Ширин газли ичимликларга акциз солиғини солиш ўзбекистонликларнинг ҳаётини яхшилайдими?

Газировка
Фото: freepik.com

Ўзбекистонда 2024 йил 1 апрелдан бошлаб таркибида шакар бўлган алкоголсиз ичимликларга акциз солиғини жорий қилиш режалаштирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Ўзбекистон Иқтисодиёт ва Молия вазирлигининг 2024−2026 йиллар учун солиқ-божхона сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисидаги бюджет мурожаатномасига кўра, янги акциз солиғининг миқдори  ширин алкоголсиз ичимликнинг ҳар бир литрига 500 сўмни ташкил этади. Ҳужжатда ушбу билвосита солиқ касалликлар, жумладан қандли диабет каби касалликларнинг эҳтимолий ошишига йўл қўймаслик мақсадида жорий этилаётгани кўрсатилган. «Бундай солиқ 50 дан ортиқ мамлакатда (Франция, Венгрия, Буюк Британия ва бошқалар) мавжуд. Акциздан тушадиган даромадлар тиббиётни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади», – дейилади ҳужжатда.

Газли ичимликларни ишлаб чиқарувчилар уюшмасининг ижрочи директори Альфия Мусина “Spot.uz” нашридаги рукнда аҳолини соғломлаштиришнинг жиддий мақсадлари қўйилган муҳим ҳужжат тайёрланаётганида тармоқ вакиллари билан тадқиқот ўтказилмагани ва мулоқот олиб борилмаганини айтади.

Альфия Мусинанинг фикрича, “мулоқот зарур, чунки акциз солиғи кундалик овқатланишда шакар миқдорини камайтиришга ёрдам бермайди, балки ривожланаётган газли ичимликлар, шарбатлар ва нектарлар бозорини вайрон қилиш хавфи мавжуд”.

Аҳоли саломатлигини яхшилаш мақсадида ичимликлардаги шакарга янги солиқни жорий этиш, аввало, семириш ва қандли диабет касалликларининг сабабларини аниқловчи илмий таҳлил ва тадқиқот ўтказишни талаб қилади. Аҳолининг соғлиғи ҳолати ва овқатланиш мақоми ҳамда уларга таъсир этувчи омилларни аниқлаш учун миллий тадқиқот ўтказиш зарур.

Ҳудудлардаги тақчил ва мувозанатлаштирилмаган овқатланиш кўпгина касалликларга сабаб бўлиши мумкин, чунки аҳоли етишмаётган калорияни сифатсиз ва унча қиммат бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисобига қоплайди.

2022 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) шакарли ичимликларга солиқ жорий этишни тавсия қилувчи тадқиқот эълон қилди, лекин семиришга қарши курашиш чоралари комплекс бўлиши кераклигини таъкидлади. Ҳужжатда “қолган чораларни амалга ошириш учун реалистик режа билан бир нечта устувор йўналишларни танлаб олиш зарур”, деб таъкидланган бўлиб, болаларга мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотлари рекламасини чеклаш ва семиришни назорат қилиш чораларини такомиллаштириш бошқаларига нисбатан реалистикроқ, деб таъкидланган.

ЖССТнинг бошқа тавсияларини инобатга олмаган ҳолда, ҳар бир литр шакарли алкоголсиз ичимликларга 500 сўм миқдорида акциз солиғини жорий этиш семириш ва қандли диабет билан курашишнинг шубҳали усули ҳисобланади.

Европа Комиссияси ва Озиқ-овқат бўйича тадқиқот марказининг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда эркаклар аёлларга нисбатан кўпроқ алкоголсиз газли ичимликларни истеъмол қилади (мос равишда 62% ва 44%), лекин аёллар орасида эркакларга нисбатан семириш ҳолатлари кўп учрайди. Ушбу тадқиқотлар янги акциз солиғи қандли диабетга чалиниш динамикасига таъсир кўрсатмаслигини тасдиқлайди.

Шакарга солиқ солиш турли мамлакатларда зиддиятли натижаларга олиб келган. Норвегия, Дания ва Мексикада бундай солиқнинг жорий қилиниши чегарадан ташқари харид қилиш ва  контрабанда ҳажмининг ортишига олиб келган бўлиб, бу ўз навбатида, ички бозорга салбий таъсир кўрсатган. Филиппин ва Вьетнамда парламент атрофлича таҳлилдан сўнг сотув ҳажмига ва тармоқдаги бандликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган салбий оқибатлар аниқлангани сабабли солиқни қабул қилмади, чунки бу катта зарарларга олиб келиши мумкин эди.

Бундай солиқ аҳоли бандлиги ва тармоққа инвестициялар ҳажмига таъсир кўрсатиши мумкин. Ишлаб чиқаришни қисқартириш тармоқнинг ўзида ҳам, боғлиқ соҳаларда ҳам иш ўринларининг йўқотилишига олиб келади, бу эса иш ҳақидан олинадиган даромадларни ва солиқ солинадиган базани камайтиради. Солиқни жорий этиш тўғрисидаги қарор асосий бюджет кўрсаткичларига унинг таъсирини таҳлил қилмасдан қабул қилинган. ҚҚС солиғи, фойда солиғи ва бошқа солиқ тўловларидан олинадиган даромадларнинг камайиши ҳисобига жами солиқ тушумлари ҳажми қисқаради.

Кўпгина саноат корхоналари келажакда инвестицияларни камайтиришга мажбур бўлишади, чунки иқтисодий қарорлар қабул қилинаётганида тадбиркорлар, мустақил экспертлар ва жамоатчилик билан мулоқот ўрнатилмаётгани тенденцияси шаклланмоқда, бу эса инвесторларни хавотирга солиши табиий, шунингдек нархларнинг ошиши туфайли бозорнинг ўсиш суръатлари пасайиши ҳам бунга сабаб бўлмоқда.

Оксфорд университетининг ҳисоботига кўра, шакарга солиқ юқори даромадли оилаларга нисбатан даромади паст оилаларга кўпроқ таъсир қилувчи регрессив солиқдир.

Акциз солиғи шакарли газли ичимликлар чакана нархларининг ўртача 20 фоизга кескин ошишига олиб келади, бу эса  истеъмолнинг камида 20 фоизга қисқаришига сабаб бўлади. Маҳаллий маҳсулотлар нархининг ошиши Афғонистон, Покистон, Қозоғистон ва Қирғизистондан ноқонуний импорт ҳажмининг портлаш суръатлари билан ўсишига ҳам олиб келади. Шунингдек, мамлакат ичидаги ишлаб чиқарувчилар сифатдан маҳрум бўлишга мажбур бўлади.

Ижтимоий-иқтисодий ва бюджет самарадорлигини баҳолаш кўрсатдики, қўшимча солиқ ундириш жорий этилиши кичик ва ўрта тадбиркорликка, яъни ичимлик ишлаб чиқарувчиларнинг 1021 корхонаси (Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика қўмитаси маълумотлари)ни ўз ичига олган кўпчилик ишлаб чиқарувчиларга энг катта салбий таъсир кўрсатади.

Уларнинг кўпчилиги ўз ишлаб чиқаришларини ёпади, иш ўринларини қисқартиради ёки маҳсулотларни ноқонуний ишлаб чиқаради. Чунки маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари фоиз кўринишида бошқаларига нисбатан кўпроқ қимматлашади ва қимматлашиш 50 фоизгача етади.

Ичимлик ишлаб чиқарувчи компанияларидаги ҳар бир иш ўрни ўртача ўнта иш ўрнини етказиб берувчилар ва Ўзбекистондаги мижозлар орасида қўллаб-қувватлайди.

Ичимлик ишлаб чиқарувчи компанияларининг ҳар бир қўшилган қиймат сўми кўпайтириш самараси ҳисобига Ўзбекистон иқтисодиётида 10 сўм қўшимча қиймат яратади.

“Ҳозирча давлат тузилмалари мулоқотга чиқиш истагини кўрмаяпмиз. Демак, акциз солиғининг мақсади горизонт чегарасидан нарига қарамасдан бюджетдаги камчиликни бекитиш. Пулни шу ерда ва ҳозир олиш, кейин эса бошқа солиқлардан зарар кўриш ва акцизни бекор қилиш ёки “ривожланган кўплаб мамлакатлар”даги каби дифференциаллаштириш, чунки амалдорлар уларнинг тажрибасини охиригача ўрганмаган. Биз уюшмада лойиҳани муҳокама қилиш ва музокара олиб боришга тайёрмиз. Бизда билим ва рақамлар мавжуд. Бизнинг мақсадимиз аҳолида соғлом одатларни шакллантириш, уларга ортиқча шакар истеъмол қилишга муқобил таклифларни тақдим этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, маҳсулот сифатини яхшилаш ва иш ўринлари таклиф этадиган саноат сифатида ўсишдир”, – дейди Альфия Мусина.

Мутахассисларнинг фикрича, шакар истеъмолини камайтиришнинг энг самарали усуллари озиқ-овқат порцияларини, таркибини ўзгартириш ва аҳоли хабардорлигини оширишдир. Буларнинг барчаси миллий дастурни ишлаб чиқиш ва жорий этишни талаб қилади.

Соғлом турмуш тарзи ва одатларни шакллантириш, тегишли белгилаш, ҳар ким маҳсулот таркибини баҳолай олиши – бу мураккаб ва узоқ йўл, лекин айнан шу стратегия мамлакатдаги соғлиқ кўрсаткичларини сезиларли даражада яхшилаш имконини беради. Сифатни эмас, балки саноат устига юк бўлиб тушадиган янги солиқларни талаб бошқариши зарур.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.