“Маъмурият пойтахт кўчаларини йўлга айлантиришда давом этмоқда” – Навоий кўчасини реконструкция қилиш ҳақида
“Anhor.uz ” “Газета. uz ” таҳририяти рухсати билан Навоий кўчасидаги реконструкция ишларидаги муаммолар таҳлилини эълон қилади ва мурожаатга қўшилади.
«Газета.uz» президентга мурожаат жанрини ёқтирмайди. Бундай мурожаатларда тизимда қандайдир муаммо борлигини англатади — ахир шахсан давлат раҳбарининг эътиборини жалб қилишга тўғри келади. Бироқ ҳозир вазият айнан шундай. Пойтахт ҳокимлиги ҳайдовчилар ва пиёдалар учун шароитларни яхшилаш баҳонасида кўчаларни бирма-бир шосселарга айлантиришда давом этмоқда. Маъмурият фойдаланиш қийин бўлган янгидан-янги тротуар ва велойўлаклар ҳақида ҳисобот бермоқда. Бироқ ҳокимлик жамоатчиликнинг овозини эшитмайди. Мазкур мақола, жумладан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат ҳисобланади.
Тошкент ҳокимлиги 14 февраль куни фуқароларни олдиндан огоҳлантирмасдан Алишер Навоий кўчасини реконструкция қилишни бошлади. Интернетда саволлар пайдо бўлгандан кейингина маъмурият ушбу кўчадаги иккита чорраҳа — Лабзак ва Пахтакор кўчалари билан кесишмаларни реконструкция қилиш лойиҳалари рендерларини эълон қилди.
Иш фақат иккита чорраҳа билан чекланмайди. Капитал таъмирлаш ишлари Навоий кўчасини тўлиқ — Беруний кўчасигача қамраб олади. Чизмалардан бошқа чорраҳалар, шу жумладан Абай кўчасидаги чорраҳа қандай кўринишга эга бўлиши ҳақида ҳам тасаввурга эга бўлиш мумкин.
Қулайлик ниқоби остида
Ҳокимликнинг ишонтиришига кўра, кўчаларни реконструкция қилишдан мақсад «Алишер Навоий шоҳ кўчасидаги тирбандликни камайтириш, ҳайдовчилар ва пиёдалар учун қулайликлар яратиш»дан иборат. Шунингдек, лойиҳа «малакали мутахассислар гуруҳи» томонидан ишлаб чиқилган.
Ушбу «малакали» мутахассисларнинг кимлиги аниқ эмас, аммо, афтидан, улар Аҳмад Дониш, Фарғона йўли кўчалари, қисман Шаҳрисабз кўчасини (Навоий кўчасининг давоми) реконструкция қилиш, шунингдек, янги тротуар ва велосипед йўлакларини қуришда иштирок этган шахс ва компаниялар бўлиши керак.
Ушбу реконструкцияни муваффақиятли дейишга тил айланмайди. Аслини олганда, маъмурият пойтахт кўчаларини йўлларга айлантиришда давом этмоқда (улар бир хил нарса эмас).
ОАВдаги танқидлар ва аҳолининг шикоятларига қарамай, ҳокимлик ими-жимида ва қатъият билан лойиҳа кўламини кенгайтирмоқда. У нафақат шаҳарликларнинг ноласини эшитмайди, балки уларга бирор нарсани тушунтириш керак деб ҳам ҳисобламайди.
Ишонч билан айтиш мумкинки, режалаштирилаётган реконструкция пойтахтнинг икки томонида турар-жой бинолари ва кўплаб ижтимоий обектлар жойлашган бош кўчасини янада гавжум, шовқинли, газлар билан тўйинган ва барча йўл ҳаракати қатнашчилари, айниқса, пиёдалар учун хавфлироқ қилади. Буларнинг барчасига сабаб, ишлаб чиқувчилар ҳайдовчиларнинг қулайлиги ва ишончни оқламаган ўтказувчанлик қобилиятини яна биринчи ўринга қўядилар.
Пиёдаларга бўлган муносабат ўнгга тўсиқсиз бурилиш ташкил этилган Шаҳрисабз кўчаси мисолида (Алишер Навоий кўчасининг давоми). Бу ерда пиёдалар ўтиш жойлари (сариқ чизиқлар билан кўрсатилган) хавфсиз оролчалардан ташқарига кўчирилди. Бироқ одамлар автомобиллардан ҳимояланган эски ўтиш жойларидан фойдаланишда давом этмоқдалар. Чорраҳа олдидан ва ундан кейинги йўлакларнинг кенглиги ҳар хил — ҳайдовчилар йўлни қайтадан тўғрилаб олишлари керак.
2020 йил ёзида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга пойтахтнинг транспорт концепцияси лойиҳаси тақдим этилганида, биринчи ўринда пиёдалар ва велосипедчиларга, кейин жамоат транспортига, шундан кейингина автомобиль ҳайдовчиларига устуворлик берилиши айтилган эди.
«Йўлларимизда транспортга ортиқча устунлик берилмоқда. Йўлларимизда пиёдалар ҳаракати, одамларнинг ҳаловати, саломатлиги устувор бўлиши керак», — дея қайд этганди давлат раҳбари.
2 февраль куни президент Тошкент шаҳар жамоат транспорт тизимини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлади. Унда айтилишича, концепциянинг асосий моҳияти «Тошкент шаҳрида қулай, жозибадор бўлган жамоат транспорти тизимини ташкил этиш, бунда биринчи ўринда пиёдалар, кейинги ўринда мос равишда велотранспорт, шаҳар жамоат транспорти ва шахсий автотранспорт учун қулай инфратузилмани яратишдан иборат».
Худди шу куни Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2022 йил давомида шаҳардаги 140 та чорраҳанинг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш тўғрисидаги қарорни имзолади. Улар орасида Навоий кўчасидаги чорраҳалар ҳам бор.
Лойиҳада нима хато?
- Пиёдалар ўтиш жойларининг сони камроқ бўлади. Ҳозирда улар қулай ва мантиқий — кесишувчи тротуарлар бўйлаб жойлашган бўлса, эндиликда улар сонини камайтирган ҳолда бошқа жойларга кўчирилади. Пиёдалар қўшимча юзлаб метр масофани пиёда босиб ўтишлари керак бўлади, бу эса одамлар кўчадан югуриб ўтиш ва ўз ҳаётларини хавф остига қўяди дегани.
- Ўтиш жойларида пиёдалар учун йўл узунроқ бўлади — иккита бўлак ўрнига тўрттагачани кесиб ўтишга тўғри келади. Навоий-Лабзак чорраҳасида одатдаги тўғридан-тўғри кесиб ўтиш П шаклида кесиб ўтишга тўғри келади, бу эса ўнлаб қўшимча метрлар ва «ҳуқуқбузар» пиёдалар сонининг кўпайишини англатади.
- Айрим жойларда ҳаракатланиш қаторлари сони кўпаяди.
- Ҳайдовчиларга қулайлик яратиш учун ўнгга бурилишлар тўсиқсиз бўлади. Пиёдалар учун бу ёмонлашиш дегани.
- Айрим участкаларда светофорсиз ўтиш пайдо бўлади, бу ҳам пиёдалар учун хавфларни оширади.
- Бурилишлар ва ортга қайрилиб олишлар Фарғона йўли кўчасидагидек, яъни энг четдаги ўнг бўлакдан ташкил этилади. Бу кўчада биринчи марта ҳаракатланаётган ҳайдовчилар учун ноқулайлик туғдиради, буни Фарғона йўлида доимий равишда кузатиш мумкин, бу ерда ҳайдовчилар кўпинча ўнгга бурилиш/ортга қайрилиб олишларни ўтказиб юборади ва қўшимча айланалар қилишга мажбур бўлади. Светофор ишламаган вақтларда бу ерларда коллапс вужудга келади.
- Пиёдалар учун хавфсизлик оролчалари йўқ (автомобилларни ўнгга қулай бурилиб олишлари учун ташкиллаштирилган учбурчаклар хавфсизлик оролчалари ҳисобланмайди). Баъзи ўтиш жойларида айрим ҳаракат йўлаклари учун қизил, бошқалари учун эса яшил чироқ ёнади (асосий фотосуратда бўлгани каби).
- Навоийдан Пахтакорга чапга бурилиш ёпилади — ҳайдовчилар тўғрига юриб, ортга қайрилиб олишлари керак бўлади. Пахтакордан чапга бурилиш ҳам худди шундай бўлади.
- Кўчалар бўйлаб тўхташ жойлари ташкиллаштирилмаган, яъни машиналар тартибсиз қўйиладиган бўлади ёки ҳайдовчилар пиёдалар йўлакларида тўхтаб, машиналарини ҳовлиларга олиб киришда давом этадилар. Кўчалар бўйлаб, айниқса дўконлар ва умумий овқатланиш корхоналари кўп бўлган ерларда тўхташ жойлари ўрнатилиши керак.
- Жамоат транспорти учун кўзда тутилган бекат учун камгаклар бекатлардан чиқиб кетишни қийинлаштиради. Ҳозирги вақтда дунёда антикамгаклардан кенг фойдаланилмоқда — жамоат транспорти доимо устувор бўлиши керак.
Ҳокимликнинг фикрича, ҳайдовчи ва пиёдалар учун қулай кўча мана шундай кўринишда бўлади.
Ишлаб чиқувчилар нималарни эътиборга олмаган?
- Намойиш этилган рендерларда жамоат транспорти учун ажратилган линиялар ҳақида ҳеч қандай ишора йўқ. Бу улар президент тасдиқлаган концепцияда кўзда тутилган устуворликка эга бўлмайди, дегани. Агар улар Фарғона йўлидаги каби «ажратилган ҳудудлар» бўлса (жисмоний ажратилмаган, чала-ярим, транспорт воситалари билан тўлган), уларни бундай деб ҳисобламаса ҳам бўлади.
- Трамвайни ҳисобга олган ҳолда қурилган ва улар ҳаракати илк бор йўлга қўйилган кўчада ушбу транспорт турини қайта тиклаш бўйича ҳеч қандай ишоралар йўқ. Бу ҳақда куни кеча президент томонидан эълон қилинганига қарамасдан, на ҳокимлик, на Транспорт вазирлиги ҳалигача бу бўйича баёнот бергани йўқ.
- Президент яқинда бўлиб ўтган йиғилишда илгари сурган пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича («Йўл ҳаракати ҳайдовчилар учун ҳам, пиёдалар учун ҳам қулай бўлиши керак») талаблари инобатга олинмаяпти. Гап тезликни 50−60 км/соатгача камайтириш, хавфсизлик оролларини яратиш ва ҳаракатни сокинлаштиришга қаратилган бошқа чора-тадбирлар ҳақида бормоқда. Бу шуни англатадики, лойиҳани келажакда қайта кўриб чиқиш керак бўлади, ваҳоланки барчасининг олдини олиш мумкин эди.
- Энг қизиғи, бу икки чорраҳа, айниқса, боши берк Пахтакор кўчаси билан кесишма унчалик ҳам гавжум эмас.
- Фарғона йўли кўчасида ўт ўчириш машиналарининг чиқиши учун ажратгични ўрнатиш ва тартибга солинмаган «зебра» чизишга тўғри келгани билан боғлиқ аччиқ тажрибалар инобатга олинмади. Трамвай йўқ қилинганидан сўнг расмийлар «светофорсиз трасса» қуришга қарор қилган, аммо кейинчалик панжараларни олиб ташлашга, чорраҳаларни қайтадан очишга ва светофорларни қайтаришга ҳамда пиёдалар ўтиш жойларини ташкил этишга мажбур бўлган Муқимий кўчасини ҳам эсга олиш керак.
- Сўнгги йилларда реконструкция қилинган ва кенгайтирилган кўчаларнинг аксарияти ҳозирда тирбандлик ичида қолган.
- Янги тротуар ва велосипед йўлларига машина қўйиб ташланган, баъзи жойларда уларнинг таркибий қисмлари ўпирилиб кетган. Велосипед йўллари (расмий маълумотларга кўра, 100 км қурилган) ҳокимият кутганчалик оммалашмади. Кўпгина чорраҳаларда улар шунчаки узилиб қолган. 2025 йилгача яна 250 км узунликдаги шундай велойўлаклар қуриш режалаштирилган тағин.
Тошкент аҳолиси шаҳарда режалаштирилган ҳар қандай ўзгаришлар, айниқса, ҳаёт сифати ва хавфсизлигига таъсир этувчи муҳим ўзгаришлар ҳақида олдиндан билиши керак.
Лойиҳалар ҳокимлик томонидан яхшилаш ниқоби остида тақдим этилмаслиги керак, агар улар бундай бўлмаса («Обод маҳалла» лойиҳасида бўлгани каби). Аҳолида лойиҳаларни муҳокама қилиш ва таклифлар киритиш имконияти бўлиши керак.
Ҳукумат кўчаларни реконструкция қилиш, пиёдалар ва велосипед йўлларини қуриш бўйича аллақачон амалга оширилган лойиҳаларни мустақил аудитдан ўтказиши, уларнинг сифати ва самарасини баҳолаши, зарур ҳолларда лойиҳаларни қайта кўриб чиқиши ва камчиликларни бартараф этиши лозим. Аудит ва фуқаролар билан маслаҳатлашувлар, шунингдек, ягона стандартларни қабул қилиш тугагунга қадар бу каби лойиҳалар тўхтатилиши керак.
Тирбандликка қарши курашда жамоат транспортини ривожлантириш ва унинг ташиш қобилиятини ошириш (кўчалар ўтказувчанлигини эмас) биринчи ўринга чиқиши керак. Бунга катта ва ҳаддан ташқари катта сиғимли ҳаракат таркибларини сотиб олиш ва улар ҳаракатланиши учун алоҳида йўлакларни ажратиш орқали эришилади.
P. S. Ҳокимлик хабарини шунчаки қайта эълон қиладиган Ўзбекистон йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бу сафар ҳам шундай қилди. Бу ЙҲХХда лойиҳа бўйича саволлар йўқлиги ва уни тўлиқ қўллаб-қувватлашини англатадими? Худди йўллар ўртасига тўсиқлар ўрнатилиши, кўчаларнинг кенгайтирилиши, маҳлуқсифат транспорт боғламалари, ер усти пиёдалар ўтиш жойлари қурилишлари ва келгусида ҳам режалаштирилаётган қурилишлар ҳамда бошқа «такомиллаштиришлар»ни қўллаб-қувватлагани сингарими?
Шарҳлар