Олтин орзулар мамлакати: ҳокимнинг иккита қарори ҳақида ҳикоя
Тошкент марказида Manhattan тураржой мавзеси қурилмоқда. Бу девелопер «First Development Group» МЧЖнинг лойиҳаси. Шаҳар ҳокимининг 2017 йил 11 декабрдаги 1652-сонли “Ер участкаларини ободонлаштириш ва бузиш ишлари тўғрисида”ги қарорига асосан (Раҳмонбек Усмонов имзолаган) Махатма Ганди ва Асака кўчалари оралиғидаги қарийб 5 гектар ер худуд Golden Dreamlands компаниясига берилган. Аммо аҳолини кўчириш ишлари билан Golden Dreamlands компанияси шуғулланмоқда. Нега шундай бўлганини Anhor.uz журналисти Дана Опарина аниқлашга ҳаракат қилди.
“Леонард Брукс” МЧЖ компаниясининг директори (ташкилот жойлашган бино ҳам бузилиши керак) Толиб Хамраевнинг айтишича, 2018 йил феврал ойида ҳокимнинг 197-сонли қарори (Р.Усмонов ҳам имзолаган) пайдо бўлган.
“Ушбу қарор шаҳар ҳокими томонидан чиқарилган бир қатор меъёрий ҳужжатларга, жумладан, 1652-сонли қарорга ўзгартиришлар киритишга бағишланган. Golden Dreamland компанияси номи Golden Dreamlands ўзгартирилган. Бир қарашда, буни имло хатоси сифатида қабул қилиш мумкин, лекин аслида, Golden Dreamland ва Golden Dreamlands мутлақо турли юридик шахслардир”.
Бу компаниялар ҳақида нималар маълум
Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри маълумотларига кўра, Golden Dreamland таъсисчиларидан бири – Давлетов Данияр Атабаевич (46,2%). У бу компаниядан ташқари яна еттита компаниянинг таъсисчиси ҳисобланади.
Насирова Машкура Мухтаровна эса (50% Golden Dreamland компаниясида) яна иккита компаниянинг таъсисчиси ҳисобланади.
Golden Dreamlands (50%) таъсисчиларидан бири сифатида қайд этилган Мадаминов Алишер Анварович ҳам First Development Group компаниясида 33% улушга эга. Эслатиб ўтамиз, охиргиси тураржой мажмуининг девелопери ҳисобланади.
“Эътибор беринг, 2017 йил 11 декабрда ҳокимнинг қарори қабул қилинган, Golden Dreamlands компанияси эса қарор чиқарилганидан кейин икки кун ўтиб, 2017 йил 13 декабрда рўйхатдан ўтган. Шаҳар ҳокимининг 197-сонли қарори билан ушбу қарорга бўлган ҳуқуқ Golden Dreamland компаниясидан Golden Dreamlands компаниясига ўтган. Бунга Golden Dreamland компанияси директорининг молиявий қийинчиликлар туфайли 1652-сонли қарори билан бузиш ва кўчириш масалалари Golden Dreamlands компаниясига ўтказилганлиги ҳақидаги мурожаати асос бўлган” , – дейди Хамраев.
Бор-йўғи битта ҳарф билан фарқ қилади
Толиб Хамраевнинг қайд этишича, Golden Dreamland компаниясининг мурожаати асосида, ҳоким ё янги қарор қабул қилиши ёки эски қарорларни кўчириш масаласига оид банд билан тўлдириши керак эди, қолган барча масалалар эса Golden Dreamland компанияси учун ўз кучида қоларди.
“Бундай қилинмади. Битта ҳарф ўзгартирилди, холос, эҳтимол, шу тарзда улар барча муаммоларни ҳал қилишни хоҳлагандир. Гарчи Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, Мирзо Улуғбек тумани ЯДХИП Golden Dreamlands компаниясини рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқига эга эмасди, чунки номда жуда катта ўхшашлик мавжуд. Мирзо Улуғбек тумани ЯДХИП мансабдор шахсларининг қонунбузарлик ва коррупция белгиларига эга хатти-ҳаракатлари кўплаб ҳуқуқбузарликларга олиб келди”.
Суд орқали кўчириш
Толиб Хамраевнинг сўзларига кўра, унинг “Леонард Брукс” деб номланган компанияси жойлашган бино 2009 йилда капитал таъмирланган. Компания бу ерда 20 йилдан бери ишлайди.
“Бир нечта эскирган уй бор эди. Қурувчи компания келишиб олди, бу уйлар сотиб олинди, аммо энди унда гўёки ер олиш тўғрисида қарори борлигига ишора қилиб, одамларни асосан суд орқали кўчиришни бошлади. Одамлар мажбурий кўчириш тўғрисидаги даъволар билан судга мурожаат қилишса, улар ер участкасини олиш тўғрисидаги қарор борлигини рўйкач қилган, ҳолбуки уларда бундай қарор априори бўлиши мумкин эмас”.
Буни Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармасининг аҳоли мурожаатига жавоби ҳам тасдиқлайди (ҳужжат таҳририятда мавжуд).
Пойтахт ҳокимининг 1652-сонли қарорида 2-банд бор, унга кўра бузиш бошланишидан аввал махсус комиссия келиши керак эди.
“Ушбу комиссия барча зарарларни баҳолаб, унинг суммасини чиқариши керак эди. Қурувчи компания, ўз навбатида, пули етадими-йўқлигини билиш учун нархни суриштириши лозим эди. Бу қилинмади. Яъни, 1652-сонли қарорнинг 2-банди аслида эътибордан четда қолди”.
Толиб Хамраевнинг фикрича, одамларни суд орқали ноқонуний кўчиришмоқда.
«Чунки одамларни суд орқали кўчириш учун қурилиш эгаси бу ерга эгалик қилиши керак, яъни Кадастр агентлиги ушбу ерни уларга расмийлаштирган бўлиши керак».
2018 йилда Вазирлар Маҳкамасининг 370-сонли қарори қабул қилинган, у қурилиш соҳасидаги давлат регламентини тасдиқлайди.
“Ушбу қарорда, агар кадастр бўйича мулкингиз бўлса, бу бинони реконструкция қилиш учун ЯДХИП орқали ариза бериш ҳуқуқига эга эканлигингиз тартибга солинади. Айтайлик, сизнинг икки қаватли уйингиз бор ва уни бузиб, сотиладиган беш қаватли уй қурмоқчисиз. Давлат буни қонун доирасида кўриб чиқиб, сизга рухсат беради. Буни 370-сонли қарор доирасида амалга ошириш учун бузиш қарори талаб қилинмайди, бу сизнинг мулкингиз, сиз уни тасарруф қиласиз ва давлат орқали рухсат оласиз. Барча қурилиш ишларини белгиланган тартибда бажарасиз. Бу ҳолатда эса нима бўляпти? Бу ерда хусусий мулкни бузиш ва қонунга хилоф равишда тортиб олиш учун 1652-сон қарордан фойдаланиляпти, қурилиш учун эса ҳеч қандай изоҳсиз Вазирлар Маҳкамасининг 370-сонли қароридан фойдаланиляпти”.
«Қонун тилида бунга денонсация дейилади»
Толиб Ҳамраевнинг фикрича, қурувчи кадастрни ўзига расмийлаштиряпти ва 370-сонли қарорга мувофиқ 16 қаватли бино қурмоқчи эканлиги ҳақида ЯДХИПга ариза бермоқдаи.
“Яъни, улар аслида шаҳар ҳокимининг 1652-сон қароридан четга чиқяпти. Қонун тилида бу денонсация, яъни шаҳар ҳокимлиги билан келишувни бузиш дейилади. Судлар ҳам унга эргашяпти. Агар қурувчи компаниянинг ижарачиларга қарши суд даъволарини ўқиб чиқсангиз, унда аниқ қилиб ёзилган: «Мажбурий равишда кўчирилсин” (ҳужжатлар таҳририятда мавжуд).
2022 йил 10 январда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сонли қарорининг 2-бандига ўзгартириш киритилган 14-сонли қарори чиқарилган бўлса-да, Golden Dreamlands томонидан фуқароларга нисбатан 30 та даъво аризаси берилган.
“Янги ВМ қарорида айтилишича, агар камида битта мулкдор шаҳарнинг меъморий қиёфасини яхшилаш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга оширишга қарши бўлса, унда бундай лойиҳа амалга оширилмайди. Шунингдек 47-банд ҳам ўзгаради. Агар 47-банднинг аввалги версиясида 75% эгаларининг имзосига эга бўлган қурувчи қолган 25% билан келишолмагани айтилган бўлса, унда у одамларни кўчириш учун судга мурожаат қилиш имкониятига эга эди. 14-сонли қарор ушбу тартибни ўзгартирди ва энди қурувчи ташкилот кўчириш тўғрисида судга даъво аризасини бериш ҳуқуқига эга эмас”.
«Қурувчи ташкилотнинг сўзларига кўра, гўёки унда мулкдорлар умумий йиғилишининг баённомаси бор эмиш»
“Характерли жиҳати шундаки, қурувчи компания ўзида гўёки Вазирлар Маҳкамасининг 911-сонли қарори билан тасдиқланган низомнинг 33-бандига мувофиқ тузилиши керак бўлган мулкдорлар умумий йиғилишининг баённомасига эга эканлигини даъво қилмоқда. Лекин қурувчи уни ҳам, ер олиш ҳақидаги қарорни ҳам тақдим этгани йўқ”, – дейди Хамраев.
Шу йилнинг 20 март куни истиқомат қилувчиларнинг умумий йиғилиши бўлиб ўтди, унда қурувчи ташкилот томонидан судларга тақдим этилаётган баённомалар асли сохта экани қайд этилди, дейди тадбиркор.
“Шаҳар кадастридаги маълумотларга кўра, ушбу 5 гектарда 768 та уй хўжилиги бор. Яъни, 911-сонли фармонда талаб қилинганидек, улар шунча уй хўжалигини четлаб ўтиши ва уларнинг қўлида 75% имзо бўлиши керак эди, буни бир тасаввур қилинг. Яъни, бу қандайдир оғзаки келишув эмас, балки ҳар бир уй хўжилиги билан алоҳида келишув имзоланиши керак эди. Рад этганлар билан эса рад этилиш сабабларини кўрсатган ҳолда ёзма далолатнома тузишлари керак эди. Бундай ҳужжат йўқ, маҳаллада ҳам, қурувчида ҳам йўқ. Маҳалла буни тан олди”.
Маҳаллага мурожаат қилганлар судга бундай баённома йўқлиги тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этиш учун ундан маълумотнома олди. Бу маълумотномалар маҳалла қўмитасининг раиси томонидан имзоланган.
«Айрим кишилар қурувчи ташкилотга ишониб, ўз уйини котлован остига берди»
“Айрим кишилар қурувчи ташкилотга ишониб, уйларини котлован остига беришди. Пойтахт ҳокими қарори қабул қилинганидан бери Golden Dreamlands компаниясининг таъсисчилари уч марта ўзгарди. Ўз мол-мулкини котлован учун берган одамларга ҳар бир оила учун 350 доллардан бир муддат ижара ҳақи тўлаб турилди. Энди улар уни тўлашни ҳам тўхтатган”.
Хамраевнинг қайд этишича, 911-сонли қарор билан тасдиқланган Низомнинг 19-бандига кўра, агар инвестор қайсидир ҳудудда инвестиция лойиҳасини амалга оширишни бошласа, унга амалга оширишга 24 ой муддат берилади.
“Ҳокимнинг қарори 2017 йил охирида қабул қилинган. Орадан деярли беш йил ўтди, уйларини котлован остига берган одамларнинг баъзилари тўрт йилдан бери қурувчи компанияга боришмоқда. Улар умуман ҳеч нарса олмасликлари эҳтимоли катта. Бу қарийб 60 та оила, уларда 120 га яқин одам бор”.
Тадбиркорнинг айтишича, ишлаб чиқарувчи тўрт йил ичида фақат битта 16 қаватли бинони қурган.
“Тасаввур қилинг-а, бу участкани қуриш учун қанча вақт кетади? Уларга 50 йил керакми? Уни уй деб аташ мумкин эмас, чунки у ерда ҳали ҳеч нарса йўқ – на коммуникациялар, на деразалар, на эшиклар, фақат бетон қути”.
Хамраевнинг сўзларига кўра, котлован учун ер участкасини беришга рози бўлганлар, энди қурувчидан: “Кечирасиз, бу уй тўлиқ сотилган, у ердан сизга ажратиб бера олмаймиз”, деган сўзларни эшитмоқда.
“Бу одамларга қайси уйдан бошлаб квартира ажратишмоқчи? Бундан ташқари, қурилишда улушли иштирок тўғрисидаги 2020 йилги президент қарори мавжуд, унга кўра қурувчи ташкилотга қатъий талаблар қўйилади. Бу компания қандай қилиб Қурилиш вазирлигининг фуқаролардан биргаликда қуриш учун маблағ йиғиш ҳуқуқини берувчи рўйхатига тушиб қолди? Чунки қурилиш смета қийматининг 20 фоизи уларнинг ҳисобига брон қилиниши керак. Уларда бундай пул йўқ. Бу саволларнинг барчаси бугун текширилиши керак”.
«Тошкентда бу пулга нималар сотиб олиш мумкин?»
Ҳозир бир оиланинг иши шаҳар судида кўрилмоқда, бу оила туман судида ютқазди.
“Агар шаҳар суди уларни кўчириш ҳақида қарор чиқарадиган бўлса – оила эр-хотин ва тўрт фарзанддан иборат, шунингдек оз бўлса ҳам ер участкаси бор эди, уларга эса бу уй учун 200 млн сўм таклиф қилишяпти. Бу пулга Тошкентда нима сотиб олиш мумкин? Ҳожатхона ёки ётоқхонадан бир хона. Уларнинг ери бор эди, уйи бор эди. Болалар улғайиб, балки пул пайдо бўлар ва, эҳтимол, бирор нарса ўзгарар. Бу оила камбағал, улар ҳатто ўзига адвокат ёллашга ҳам имкони йўқ, қурувчи ташкилот эса бундан фойдаланмоқда”.
Савдолар офиси
Тадбиркорнинг айтишича, тураржой комплексининг савдо офиси “қизил чизиқ” ортида қурилганди.
“Қурувчи компаниянинг айтишича, бу вақтинчалик қурилма. 370-сонли фармонда барча вақтинчалик урилмалар қизил чизиқ орқасида бўлиши кераклиги аниқ кўрсатилган”.
Қурувчи компания “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга мувофиқ, ерни сотиб олиши ёки ер участкасини олиш тўғрисида қарорга эга бўлиши шарт.
“Бу фармонга кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига давлат эҳтиёжларидан ташқари ер ажратиш тақиқланади. Кадастр агентлигига бундай объектларни аниқлаб, белгиланган тартибда суд орқали бузиш топширилади. Биз маҳалладан Агентликка хат тайёрладик, унда мазкур бино атрофидаги вазиятни кўриб чиқиш ва уни бузишни сўрадик”.
Офис ўрнида аввал маҳалланинг маиший чиқиндиларини қабул қилиш пункти жойлашган эди.
“Уни тунда бузишди ва ўрнига офис марказини қуришди. Туман ҳокимининг кўчма қабули ўтказилди, унга қурувчи ташкилот ҳам таклиф этилди. Қурувчининг қурилиш учун ҳужжатлари бўлмагани учун ҳоким бу бинони бузишни айтган. Шунингдек, туман “Махсустранс” раҳбарини ҳам ўша ерга таклиф қилиб, маиший чиқинди пункти қандай асосда бузиб ташланганини сўрашганида, у билмайман, деб жавоб берди: “Мендан ҳеч ким сўрагани йўқ, тунда бузиб ташлашган, мени эса факт олдида қўйишди».
Идоралардан олинган қуруқ жавоблар
Тадбиркорнинг айтишича, маҳалладан президент аппаратига, Вазирлар Маҳкамасига, Бош прокуратурага, Коррупцияга қарши курашиг агентлигига жамоавий мурожаатлар ёзилган.
«Яъни, биз ушбу тузилмаларнинг энг паст бўғинларидан шунчаки қуруқ жавобларни оляпмиз. Бу қандайдир уларнинг бир-бирини қўллаб-қувватлашига ўхшайди”.
Суҳбат ўтаётган бинодан унча узоқ бўлмаган жойда, Махатма Ганди кўчаси, 35-уйда аввалроқ VIP Servis компанияси жойлашганди, бино ҳам унга тегишли эди.
“Бу Ўзбекистон Миллий банкининг шўба компанияси. 2018 йилдан ўша бинони ижарага олдик, капитал таъмирлаш учун ўз маблағимиздан 250 миллион сўм сарфладик. У ерга ишлаб чиқаришни жойлаштирмоқчи эдик. Бу ерда 325 квадрат метр майдон таъмирланди. Асбоб-ускуналар олиб келинди, 40 та иш ўрни яратилди, бир йил ишладик, бинони сотмоқчи эканликлари ҳақида хат жўнатишди. Бино бузиладиган ҳудудда эканлигини ва уни сотиш мумкин эмаслигини айтдик. Шунга қарамай, бу бино 100 минг долларга сотилган. Ахир бунда коррупция элементлари йўқми?”
Хамраев ўз компаниясида қарийб 30 кишини қисқартиришга мажбур бўлган.
“Яқинда эса қурувчи компания менга “Мадамин” МЧЖ бино учун 280 000 доллар нақд пул тўлаганлигини айтди. Миллий банк бино бузиш зонасида жойлашганини билиб, уни бу суммага сота олмасди. Бу ерда Миллий банк раҳбарларининг бундан манфаатдорлигини кўрмаяпсизми?”, — деб сўрайди тадбиркор.
Golden Dreamlands компанияси ва ҳокимлик билан суд жараёнлари
Рустам Шарипов ўз компанияси жойлашган Махатма Ганди 39 уйида кўчмас мулкка эга. Бу деярли 5 сотих ер майдонида, 335 квадрат метр майдонда жойлашган нотураржой бинолари.
“2021 йил бошидан бери Golden Dreamlands биз билан судлашиб келмоқда (“ASANTI-INTERNATIONAL” МЧЖ – таҳр.). Яъни корхона мулкимизни Сулаймонова номидаги марказ орқали мажбурий баҳолаб, мажбурий кўчириш учун хўжалик судига мурожаат қилган. Адлия вазирлиги ҳузуридаги мазкур марказ биноларнинг техник қийматини баҳолайди. Яъни, уларнинг бозор қийматини баҳолашга ҳаққи йўқ ва ҳатто моддий-техник имкониятлари ҳам йўқ, кадрлар йўқ. Туман даражасида биз судда ғалаба қозондик”.
2021 йил 22 июнь куни компания худди шу талаблар билан шаҳар даражасида апелляция даъвосини берди.
“Улар ҳамма жойда пойтахт ҳокимининг 2017 йилдаги 1652-сонли қарори ва гўёки истиқомат қилувчилар йиғилишининг баённомасини кўрсатишмоқда. Апелляция инстанциясида суд бизнинг мулкимизни баҳолашга қарор қилди. Ўша вақтга келиб, биз мустақил баҳолаш компаниясида ўз баҳолаш ишларимизни амалга оширгандик. Суд жараёнида биз бу ер участкасини бузиш учун ажратиш бўйича фундаментал ҳужжатларни текширишга киришдик, яъни ҳоким нима асосда 1652-сонли бузиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. Чунки бизда нафақат қарорнинг ўзи бўйича, балки 1652-сонли қарорга кўра ер Golden Dreamland компаниясига ажратилгани, судга эса Golden Dreamlands компанияси даъво аризаси билан мурожаат этаётгани ҳақида ҳам саволлар бор эди”.
Тадбиркор Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва шаҳар адлия бошқармасига мурожаат қилади.
“Хусусан, ҳоким ўзининг 2018 йил 6 февралдаги 197-сон қарори билан 2018 йил февралдаги 1652-сонли қарорига ўзгартиришлар киритгани маълум бўлди. Биз бу ҳақда 2021 йил октябрь ойи охирида билдик. Кейин биз маъмурий судга 1652-сонли қарорни ноқонуний деб топиш учун қарши даъво аризаси билан мурожаат қилдик. Ҳоким қарорга ўзгартиришлар киритганини кейинроқ, биринчи маъмурий иш бўйича кўриб чиқиш жараёнида билиб олдик”.
Тадбиркор ҳокимнинг қарори қонунийлиги устидан шикоят келтириш мақсадида ўзи жавобгар бўлган суд жараёнини тўхтатиб қўйишга қарор қилади.
“Ҳокимнинг 1652-сонли қарорига кўра, биринчи инстанцияда ҳам, иккинчи инстанцияда ҳам, Олий судда ҳам даъвони рад этишди, ҳамма жойда даъво муддати ўтиб кетганига ишора қилишди. Яъни, қонунчиликка кўра, ҳар қандай фуқаро ёки юридик шахс ушбу қарордан хабардор бўлган пайтдан эътиборан уч ой мобайнида ҳар қандай қарорнинг қонунга хилофлиги тўғрисида судга мурожаат қилишга ҳақли. Судьялар бунга ишора қилиб, ишни тугатиб, ҳокимнинг ноқонуний қабул қилинган қарорини қонуний деб тан олишди”, – дейди Шарипов.
Айни пайтда “ASANTI-INTERNATIONAL” МЧЖ ташкилоти ҳокимнинг 197-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан шаҳар миқёсида суд ишини олиб бормоқда.
“Фундаментал ҳужжатларни ўрганиш жараёнида амалдаги қонунчилик бузилган кўплаб ҳолатлар, хусусан, фактларни бузиб кўрсатиш, фактларни яшириш ҳолатлари аниқланди. Бузиш тўғрисида қарор қабул қилинишидан аввал ҳокимликда ҳужжатлар тўплами тайёрланиб, унда 5 гектардан бузиш учун ажратилган ушбу ҳудудда нотураржой ва тураржой бинолари йўқлиги, яъни, бу ҳудудда ҳеч ким яшамаслиги аниқ кўрсатилган. Бу ерда аҳоли яшаши яширилган”.
Тадбиркорнинг фикрича, улар шу йўл билан Вазирлар Маҳкамасининг 54-сонли қароридаги бир қатор асосий талабларни четлаб ўтишга муваффақ бўлган.
“Унда кимдир бирор ҳудудда қандайдир қурилиш қурмоқчи бўлса, ҳокимликка мурожаат қилиши аниқ ва равшан ёзилган. Ҳокимлик ушбу мурожаатни кўриб чиқади ва агар ҳудудда бинолар мавжуд бўлса, асоссиз бузилиб кетмаслик учун ҳокимлик уларни рад этиши шарт. Бу биринчи ва асосий банд. Шундан сўнг ҳокимликнинг бу масалани кўриб чиқишга умуман ҳаққи йўқ эди. Буларнинг барчасини яшириш учун ёлғон маълумотлардан фойдаланиб, ушбу бандни четлаб ўтишган”.
Инвестицион ва уч томонлама шартномалар
“Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва ташаббускор, яъни қурувчи ўртасида ўша пайтда инвестиция шартномаси бўлмаган, бу эса ҳоким қарор қабул қилиши учун асосий ҳужжат ҳисобланади. Ҳокимнинг 1652-сонли қарорида мазкур ҳудуддаги барча бинолар бузилиши ҳамда қурилиш, ободонлаштириш, кўчмас мулк билан боғлиқ ҳар қандай нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тақиқланади, деган банд бор. Яъни, ҳеч ким ўз биносини ва шунга ўхшаш нарсаларни сота олмайди ёки реконструкция қила олмайди. Агар инвестиция шартномаси бўлмаса ва, агар ҳеч ким бу қарорни бекор қилмаса, унда 50 йил давомида ҳеч ким ўз мулкини сота олмайди ёки мулкини янгидан реконструкция қила олмайди. Шунга кўра, бу ҳоким ва қурувчи ўртасидаги инвестиция шартномаси билан тартибга солинади”, – дейди Шарипов.
Тадбиркорнинг қайд этишича, пойтахт ҳокимининг 1652-сонли қарори ҳақидаги масала Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашида кўриб чиқилиши керак эди.
«Бу қарор, у қабул қилинишидан олдин ҳам, ундан кейин ҳам 100% ноқонунийдир.»
Шариповнинг фикрича, ҳозирда истиқомат қилувчиларни судга бераётган Golden Dreamlands компанияси 1652-сонли қарор доирасидан ташқарига чиқмоқда.
“Компанияда кўчириш ҳуқуқини ён босиш бўйича уч томонлама шартнома йўқ, бу ҳам суд жараёни давомида маълум бўлди. Уч томонлама шартнома нимани англатади? Хусусан, кўчиришга бўлган ҳуқуқлар белгилаб қўйилиши керак. Ушбу ташкилотнинг хатоси нимада? Мулк эгаларига нисбатан судга даъво аризаси берилади, компания суд жараёнларида ғалаба қозонади ва кейин бу мулкни куч билан расмийлаштиради. Агар компания судга мурожаат қилган бўлса, демак шахс ўз мулкини ихтиёрий равишда сотишни хоҳламаяпти. Бунда ҳокимнинг 1652-сонли қарори банди бузилади, унда харид қилиш-сотиш бўйича барча нотариал ҳаракатлар тўхтатилиши кераклиги аниқ ёзилган”.
Тадбиркорнинг айтишича, қонунга кўра бу ҳудуд шаҳар ҳокимлиги захирасига ўтказилиши, шундан сўнг ҳоким қурилиш учун ер ажратиши керак эди.
“Буни қурилиш учун ер участкаларини мақсадли ажратиш дейилади. Ҳозиргача бу борада ҳеч нарса қилинмаган ва қилиниши ҳам мумкин эмас, чунки амалдаги қонунчиликка кўра, ҳокимнинг ер ажратиш бўйича ваколатлари бекор қилинган”.
Ҳокимнинг бегоналаштиришни тақиқлашига келсак, бу 1652-сонли қарорнинг 3-банди бўлиб, унда бузиб ташлаш зонасида жойлашган кўчмас мулкни учинчи шахсга бериш тақиқланганлиги кўрсатилган.
“Бу 911-сонли қарорга зид бўлиб, унда мулкдор, яъни бузилаётган ҳудудда мулкка эга бўлган шахс ўз мол-мулкини қурувчи билан шартнома тузилгунга қадар ўз мулкини бегоналаштириши мумкин. Агар мулкдор ва қурувчи ўртасида ёзма келишув мавжуд бўлса, фақат шу ҳолдагина мулк эгаси ўз мулкини учинчи шахсга бегоналаштиришга ҳақли. Яъни, аслида, шаҳар ҳокимининг қароридаги бегоналаштиришни тақиқлаш тўғрисидаги банд 911-сонли қарор қоидаларига зиддир, лекин аҳамияти бўйича, устуворлиги бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳокимнинг қароридан устун туриши керак”.
Мулкнинг Сулаймонова номидаги марказда баҳоланиши
Шаҳар даражасидаги хўжалик судида Рустам Шарипов жавобгар сифатида кўрилаётган иш қайта тикланди.
“Сулаймонова номидаги марказда баҳолаш ишлари ўтказилди, бироқ ўша вақтда иш маъмурий судда кўриб чиқилаётган эди, баҳолаш ишларининг амал қилиш муддати эса якунига етаётганди. Биз мустақил баҳони янгиладик. Маълум бўлишича, ҳозир бизда ярим йил ичида ушбу участкадаги кўчмас мулкнинг, ер участкаларининг ҳам нархлари ошган. Даъвогар Golden Dreamlands компанияси барча судларда ер сотилмаслигини, ер давлат мулки эканлигини ва ер уларга ажратилганини айтмоқда, бироқ уларда ер ажратилиши тўғрисида ҳеч қандай ҳужжат йўқ, ҳоким қарорида эса фақат бузиш ҳақида сўз боради”.
Айтиш жоизки, марказ қийматни мустақил компанияга қараганда уч бараварга кам баҳолаган.
«Буни нима билан асослашди, дейсизми? Марказ мутахассиси на бухгалтерия ҳисоби, на иқтисодиёт ва бошқа барча соҳалар бўйича маълумотга эга, унда фақат техник кўникмалар бор, холос. Унда кўникмалар йўқ экан, қандай қилиб бозор қийматини баҳолаши мумкин? Ходим ушбу ҳудудда, яъни бино яқинида бинони сотиш бўйича таққослаш учун мос биноларни, ер участкаларини топа олмаганмиш. У шу ҳудуддан ниманидир топганмиш. Кечирасиз-у, ахир Мирзо Улуғбек тумани Амир Темур майдонидан бошланиб, ТТЗ томонда тугамайдими?».
Тадбиркорнинг фикрича, қийматни аниқлаш ва объектив суммани акс эттириш учун марказнинг баҳоловчиси ўша жойнинг ўзида топиб, солиштириши керак эди.
“Нега мустақил баҳоловчилар топа олади? Балки, уларда қандайдир манфаат бордир, қурувчи билан қандайдир келишув бордир? Биз буни билмаймиз”.
«Нега судлар қарорни истиқомат қилувчилар фойдасига чиқармаяпти?»
Шариповнинг айтишича, суд жараёнида Golden Dreamlands компанияси ҳеч қандай сабабсиз, компенсация миқдори ва тартибини белгиламасдан, кўчириш тўғрисида даъво қўзғатаётганини исботлашга муваффақ бўлинган.
“Биз буни шу ҳудудда яшовчиларнинг 75 фоизининг розилиги йўқлиги ва ўз мулкини ихтиёрий равишда сотишдан бош тортганларнинг 25 фоизи эмаслигимиз билан исботладик. Биз буни исботлашга муваффақ бўлдик ва суд буни шаҳар даражасида инобатга олди, улар иккинчи инстанцияда ҳам рад этилди. Нега Golden Dreamlands компанияси иштирокидаги бошқа судлар тўхтамаяпти ва қарорни истиқомат қилувчиларнинг фойдасига чиқармаяпти?”
Шариповнинг сўзларига кўра, Олий судда 1652-сонли қарор юзасидан иш юритиш аллақачон якунланган, бироқ у назорат тартибида судга шикоят қилиш ёки Бош прокуратура орқали протест келтириш ҳуқуқига эга.
«Олий судда бўлиб ўтган суд мажлисида иштирок этаётган прокурор бизнинг фикримизни тўлиқ қўллаб-қувватлади. Яъни, бу қарор ноқонуний эканлиги ҳақида ўз фикрини билдирди. Аммо судьялар даъво муддати аллақачон ўтиб кетганига ишора қилиб, аввал қабул қилинган қарорни ўзгаришсиз қолдирди”.
Anhor.uz таҳририяти мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратурага, Адлия вазирлигига, Қурилиш вазирлигига сўровлар юборган бўлиб, жавобини кутмоқда.
Шарҳлар