулоти сифати устида ишламасдан, бошқа бир бренд белгисига ўхшаш бўлган белгидан фойдаланиш, истемолчини адаштириш мақсадида қадоқларни ўхшатиб, битта-иккита ҳарфини ўзгартириб, маҳсулотлар ишлаб чиқариш, бозорга олиб чиқиб сотиш ноинсоф рақобат ҳисобланади. Иккала ҳатти-ҳаракат ҳам қонунчилигимизга зид. Лекин амалиётда, шундай ҳатти-ҳаракатларга қарши курашиш қийин. Чунки, қонунчилигимиздаги механизм шундайки, ҳар битта ишлаб чиқарувчига қарши сиз алоҳида бориб, алоҳида уни маҳсулотини топиб, уни ҳарид қилиб, уни бозорда борлигини исботлаб, керак бўлса савдо чеклари билан уни олиб бориб, назорат қилувчи давлат органларига ҳуқуқбузарлик бўйича ариза беришингиз керак. Масалан, бозорда қурилиш материаллари бўйича битта эмас, бир нечта инсофсиз ишлаб чиқарувчилар бўлиши мумкин. Ҳар биттасини орқасидан юриб, ҳар биттасига ариза тўлдиршингиз керак, бу жараёнлар камида бир ой давом этади, судлов ҳаракатлари эса ойлаб ўтиши мумкин – бу албатта қийин масала. Бундай ҳатти-ҳаракатларни тўхтатиш ва товар белгиларини бузмаслик ҳамда ушбу маҳсулотларни сотмаслик бўйича қарорлар чиқади. Лекин уларни амалиётда тадбиқ этиш жуда ҳам қийин. Шу сабабдан чоралар фақатгина қоғозда қоляпти. Ишлаб чиқарувчилар ариза тушгандан кейин, битта қарор чиққандан кейин фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб тўриши мумкин, кейин эса ҳатти-ҳаракатларини яна такроран бошлашади. Бизда масалан муайян бир маъмурий иш конкрет бир тадбиркор ёки юридик шахс номига. Қарор чиққандан сўнг ноинсофлар битта фирмани ёпиб, бошқа фирмани очадилар ва ишини давом этадилар. Ваҳоланки, уни орқасида айнан ўша, илгари судланган шахслар бўлади. Ноинсоф рақобат қисқа муддат ичида фойда кўришга йўлланган. Чунки агарда сизда қандайдир узоқ ва давомий бизнес стратегиянгиз бўлса, ўзингизнинг брендингиз бўлса, сиз албатта унга вақтингизни, сармоянгизни аямайсиз, маҳсулот сифатини яхшилайсиз, бозорга танитишга ҳаракат қиласиз. Чунки бу амалиёт, бозорида шунақа бўлиши керак. Афсуски, ҳозирги кундаги қонунчилигимиз буни таъминлай олмаяпти. Товар белгисини бузганлиги учун ёки ноинсоф рақобатга оид ҳатти-харакатлар амалга оширганлиги учун бизда фақатгина маъмурий жавобгарлик бор. Уларда биласизки, давлат бюджетига тўланади ва масалан, компенсация пуллари йўқ, товон пуллари ўндирилмайди. Товон пулларини кўпинча азият чекган компания ёки зарар кўрган компанияга уни зарарини қоплаш учун ундирилиши керак аслида. Бутун дунёдаги амалиёт шунга етиб борган. Хориж тажрибасида, биринчи навбатда, бундай холатларга нисбатан жиноий жавобгарлик бор, катта товон пуллари тўланади. Чунки қонунбузар ноқонуний фойда куряптими, бошқа бизнесга зарар келтиряпти, истеъмолчиларни чалкаштиряптими – ҳаммалари кўрган зарарини қоплаши даркор. Бизда эса жарималар кам, маъмурий кодексимизда энг кам иш ҳақининг 10 бараваригача бўлиши мумкин. Лекин катта фойда кўрадиган бизнес учун бундай жарима ҳеч нарса эмас, тўлайди ва яна бироз вақтдан кейин ҳатти-ҳаракатни давом эттираверади.

Шухрат Абдужамилов: Мен ҳам бу гапга қўшиламан, белгиланаётган жарималар миқдори жудаям оз. 5 БҲМдан 10 гача.

Шундай ҳолатлар бўладики, қачонки иш суд жараёнига етиб борса, шу суд жараёнида сиз ғолиб чиқасиз ва жараён тугагандан сўнг, устингиздан кулиб: «Қўлларингдан келгани шумиди? Аслида биз сизни ютдик, чунки биз бир йил давомида сизнинг брендингиздан унимли фойдаландик ва бундан-да зиёд фойдага эга бўлдик», – дейдилар.

Ҳақиқатан, шунинг гувоҳи бўламизки, ушбу қоида бузарликни амалга ошираётган тадбиркорлар аслида саноқли бўлиб, улар ҳамиша корхоналарни номини ўзгартиришади. Жуда кўплаб ҳолатларда якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият кўрсатиб, уни ўзгартираверишади. Бугун ўзларини номида бўлса, келаси сафар ушбу корхонанинг ўзларининг ўғиллари, яқин қариндошлари номига очиб, фаолият юргизишади. Буни ҳаттоки, қопларини ўзгармаслиги ва уларнинг иш режалари ёки иш услубларини ўзгармаслигидан ҳам осонгина билиб олса бўлади.

Бобур Каримов: KNAUF компанияси дунё миқиёсидаги брендлардан бири ва фаолияти қурилиш, монтаж ишлари учун керак бўладиган асосий маҳсулотларни ишлаб чиқаришга йўналтирилган. Ҳаридорлар эса компаниянинг қалбакилаштирилган маҳсулотни олиб, сизларга норозилик билдирган ҳолатлар бўлганми?

Шухрат Абдужамилов: Албатта, сўнги 10 йил давомида биз мана шу контрафакт маҳсулотлар билан узликсиз равишда курашиб келаётган бўлсак, шу 10 йилда жудаям кўп мурожатлар олдик. Ҳаттоки, бизга телефон орқали жисмоний шахслар мурожат қилишади. Сизнинг маҳсулотингизни сотиб олдик, уни сифати бизга маъқул келмади, сиз ўзингизни техник кўрсаткичларингизда ёзган натижаларга эриша олмаяпмиз дейишади. Шундай ҳолатларда биз улар айтган қурилиш объектига етиб келамиз ва доим бу маҳсулотлар маҳсулотимиз номига жуда яқинлаштириб ишлаб чиқарилган бўлиб чиқади ва бу, албатта, ачинарли ҳолат. Аслида контрафакт маҳсулотлар ҳамиша инсофли тадбиркорларни йўлини тўсишга, уларга нафақат моддий, балки маънавий зарар етказишга ҳам олиб келади. Мадинахон таъкидлаганларидек, товон пуллари ундирилмайди. Аслида, KNAUF компанияси ҳам халқаро компания.

Ривожланган давлатларда товон пули нафақат ноинсоф тадбиркорнинг ишлаб чиқарган маҳсулот ҳажмидан келиб чиқиб, балки инсофли тадбиркорга етказилган маънавий зарар миқдорига қиёслаб ундирилади. Яъни бу корхонанинг имиджига, уни нуфузига, молиявий ахволига жуда катта путур етказилади. Мана шу етказилган зарарлар учун ҳам жарималар ундирилади.  


Бобур Каримов: Инсофли ишлаб чиқарувчилар контрафактга қарши қандай чораларни кўришмоқда ва қадоқни ўзгартириш, ўзига ҳос белгилар яратиш ва шунга ухшаш ишлар сизлар учун қимматга тушмаябдими?

Шухрат Абдужамилов: Албатта, бу ҳамиша биз учун ноқулайлик ва режалаштирилмаган сарф ҳаражатларни амалга оширишимизга олиб келади. Биз кўп йиллар давомида оммавий ахборот воситалари орқали ҳаридорларимизга асл маҳсулотни қалбакисидан қандай ажратиш мумкин деган мавзуларда видеолавҳалар таёрлаймиз ва уни одамларга етказишга ҳаракат қиламиз. Ўзимизнинг сайтимиз, ижтимоий тармоқлар орқали ёритиб борамиз. Лекин бозорга келганда ҳаридорлар барибир чалғиб қолишади. Контрафакт ишлаб чиқарувчининг айбини исботлаш жудаям мушкул. Мисол учун, ҳаттоки айрим лидер компаниялар маҳсулотнинг бошидаги уч ҳарфи ёки сўнгидаги тўрт ҳарфдан ҳеч кеча олишмайди. Ротгипс, Экобонд каби турли ҳил номлар билан маҳсулотларини номлашади ва савдо расталарида, бу бошқа бир корхонанинг Ротбанд маҳсулоти, деб мижозларни алдайдилар. Буни сиз исботлаб, уни ортига тушишингиз жудаям мушкул. Бу жуда кўп вақт ҳамда кучни талаб қилади.

Бобур Каримов: Айнан контрафакт, контрабанда маҳсулотлари бўйича судгача ва суддаги жараёнлар бугунги кунда қандай кечмоқда?

Мадина Турсунова: Ҳозирги кунда бозорларда қалбаки махсулот кўп. Контрафактнинг иккита тури мавжуд: биринчиси бу, имитация ёки ўҳшатиб чиқариш. Масалан, иккита-учта ҳарифини ўзгартиришади холос. Ёки, масалан, қадоғини оригинал Rotbandга ўҳшатиб чиқаришади. Истеъмолчилар ҳар бир брендни, белгтларнинг ҳар бир нозик жиҳатини билиши қийин. Айнан қурилиш материалларининг сотилиш жараёнлари ўзига ҳос. Истемолчи бозорга келганда сотувчиларнинг фикрига ҳам ишонадида. Масалан, уйингизни ремонт қилмоқчи бўлсангиз сиз билмайсизку, айнан сизга нима кераклигини. Бу масалада оддий истеъмолчига қараганда сотувчиларда маълумот кўпроқ. Истеъмолчи тассаввурида у KNAUF ишлаб чиқараётган маҳсулотни олди, пулини мана шу маҳсулотга сарфлади. Лекин, қалбаки материал олаётганидан хабари бўлмайди. Иккинчи тури, бу тўғридан-тўғри қалбакилаштириш, бир ҳил қилиб ишлаб-чиқариш. Агарда имитацияда ўхшатиб чиқарган маҳсулотларда маълумот кўпроқ бўлиши мумкин, сотувчиси орқали ёки ўша қадоқдаги ишлаб чиқарувчини манзиллари, юридик номи ёки якка тадбиркорни қанақадир бир реквизитлари бўлса, масалан, қалбакилаштирилган маҳсулотда, у ерда қалбаки ишлаб чиқарувчини номи бўлмайди, KNAUF маълумотлари бўлади ва бундай маҳсулотни ким ишлаб чиқарганлигини, қанча изқувар-қидирувчини олиб борманг бозорда сиз уларни топа олмайсиз. Бу ишлаб чиқарувчи учун қийин масала. Бу дастлабки тергов ҳаракатларини талаб қилувчи вазият. Лекин бизда бу нарса ҳозирги кунда йўқ. Чунки, контрафакт ёки қалбакилаштирилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш, сотиш ёки хориждан олиб кириш, уни сақлаш ёки унга қадоқлар чиқаришга бўлган ҳатти-ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик йўқ. Дастлабки тергов ҳатти-ҳаракатлари жиноий тергов жараёнларида дастлабки тергов ёки уша тергов жараёнларида олиб борилади. Прокуратура органлари ва департамент бор, улар хуфия иқтисодиёт билан курашувчи энг асосий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ҳисобланади ва қалбаки маҳсулотлар контрафакт, контрабанда маҳсулотлари, бу ҳаммаси хуфия иқтисодиётни бир бўлаги. Лекин, жавобгарлик йўқ бўлганлиги учун, департамент ёки прокуратура органлари ҳам ҳозирги кунда қўллари боғлиқ. Бизларнинг маҳсулотимиз эмас, қадоқларда шунақа-шунақа фарқлар бор, бизнинг линейкамиздан чиқмаган, мувофиқлик кодлари умуман бошқача ёки бўлса ҳам эски, чунки олдин олинган қадоқ копиядан чиқарилган бўлиши мумкин. Исботлаб айиблаш жуда қийин ва бунинг ҳозирги кунда ҳеч қандай ечими йўқ. Дастлабки тергов ишлари олиб борилмайди, чунки модда йўқ. Бошқа мамлакатларда бундай вазиятларда бозорда назорат қилувчи органлар шунақа ноқонуний маҳсулотлар сотувини тўхтатиши мумкин. Бизда бундай жараёнлар йўқ.

Бобур Каримов: Демак, қонунчиликда қалбаки махсулот чиқарувчи тадбиркорларга нисбатан жиноий жавобгарлик жазосини киритиш пайти келибди?

Мадина Турсунова: Албатта. Товар белгилари тўғрисидаги қонунчиликдан ташқари ўша маҳсулотингизни ишлаб чиқаришингиздан олдин бошқа жараёнлар бор, сертификатлаш, стандартизациялаш. Афсус, жараёнларда товар белгиси эгалиги ҳақида ҳеч қандай текширув ўтказилмайди, фақат маҳсулотни ўзи текширилади. Назорат қилувчи органлар учун ҳажми, асоси ва қандай ном билан товар бозорга чиқарилаётганлиги учунчи масала. Бундан ташқари, хатто маҳсулот контрафакт деб тан олинганда, такроран ҳуқуқбузарликни тўхтатишингиз учун яна бошқаттан ҳудди ўша жараёнлардан ўтшингиз керак. Чунки контрафакт ишлаб чиқарган, сотган учун жиноий жавобгарлик йўқ.

Шухрат Абдужамилов: Бундай ҳолатларда суд қарорларининг таъсири жудаям суст, улардан тегишли ҳулосалар чиқарилмайди, мана шу энг катта муаммолардан бири ва натижада контрафакт сотиш узликсиз равишда давом этиб бормоқда. Қачонки мана шу чиқарилаётган қонунлар, суд қарорлари тасирчан бўлса, шу тадбиркорлар бирор бир ҳулоса чиқаришади.

Бобур Каримов: Юртдошларимиз чиндан ҳам сифатли маҳсулотларни харид қилишлари учун доим мана шундай мавзудаги суҳбатларни амалга оширамиз. Бугунги суҳбатдошларимизни яна бир бор эслатиб ўтаман: патент вакили, ҳуқуқшинос Мадина Турсунова ҳамда KNAUF компаниясининг Ўзбекистондаги савдо ва маркетинг директори Шухрат Абдужамилов бўлдилар. Anhor.uz ўз ўрганишларини давом эттиради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.