Сергели туманидаги портлаш: 30 кундан сўнг

Фото: Дарья Пензова | Anhor.uz

Тошкентнинг Сергели туманидаги Inter Logistics логистика марказидаги кучли портлашдан сўнг, Ўзбекистон Бош вазирининг матбуот котиби Бекзод Хидоятов Сергели туманидаги фавқулодда ҳодиса натижасида аҳоли уйларига етказилган зарар давлат ҳисобидан қопланишини таъкидлаган эди.

Anhor.uz нашрининг журналистлари Сергели туманининг “Қурувчи” массиви аҳолиси ёрдам олаётганини, шунингдек портлашдан зарар кўрганлар ва волонтёрлар билан суҳбатлашиб, одамлар портлаш жойи яқинида яшашда қандай қийинчиликларга дуч келганини билиш мақсадида Сергели туманига бориб тадқиқот ўтказди.

Нима рўй берган эди

28 сентябрь кечаси Сергели туманидаги “Қурувчилар” массивида Inter Logistics компанияси омборида ўт чиққан. Бир неча дақиқадан сўнг худди шу жойда кучли портлаш юз берган бўлиб, у Тошкентнинг бошқа туманларидан ҳам эшитилган эди.

Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажариб турган Шавкат Умурзаковнинг матбуот хизмати портлаш оқибатида Сергели туманидаги 26 кўп қаватли уйдаги 592 хонадон, 8 савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаси, 1 мактаб ва 2 мактабгача таълим муассасасининг фасадлари, дераза рамкалари ва ойналари шикастланганини маълум қилган эди. Шунингдек, 24 та кўп қаватли ва 25 та хусусий уйнинг томлари зарар кўрган.

Давлат комиссияси ўргпниши давомида ўт чиқиши ва портлаш металл ва панеллардан иборат хонада содир бўлгани аниқланган. Омборнинг металл конструкциялари ўт чиқиши пайтида деформацияга учраб вайрон бўлган.

Комиссия маълумотларига кўра, портлаш жойида кўп миқдордаги кимёвий моддалар (полиэфирлар, ксилол, углеводородлар, натрий гидроксиди, сув пероксиди, этиленгликоль ва юқори молекуляр оғир карбон кислоталари эфирлари), тегишли талабларга риоя қилмаган ҳолда қурилиш материаллари сақланган.

Ҳозирги вақтда комиссиянинг эксперт текширувлари (суд-кимёвий, ўт ўчириш-техник, портлаш техник ва бошқа) давом этмоқда, шунинг учун портлаш сабаблари кейинчалик эълон қилинади.

“Энди тунларим стрессда ўтмоқда…”

Портлаш жойи яқинидаги уйда яшовчи Дилфуза Ризаева ҳодиса ўз кўз ўнгида юз берганини айтди. Ҳамма нарса тунги икки яримда бошланган ва у ёнғинни ўз хонасидан кўрган. Дилфуза болаларни уйғотиб, деразалардан нарироққа ўтишга қарор қилган. Кейин ғалати тебраниш бошланган, гўёки зилзила бўлгандай. “Люстра, деразалар, рамкалар – ҳаммаёқ ғичирлаб кетди. Шундан кейин, кучли портлаш юз берди”, деб эслайди Дилфуза.

“Зўрға болаларнинг ҳаммасини уйғотиб олдим. Биз бу нима эканини тушунмадик – зилзила ёки портлаш. Ўғлим хотини билан чопиб пастга, зинапоядан тушиб кетди. Келинимнинг юзида ойна парчаларидан ёрилган жароҳат пайдо бўлди. Билсак, божхона омборларида портлаш бўлган экан. Мен узоқ вақт хонамга қайта олмадим ва ҳозир тунларим стрессда ўтмоқда – қайтадан портлашдан қўрқаман”, деб ҳикоя қилади Дилфуза. Уларнинг оиласи саккизинчи қаватда яшайди, 28 сентябрдаги портлаш тўлқини барча эшик ва деразаларни синдириб ташлаган эди.

Альбинанинг нафақахўр ота-онасининг хонаси ҳам портлашдан зарар кўрган, узоқ вақт деразалар ўрнатилмаганлиги сабабли оила ўз ҳисобидан деразалар ўрнатишга мажбур бўлган. Альбинанинг айтишича, ота-онаси шикоят қилиб, Ўзбекистон Президенти порталига қўнғироқ қилишган, аммо ҳозиргача ҳеч қандай аниқ ёрдам ва жавоб олишмаган. Уй аҳлининг асосий муаммолари ойна ва рамкаларни ўрнатиш билан боғлиқ.

Аммо уйи портловдан зарар кўрган Анастасия интизорлаб кутган ёрдамни ўз вақтида олган. У кичик ёшдаги боласи ва оғир бемор онаси билан яшайди, шунинг учун одамлар ва давлат ёрдами жуда зарур эди. Бошида волонтёрлар аёлга ва унинг оила аъзоларига овқат ва омаҳсулотлар етказиб беришган. Кейинчалик, у деразалар ўрнатишда ёрдам сўраб, волонтёрларнинг Телеграм каналига мурожаат қилган. “Охирида, менга рамкалар ўрнатиб беришди, энди откосларни қилиш қолди. Деярли бир кун ичида муаммо ҳал бўлди”, дейди Анастасия.

Волонтёрлар ёрдами

Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси аъзолари портлашдан кейинги куниёқ ёрдамга етиб келган. Улар ассоциация каналида портлаш жойига бориб, ёрдам бера оладиган масъулиятли йигит-қизлар зарурлиги ҳақида эълон беришган. Бир кун ичида 60 дан ортиқ волонтёр портлаш жойига бориб, иссиқ овқат тарқатишда ёрдам беришган.

“Биз 350 дан ортиқ одамни иссиқ овқат билан таъминлашга муваффақ бўлдик. Портлашдан дарҳол кейин ташаббускор гуруҳ волонтёрлар ҳам етиб келган эди. Ёрдам кўрсатганларнинг аниқ сонини айтиш қийин, чунки баъзилар иссиқ овқат олиб келган, баъзилар уни тарқатган, волонтёрлар болалар билан шуғулланишган, психологик ёрдам кўрсатишган”, деб ҳикоя қилади Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси раиси Ширин Абидова.

Ширин ва унинг ҳамкасби Мария портлашдан зарар кўрган хонадонларни бориб кўришган. Уларнинг айтишича, кўплаб зарар кўрганларга, жумладан, болалар ва ҳомиладор аёлларга ёрдам керак.

“Уларнинг ҳаммасига ёрдам зарур. Биз имконият доирасида ёрдам беряпмиз. Кўпроқ одамлар бўлса яхшироқ бўларди, чунки хонадонларни тозалашда ёрдам керак. Шунингдек, зарар кўрганларга маънавий ва психологик ёрдам, моддий кўмак зарур. Ҳа, давлат ёрдам бермоқда, аммо нозик жиҳатлар ҳам бор, қўшимча қўллаб-қувватлаш лозим”, дейди Мария.

Мариянинг айтишича, психологик ёрдамга муҳтож одамлар бор, электр усталари, сантехниклар, бўёқчилар ва оддий ишчилар ҳам керак, чунки кўпларнинг уйларида деворлар қулаб тушган”, дейди Ширин.

Ҳозирда иккита рус ва иккита ўзбек тилдаги тўртта волонтёрлар телеграм канали ишлаб турибди, аммо у ерга хабарлар тобора камайиб бормоқда. Кўпинча одамлар дераза ўрнатиш каби зарур ёрдамни сўраб мурожаат қилишмоқда. Ёрдам тугагач, барча алоқа каналларида қайси эҳтиёжларга маблағ сарфлангани ҳақида ҳисоботлар чоп этилади. У ерда портлашдан зарар кўрганларга ёрдам берган ва пул ўтказганлар рўйхати ҳам эълон қилинади.

Дарья Пензова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.