Ўзбекистон ОТМлари 6 йилда 170 мингдан зиёд абитуриентни йўқотган
2024-2025 ўқув йили учун олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш бўйича ҳужжатларни қабул қилиш жараёнлари якунланди. Энди рақамлар асосида таҳлилга эътибор қаратсак бўлади.
Жорий ўқув йилида барча мулкчилик шаклидаги умумтаълим муассасалари 11-синфларини жами 414,6 минг нафар ўқувчи битирган бўлса, жорий йилги ДТМ имтиҳонларида иштирок этиш учун 894 279 минг нафар абитуриент рўйхатдан ўтди. Битирувчиларнинг ҳаммаси ҳам ОТМларга ҳужжат топширмаганини ҳисобга оладиган бўлсак, юқоридаги рақамларнинг катта қисмини аввалги йилларда топшириб йиқилган ва хорижий абитуриентлар ташкил қилмоқда.
Маълумотларга кўра, ушбу сонлар аввалги йилларга қараганда сезиларли даражада кам. Аслини олганда бу ўсиш нуқтаси фақат жорий йилдагина паст кўрсатгич бераётгани йўқ. Жараёндаги пастлаш бир неча йил аввалдан бошланган.
Юқоридаги инфографикада 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб жорий йилгача бўлган муддат ичидаги маълумотлар келтирилган. Ундан кўриш мумкинки, айнан пандемия давридан кейин ҳар йилги рақамларда кўтарилиш ва пастлаш фарқи катта.
Ўзбекистонда ўтган 7 йил мобайнида давлат ва нодавлат олий ўқув юртлари сони 77 тадан қарийб 213 тага етган. Ёшларни таълим билан қамраб олиш жараёни эса 9 фоиздан 42 фоизга кўтарилган. Республика бўйича мавжуд 67 та нодавлат, 29 та хорижий ва 114 та давлат олий таълим муассасалари ёшларга таълим беришга шай турибди. Аммо инфографикадаги рақамлар негадир пастга қараб ҳаракат қилмоқда.
Anhor.uz абитурентларнинг қизиқиш ва танловини ўрганиш учун сўровнома ўтказди. Унда нима асосида ОТМларни танлагани ва унинг сабаблари ҳақида сўралган саволларга сўровномада қатнашганларнинг 80 фоиздан юқориси асосан оилавий ҳолат ва билим даражасидан келиб чиқиб давлат олий таълим муассасаларини танлаган бўлса, 10 фоиз иштирокчилар хусусий таълим муассасаларининг таълим бериш сифати яхшилиги ва юқори талабли йўналишларнинг мавжудлиги сабабли танлашган. 5 фоиз респондентлар хорижий таълим муассасаларини танлаган. Қолган 5 фоиздан камроқ иштирокчилар олий маълумотли бўлишдан кўра бошқа касб-ҳунар билан шуғулланишни мақъул кўришган.
Илҳомжон Собиров,
Anhor.uz журналисти
Шарҳлар