Прилепиннинг “Шунчаки қўшиб олиш”ига энди рус тарихчисининг “Ўзбеклар умуман бўлмагани” қўшилди 

фотоколлаж
Фото: Anhor.uz

Бундай гаплар оҳирги пайтларда тез-тез кўриниш бермоқда. Россиялик тарихчи Михаил Смолин НТВ телеканалидаги жонли эфирда узатилаётган кўрсатувда инқилобгача ўзбеклар бўлмаган деган баёнот билан чиқиш қилгани тармоқларда кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Anhor.uz бунга эътибор қаратди.

Михаил Смолинга кўра, “Қозоғистон қандай пайдо бўлганини қаранг. Аввалига Россия социалистик федератив республикаси таркибида Казаклар республикаси деб аталган. Яъни умуман қозоқлар йўқ эди… Масалан, ўзбеклар инқилобгача бўлмаган. Бундай этник ном ҳам бўлмаган. Ўрта Осиёнинг бир қанча халқларидан олинган ва ўзбеклар яратилган. Озарбайжонларчи? Улар кимлар?  – бундай миллат йўқ».


Аввалроқ, россиялик ёзувчи Захар Прилепин собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб олишни ва унинг аҳолисига рус тилини ўргатишни таклиф қилиши ортидан Ўзбекистон ОАВлари, тармоқ фаоллари, депутатлар, блогер ўз фикрларини улашишни бошлаши ортидан Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг фавқулотда ва муҳтор элчисини ТИВга чақирган эди.

Россиялик ёзувчи, “Справедливая Россия” (Адолатли Россия) партияси аъзоси Захар Прилепин, Ўзбекистон ва бошқа қўшни давлатларни Россияга қўшиб олишни таклиф қилиб. СССР парчаланиши ҳақидаги барча ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб топилишини ва қўшни давлатларнинг жуда кўп фуқаролари Россияга келаётгани баҳонасида “шунчаки тўлиқ қўшиб олиниши” кераклиги ҳақида гапирган эди.

Юқоридаги каби ҳолатлар биринчиси эмас. Бунга тармоқ фаоллари, ОАВлар, блогерлар, жамоатчилик вакиллари ўз муносабатларини билдиришмоқда. Масалан, собиқ депутат, Экология, иқлим ўзгариши ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербаев шундай дейди. 

“Буниси энди ошиб тушди. Рус шовинист, пропагандачиларидан бири тарихчи Михаил Смолин деган шахс 1917 йилга қадар ўзбек ва қозоқлар миллат сифатида мавжуд бўлмаганини таъкидламоқда. Видео Россиянинг НТВ каналида берилган. Кўриниб турибдики, катта эҳтимол билан Кремл буюртмаси асосида рус зиёлилари секин аста Марказий Осиё мамлакатларини босиб олишга ўз жамиятини рухан тайёрламоқда. Бу сценария Украинага уюштирилиши кутилган босқиндан олдин ҳам қўлланилган. Бундай ҳаракатлар фонида биз ҳеч бўлмаса биринчи галда ўз жамиятимизни ҳуружлардан сақлаш учун рус пропагандаси билан шуғулланаётган барча каналларни чеклаш ҳақида тўхтамга келишимиз керак. Буниси энди ошиб тушди”, – деган Кушербаев.


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиев ўзининг телеграмдаги расмий каналида қуйидагича изоҳ қолдирган.

“Чаласавод пропагандистларнинг этник масалалар бўйича бидир-бидир қилишларига эътибор ҳам қилмаслик керак аслида. Лекин бизнинг ёшларимизни шунақа арзон чўпчаклар чалғитмаслиги учун, қуруқ гапдан кўра, бир қатор тарихий хариталарни илова қиламан. Ўйлайманки, гапгаям ҳожат қолмайди. 

P.S. Хариталарнинг биринчиси – Европалик картограф A.Mаас томонидан 1735 йилда тузилган Ўрта Осиё харитаси (минтақа номи “ўзбек” деб берилган);

Иккинчиси – Усмонийлар империяси, Арабистон, Ўзбек давлати ва Форс империясининг батафсил харитаси. Роберт де Вагонди томонидан 1753 йилда тузилган ва 1757 йилда нашр этилган;

Учинчиси – немис картографи И.Хоманн томонидан 1730 йилда тузилган “Ўзбек Бухороси” номини ўз ичига олган Осиё харитаси”, – деган у.


Шунингдек, ушбу хариталарни ҳам тақдим қилган.

Бошқа тармоқ фойдаланувчилари ҳам қаторасига бундай хабарлар чиқаётганлиги юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини баён этишган.

Ҳозирча, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бу борада ҳеч қандай маълумотни ёки муносабатни тақдим қилмади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ташқи ишлар вазирлигидан Россиялик тарихчи Михаил Смолин фикрларига муносабат кутиб қоламиз.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.