,

Журналист ва камерага ташланган бозор қўриқчиси, ишсиз қолаётганлар ва фуқароларнинг «фарёди» – Anhor.uz репортажида

Фото: Anhor.uz

Журналист ва камерага ташланган бозор қўриқчиси, Қўйлиқдаги собиқ бозор атрофидаги гап-сўзлар, Food city ва бошқа савдо жойларига кўчирилган савдогарлар тақдири, ишсиз қолаётганлар ва фуқароларнинг «фарёди». Уларни ким тинглайди?

Тошкент шаҳар ҳокимлиги эса таҳририят «Ахборот сўрови»га қачон жавоб беради ?

Булар собиқ бозор ҳудудида тирикчилик ўтказиб, айни пайтда ўз фаолиятини давом эттиришга имконини йўқотган одамлар. Уларнинг кайфияти, яшаш шароити бизларни қизиқтириши даркор. Бири фарзандлари учун нон топай, уй қилай деяётган аёл бўлса, яна бири сурункали касалликларга чалинган, уйсиз, турмуш ўртоғи қамоқда бўлган инсон – ҳаммаси жамиятимизнинг аъзолари. Биринчи аёл бозор ҳудудида фаолият кўрсатишга ҳеч бир имконият қолмагани, тирикчилиги ўтиши учун ушбу бозорда, иссиқ чой, кофе ва ширинликлар сотувчиси бўлганини бот-бот таркорламоқда ҳолос. Унинг фиғони фалак. 

Буларнинг ҳаммаси аҳоли билан тушунтириш ишлари, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш қўл учида қилинаётганидан далолат бўлса керак. Бу кетишда уларнинг мурожаатлари жавобсиз қолишидан ҳавотирдамиз.

Тасвирдаги манзаралар Қўйлиқдаги “Тошкент қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори”да 6 январда бориб тасвирга олган жараёнларимиздан кўра бироз ўзгарганини кўришингиз мумкин. Реконструкция ва бузиш ишлари давом эттмоқда. Аммо бу реконструкциями, йўқми, ҳалигача на савдогарлар, на фуқаролар учун сир бўлмоқда. Ҳокимлик ва мутасаддилар саволларимизга ҳам, аҳолига ҳам лом-лум дейишгани йўқ. 

Фақат 5 январь куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий телеграм каналида Қўйлиқдаги “Тошкент қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори”да қурилиш ва реконструкция ишлари бошланишини, шу сабабли, бозор вақтинча ёпилишини, реконструкция даврида бозордаги тадбиркорларга ўз фаолиятини Food city, Tashkent Index ва бошқа савдо мажмуаларда давом эттиришни таклиф қилаётганини маълум қилган.  Бошқа бирор маълумот ҳанузгача йўқ. 

Аҳолини собиқ бозордаги жараёнлардан хабардор қилиш ниятида навбатдаги репортажни тақдим этамиз. Бироқ, репортаж бозор атрофидан бўлди, чунки реконструкция ишлари кетаётган ҳудудга киришда бизнинг йўлимиз ўша ердаги мутасаддилар томонидан тўсилди. Аслида, «ОАВ тўғрисида»ги ЎзР Қонунида Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари эркин эканлиги ва уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланган. Қонун ҳужжатларига мувофиқ ОАВ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш ҳуқуқига эга ҳамда тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлиши белгилаб қўйилган. Бироқ мутасаддиларнинг ҳаракати унинг яққол тескарисини кўрсатиб турибди.

Сизга тақдим этилаётган ушбу тасвирлар таҳририят томонидан 6 январь куни бозор ҳудудида бўлганимизда тасвирга олинганлигини ҳам эслатиб ўтамиз.

Жараёнга тўлиқ кириб бориш мақсадида бозор ҳудудида бўлганимизда, Қўйлиқ деҳқон бозоридан рўзғор учун ҳаридларни амалга ошириб, уйга қайтаётган онахонни суҳбатга тортдик.

Бу ерда тасвирга олишни якунлагач собиқ бозорнинг кўплаб савдогарлари кўчиб ўтган Food city улгуржи савдо бозорига бордик. 

Аввалги ташрифимизда  Food city бозорининг қўйлиқдаги собиқ бозордан кўчиб борган қисми ҳали тўлиқ иш фаолиятига киришмаган эди. Бу сафар, 22 январь куни бу ердаги манзара анча гавжумлашган. Савдо ва ҳарид жараёнлари қизғин эканлигини тасвирлар ҳам кўрсатиб турибди. Биз савдогарлар ва ҳаридорлар кайфиятини билишга қизиқдик. 

Бу орада қаердандир бизни келганимизни пайқаган Food city мажмуасининг назоратчилар етиб келишди ва тасвирга олишни тўхтатишимизни талаб қилишди. Уларнинг гапига кўра, аввал мажмуани огоҳлантириб, улардан рухсат олиб, репортаж қилишимизни талаб этишди. Стендап (интервью) ёзишимизга жиддий қаршилик кўрсатилди, камера обеъктивини қўл билан ёпишга ғайриқонуний уринишлар бўлди. Давлат рўйхатидан ўтган, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фаолият олиб бораётган ОАВ ва журналистнинг ҳуқуқларини қўпол бузишга яққол қаратилган ҳаракат содир этилди.

Бир оз муддат тасвирга олишни тўхтатдик, бу жараёнда бизни Food city мажмуаси раҳбарияти билан учрашишга таклиф қилишди.  Бироқ, раҳбарият билан учрашиб бўлмади, улар муҳим учрашувда банд эканлигини, ФВВдан назорат гуруҳи келганлиги бизга маълум қилинди. Шу боис қўриқчилар каттаси билан суҳбатлашдик, ҳолос. Унинг қайд этишича, биз аввал мажмуа раҳбари номига сўров юборишимиз, шунда рухсат бўлсагина, бизга маъмуриятдан бир ҳамроҳ бириктирилиб, унинг назорати остида тасвирга олишимиз мумкинлиги яна бир карра эслатилди. Шу тартибда, бизга маъмуриятдан масъул бириктирилган ҳолда тасвирга олиш ишларини давом эттирдик. Кўриб турган манзарангиз собиқ бозордан янги ҳудудга кўчиб ўтган ва фаолият бошлаган манзара. 

Бозордаги нарх-наво эса турлича. Кимдир Қўйлиқдаги собиқ улгуржи бозор бузилгач, нарҳлар ошди деса, бошқалари бозор кўчиб анча қулай бўлганини айтмоқда. Бу борада, пойтахт бозорларидаги нархларни ўзининг расмий телеграм саҳифасида тақдим этиб борувчи Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 5 январь куни маълумот тақдим этганидан сўнг орада салкам 2 ҳафталик танаффус эълон қилди чоғи. 17 январдан яна нархлар бўйича маълумот беришни бошлаган вазирлик эндиликда Food city-да жойлашган “Янги Қўйлиқ деҳқон бозори”дан улаша бошлади. Нархлардаги тафовут эса сезиларли.

Савдогар ва ҳаридорлар билан бўлган суҳбатларга қулоқ тутамиз. (ВИДЕОРЕПОРТАЖДА)

Айни пайтда Қўйлиқдан ушбу ҳудудга кўчиб ўтган сотувчилар бу ерда қандай шартлар асосида фаолият олиб боришлари борасида ҳали ҳам аниқ маълумотга эга бўлмаганликларини, 3 ой бепул, ундан кейинги фаолият қандай кетишини айта олишмади. Бизга ҳамроҳ бўлган мажмуа маъмурияти вакилнинг очиқлашича, бу ерда келгусида савдогарлардан кунлик патталар, яъни жой ҳаққилари олинмаслигини, унинг ўрнига ойлик тўловлар амалга оширилишини, лекин ҳозирча ойлик ижара тўлови нарҳлари аниқ эмаслигини билдирди. Унинг қўшимча қилишича, савдогарлар бу ҳудудга кўчиб ўтгач, Бектемир тумани ҳокими онда-сонда келиб, улар билан учрашиб тураётганлигини ҳам билдирди. 

Ўйлаймизки, тез орада собиқ бозорнинг келгуси тақдири ҳақидаги маълумотлар очиқланади ва Food city  ҳамда бошқа ҳудудлардаги фаолият олиб бораётган тадбиркорлар учун мақбул бўлган ечим топилади. Юқоридагилардан келиб чиқиб, таҳририят ахборот олиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлигига яна бир бор “Ахборот сўрови” юборади. Шулардан келиб чиқиб, Anhor.uz Қўйлиқдаги бозор масаласи ва савдогарларнинг кейинги фаолиятлари бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлардан жавоб кутиб қолади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.