«Tashkent City» қурилишига ажратилган имтиёзли нархлардаги металл ноқонуний равишда учинчи шахсларга сотилган
«Tashkent City» объектларининг қурилиши учун имтиёзли нархларда ажратилган металл прокатининг бир қисми ноқонуний равишда учинчи шахсларга нақд пулга сотилган. Бу ҳолат Anhor.uz таҳририяти томонидан ўтказилган журналистик текширув доирасида аниқланди.
Текширув натижаларга кўра, таҳририят металл материалларнинг сотилиши «Tashkent City» объектларининг қурилиш сифатига таъсир кўрсатгани ёки йўқлигини аниқлай олмади. «Tashkent City» Халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекциясининг маълум қилишича, барча объектлар қурилиши аввал тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ амалга оширилмоқда.
Амалдаги тартибга кўра, давлат компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган бошқа юқори ликвидли товарлар сингари қора металлни ҳам ички бозорда сотиш фақат Республика товар-хомашё биржаси орқали бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. Ушбу чора юқори ликвидли ва монопол товарларнинг нархларини сунъий равишда ошириб юбориш ва чайқовчиликнинг олдини олишга қаратилган. Шунга қарамасдан, 2020 йил июнь ойида «Ўзметкомбинат» акциядорлик жамияти Asia Sky Wealth Limited Malaysia норезидент хорижий компанияси билан умумий қиймати 10 миллион 220 минг АҚШ доллари миқдорида 22,0 минг тонна қора металл етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартнома тузади.
Рақобатдош бўлмаган имтиёзли нархдаги кўп миллион долларлик шартномани тўғридан-тўғри тузиш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 февралдаги 06/1-167-сонли фармойиши асос бўлган. Қора металл хориж компаниясига бозор нархидан арзонроқ ва ҚҚСни (-15%) тўламасдан, бир тоннаси ўртача 460,0 АҚШ долларига сотилган.
Тузилган шартноманинг 11.1-бандига кўра, товар «Tashkent City» (6 ва 7 лотлар) ва «Olmazor City» қурилиш майдонларига жўнатилиши алоҳида шарт қилиб белгиланди. Бунда металл материалларни Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш, шунингдек, уларни учинчи шахсларга қайта сотиш тақиқланганди.
«Tashkent City» қурилиши учун ажратилган металлнинг бир қисми мақсадли бўлишига қарамай, шубҳали схемалар асосида самарқандлик харидорга сотилган. 2020 йил 25 августдаги 34409-сонли ҳисоб-фактурага мувофиқ етказиб берувчи «Ўзметкомбинат» Акциядорлик жамияти Asia Sky Wealth Limited Malaysia хорижий компаниясига 706 миллион 275 минг сўмлик (68 818,50 минг АҚШ доллари) 152,93 тонна миқдорид арматура етказиб берган.
Кейинчалик маълум бўлишича, ушбу товар партияси Самарқанд шаҳрига етиб келган ва 78 минг АҚШ доллари миқдоридаги нақд пулга фуқаро Ш.X.гa сотилган. Харидор таҳририятга металлни унга фуқаро O.Л. нақд ҳисоб-китобга сотганини, лекин у бу маҳсулот хорижий компанияга тегишли эканлигини билмаганини билдирди.
“Самарқанддаги металл бозорида товарларни бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан таклиф қилишди, мен уни сотиб олишга қарор қилдим. Етказиб берувчининг ўзи ҳайдовчиларни ёллаган, улар товарни Бекободдаги заводдан уйимгача олиб келди”, — деди харидор.
Шунингдек, таҳририятга Самарқандга олиб келинган металл прокатининг фотодалиллари ҳам тақдим этилди:
Моддий ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси фуқароси X.С. 24.08.2020 йилдаги 168/08-сон ишончномага асосан хорижий компания вакили сифатида кўрсатилган.
Биз бу одамни топишга ва анонимлик шарти билан у билан гаплашишга муваффақ бўлдик. Asia Sky Wealth Limited Malaysia хорижий компаниясининг ишонч билдирилган одами катта юк машинасининг оддий ҳайдовчиси бўлиб чиқди, унинг сўзларига кўра, у бу компания ҳақида ҳеч қачон эшитмаган.
“Менга қўнғироқ қилишди ва «Ўзметкомбинат» омборидан Самарқандга 150 тонна арматура етказиб беришимни сўрашди. Танишларим билан кўрсатилган манзилга бордик, товарни машиналарга юклашди, биз уни белгиланган манзилга етказиб бердик. Хизматларимизни Самарқанддаги харидор тўлади”, — деди у.
Нега товар-моддий ҳужжатларда унинг исми ва фамилияси кўрсатилгани ҳақидаги саволга, у шундай жавоб берди: “Товарни юклаб ортиш чоғида мендан баъзи ҳужжатларга имзо қўйишимни сўрашди, мен имзо чекдим. Мен оддий ҳайдовчиман ва бундай нарсаларни тушунмайман. Улар менга бу қандай ҳужжатлар эканини тушунтиришмади».
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 223-моддасига мувофиқ, товарларни нақд пулга сотишни яшириш ушбу сумманинг 20 фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади, бунда ушбу яширилган суммадан солиқлар, шу жумладан 15% миқдорида ҚҚС ҳам ундирилади.
Қонунга кўра, Asia Sky Wealth Limited Malaysia норезидент хорижий компанияси шартномадан ташқари сотилган битта партиядан мамлакат бюджетига (68 818,5 USD х (20% жарима + 15% ҚҚС=) 24 тыс 86,5 АҚШ доллари ёки амалдаги курс (06.08.2022 йил ҳолати бўйича 1$ = 10 976,29) бўйича 264 млн сўмдан ортиқ миқдорда солиқ ва жарималарни тўлаши шарт.
Шунга қарамай, йирик солиқ тўловчилар бўйича вилоятлараро давлат солиқ инспекцияси бошлиғининг ўринбосари Н.Эркабоев ўзининг ёзма жавобида «Ўзметкомбинат» акциядорлик жамияти ва Asia Sky Wealth Limited Malaysia норезидент компанияси ўртасида тузилган шартнома доирасида бирор-бир солиқ қонунчилиги бузилиши ҳолатларини рад этди.
Таҳририят «Tashkent City» қурилишини четлаб ўтиб, яна қанча шундай металл прокат партияси сотилганига аниқлик кирита олмади. Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси порталининг очиқ маълумотларига кўра, шартномада кўрсатилган ўхшаш металл буюмларнинг бозор нархи 5,1 миллион сўмдан (2020 йил июнь ҳолатига шартномани имзолаш вақтида) 7,9 миллион сўмгача бўлган (2021 йил сентябрь ҳолатига шартнома бекор қилинган пайтга).
Asia Sky Wealth Limited Malaysia компанияси бутун шартнома муддати давомида металлни ўртача 460 АҚШ долларига сотиб олган, бу бозор нархидан 10-40% арзон.
Хорижий компаниянинг шубҳали ҳаракатларидан келишувнинг бошқа ҳолатлари ҳам далолат беради.
2021 йил 30 сентябрь куни Asia Sky Wealth Limited Malaysia компанияси «Ўзметкомбинат» АЖ билан 4-сонли қўшимча шартномани имзолайди, унда у томонидан амалга оширилган тўловнинг 218 минг 48 АҚШ доллари миқдоридаги қисмини энди Малайзияга эмас, балки Қозоғистонга қайтаришини сўрайди. Компания ўз манзили ва банк реквизитларини Малайзиядан Қозоғистонникига ўзгартиради:
Шуниси эътиборга лойиқки, Малайзия компаниясида бизнес идентификация рақами сифатида №170240005992 кўрсатилган. Қозоғистонда БИР бу Ўзбекистон СТИРининг аналоги бўлиб, бизнес идентификация рақамини – Қозоғистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркор учун шакллантириладиган уникал рақамни англатади. Қозоғистон бизнес идентификация рақамлари миллий реестрида Asia Sky Wealth Limited Malaysia хорижий компанияси томонидан шартномада кўрсатилган Қозоғистондаги реквизитлар ва манзиллар аслида унга умуман тегишли эмаслиги, балки MGA STAR GOLD-MASTER-X савдо уйи МЧШга (МЧЖ аналоги) тегишли эканини кўриш мумкин.
Anhor.uz таҳририяти мақсадли металл прокатининг сотилиши «Tashkent City» (6 ва 7 лотлар) ва «Olmazor City» объектларининг сифатига таъсир қилгани ёки йўқлигига аниқлик кирита олмади. «Tashkent City» халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудидаги объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси таҳририят сўровига жавобан қуийдагиларни маълум қилди: “6 ва 7 лотлар бўйича қурилиш-монтаж ишлари белгиланган шартномалар ва ишлар режаси асосида амалга оширилмоқда. 6-лот бўйича қурилиш-монтаж ишлари жорий йил охиригача давом этади. 7-лот ҳудудидаги Boulevard савдо ва тураржой мажмуи аллақачон фойдаланишга топширилган”.
14 июнь куни Anhor.uz таҳририяти «Tashkent City» дирекциясига http://www.tcibc.uz/ сайтидаги носозликлар сабабини сўраб мурожаат қилган эди. Ўшанда бизни сайт бир ҳафта ичида ишга тушишига ишонтиришганди. Материални чоп этиш вақтида, яъни деярли 2 ой ўтгач, сайт ҳали ҳам ишламаяпти.
Шу йил 15 июль куни Тошкент вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари Абдуҳамид Комилов имзолаган маълумотга кўра, мазкур ҳолат бўйича терговга қадар текширув ишлари тайинланган бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Бекобод шаҳар бўлими томонидан олиб борилмоқда.
Мирзо Субхонов
Шарҳлар