«Одамларни зилзилалар эмас, балки бинолар ва иншоотлар ўлдиради» – Фавқулодда вазиятларда хавф-хатарни қандай камайтириш мумкин
Нега ҳар бир ташкилотда қутқарув гуруҳлари тузилиши керак, ҳар бир киши биринчи тиббий ёрдам ҳақида нималарни билиши лозим? Барча секторларда, шу жумладан, якка тартибдаги қурилишда ҳам зилзилага чидамли қурилиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш зарурати ҳақида зилзила хавфи ва оқибатларини камайтириш соҳаси бўйича халқаро эксперт Хусан Турсунов билан суҳбатлашдик.
– Зилзила содир бўлганида ҳар бир киши нималарни билиши лозим? Унда қандай асосий кўникмалар – биринчи ёрдамни кўрсатиш ва яна қандай кўникмалар бўлиши керак?
– Аввало, барчага зилзила сабаблари, эҳтимолий зилзилаларга тайёргарлик кўриш ва уларнинг хавфини камайтириш бўйича элементар билимларни етказиш зарур. Мисол учун, уйингизни, мактабингизни, шифохонангизни, яъни зилзила пайтида одамлар бўлиши мумкин бўлган барча жойларни қандай ҳимоя қилиш кераклиги ҳақида маълумот бериш лозим.
Аҳолини хона ичидаги хатти-ҳаракат қоидаларига, масалан, мактаб ўқувчиларни синф ичидаги ҳаракатларга ўргатиш керак. Кўп қаватли уйлар ва оддий хусусий уйлар аҳолисини квартираларда нима қилиш мумкин эмаслигига алоҳида ўргатиш зарур, яъни кўтариб турувчи деворларни бузмаслик, хоналарни қайта режалаштирмаслик керак, оғир шкафларни маҳкам мустаҳкамлаш лозим. Фуқароларга ўзини қандай тутиш кераклигини, яъни қаерда яшириниш, хонанинг қаерида туриш, зилзила пайтида зинапоядан тушишга ёки лифтдан фойдаланишга уринмаслик ҳақида ўргатиш муҳим. Ҳар бир инсон биринчи ёрдамнинг асосий усулларини билиши керак. Бу кенг кўламли ахборот кампанияси бўлиши лозим.
– Аҳолини зилзила содир бўлганида ўзини қандай тутиши кераклигини тушунтириш борасидаги ташаббусингиз ҳақида гапириб берсангиз?
– 2002 йилда Сейсмология институтида ўтказилган USAID томонидан молиялаштирилган Американинг GeoHazard International нодавлат ташкилотининг “Марказий Осиё мамлакатлари учун зилзила хавфини камайтириш” лойиҳаси тақдимотида институт директори мени лойиҳанинг АҚШдаги координатори билан таништирди. АҚШ. Улар Тошкент шаҳрида лойиҳа координатори лавозимига номзод қидираётган экан. Бизнинг HAYOT деб номланувчи Тошкент ижтимоий-экологик уюшмамиз бор эди, ана шу нарса GeoHazard International билан ҳамкорлигимизни осонлаштирди.
Ушбу Америка ташкилоти кўп йиллар давомида офатлар хавфини камайтириш билан шуғулланади, у катта ўқув салоҳиятига эга. Лойиҳа доирасида операторим билан “Ҳаёт учун 5 дақиқа” деб номланувчи 10 та қисқа метражли ўқув фильмини яратдик. Ўқув қўлланмаларини Марказий Осиё мамлакатлари учун мослаштиришда қатнашдим, аҳолини зилзилаларга тайёрлаш бўйича замонавий қўлланмалар ихтиёримизда эди.
Мен Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ЮНИСEФ ва БМТТДга аҳолини замонавий ўқув материалларидан фойдаланган ҳолда ўқитиш билан қамраб олиш зарурлиги ҳақида мурожаат қилдим. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ЮНИСEФ грант лойиҳасини ёздим ва лойиҳанинг ишчи гуруҳига раҳбарлик қилдим. Мазкур лойиҳа (2006-2007 йиллар) натижасида Ўзбекистоннинг эҳтимолий зилзила хавфи юқори бўлган 6 та ҳудудида (18 та туманда) Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ўқув марказлари ходимлари ўқитилиб, оргтехника ва ўқув материаллари билан таъминланди. Шунингдек, мазкур ҳудудлардаги Республика шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш марказларида барча шахсий таркиблар, мактаб ўқитувчилари, ҳокимлик ва маҳаллалар вакиллари ўқитилиб, машғулотлар ўтказилди.
Мен ғояни бердим ва грант лойиҳасини ёзишда ҳамда World Vision халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси учун Тошкент шаҳрининг 12 та маҳалласида кўнгилли қутқарув отрядларини ташкил қилиш ва уларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш бўйича тренингларни ўтказишда иштирок этдим. 2008 йилда ТДТУ “Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги кафедраси” ва HAYOT ННТ лойиҳаси доирасида кўнгилли қутқарув отрядлари учун ўқув дастури бўйича Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари малака ошириб, уларга ўқув материаллари ва видеороликлар тақдим этилди.
— Ўзбекистонда бу борада давлат ёки хусусий миқёсда аҳолини ўқитиш дастури олиб борилаётганини биласизми?
– Давлат даражасида ўқитиш ишлари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро муҳофазаси институти томонидан амалга оширилмоқда. Таълим билан шуғулланган ягона HAYOT нодавлат нотижорат ташкилотини ҳеч қандай тушунтиришсиз ёпишни хушмуомалалик билан сўрашди.
– Зилзиладан кўриладиган катта зарарнинг олдини олиш учун давлат қандай чоралар кўриши керак? Ушбу соҳага қандай инвестициялар киритилиши лозим, масалан, қутқарув гуруҳларини тайёрлаш?
Одамларни зилзилалар эмас, балки бинолар ва иншоотлар ўлдиради. Барча тармоқларда, жумладан, якка тартибдаги қурилишларда ҳам зилзилага чидамли қурилиш қоидаларига риоя этилишини қатъий назорат қилиш зарур.
Чотқол 10 балли зилзилалар зонаси ҳисобланади. Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай пайтларда хатти-ҳаракатлар давлат тизими эскирган бўлиб, табиий ва техноген офатлар хавфини камайтириш учун янги давлат платформасини яратиш зарур. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги профессионал қутқарувчилар йўқлиги сабабли йирик офатлар пайтида қутқарув ишларини олиб бора олмаяпти (бу Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг айби эмас, ҳеч ким жуда кўп қутқарувчиларни сақламайди).
– Қутқарув гуруҳлари барча меҳнат жамоаларида тузилиб, улар ўқитилиши ва жиҳозлар, дори-дармонлар, ўт ўчириш воситалари билан таъминланиши керак.
Маҳаллаларда ва ХУЖМШларда (бизнинг тажрибамизга кўра) кўнгилли қутқарувчилар отрядларини ташкил этиш зарур. Яъни, ушбу тадбирларга фуқаролик секторини жалб қилмасдан илож йўқ. Хорижий донор ташкилотларга мурожаат қилиш ва уларнинг маблағларини жалб қилиш керак.
– Ўзбекистонда биноларнинг сейсмик барқарорлиги мониторинги ўтказиладими?
Бу ерда аҳвол ачинарли. Бутун мамлакат бўйлаб одамлар деярли барча кўп қаватли уйларнинг деворларини бузган, кўтариб турувчи деворлар синдирилган. Индивидуал қурилиш бундан ҳам баттар, қурилиш материалларининг сифати жуда ёмон. Кимдир бу билан шуғулланганини эслай олмайман.
– Ўзбекистон Сейсмология институтида яқин йиллар учун кутилаётган сейсмик фаолликнинг янгиланган харитаси борми?
Бу сейсмик районлаштириш харитаси деб аталади. Нисбатан яқинда янги харита ишлаб чиқилди. Аслида, ушбу харита маълумотлари бинолар, тўғонлар ва бошқа иншоотларни қуриш учун қўлланма бўлиб хизмат қилиши керак. Аммо бу қоидаларга кам одам амал қилади.
Дана Опарина ёзиб олди
Шарҳлар