Тошкент автосаройларида иш қандай кетяпти
Хитойдаги Пекин Халқ Транспорт Хизмати Маркази автобус саройи 1100 дан ортиқ автобусларни сиғдира олади ва у дунёдаги энг катта автопаркларидан бири. Хитойликлар автобусга тоза, тезкор ва арзон транспорт воситаси сифатида қарайди. Негаки, автосарой иши самарали ташкил этилиб, автобусларга махсус кириш ва чиқиш йўлаклари ҳамда турар жойлар ажратилган. Техник хизмат кўрсатиш кучли назоратга олинган, транспортлар мунтазам равишда текширилади ва таъмирланади. Шунингдек автобуслар кунига 3 соат давомида тозаланади ва уларга техник хизмат кўрсатилади. Электробусларнинг тўлиқ қувват олиши учун 8000 дан ортиқ зарядлаш станциялар ўртача 2-3 соат ишлайди.
Хўш, Тошкентдаги автосаройлар қандай? Бу саволга Anhor.uz 18-автобус саройи филиалидан жавоб излади.
Учтепа туманида жойлашган “Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг 18-автобус саройи филиалида 240 та автобус 24 та йўналишда шаҳарнинг 9 та туманини бир-бирига боғлайди. Унда умумий ҳисобда 900 га яқин ходимлар фаолият юритаётган бўлса, улардан 550 нафари ҳайдовчилар, 160 нафари чиптачилар ва қолган 190 кишини техник ҳамда бошқа касб эгалари ташкил қилади.
Филиалда соат 4:00 дан ҳайдовчи ва чиптачилар халқ хизматига ҳозирлик кўраётган бўлади. Аввалига ИИББ ЙҲХБ ходимлари ва Транспорт назорати инспекцияси инспекторларидан ташкил топган ишчи гуруҳ автобуслар фаолиятини яхшилаш ва назорат қилиш юзасидан ҳайдовчилар билан суҳбат ўтказиб, йўлларда қоидаларга амал қилган ҳолда ҳаракатланиш, йўловчиларга хушмуома бўлиш, белгиланган тартиб-қоидадан четлашмаслик ҳақида эслатма беради.
Нозимхонага келган ҳайдовчилар исм-фамиляси, иш вақти, йўналиш тартиби ва қатновлар сони ёзилган электрон йўл варақасини қабул қилади.
Кейинги босқичда ҳамшира ҳайдовчиларнинг саломатлиги, руҳий ҳолати, ташқи кўринишини кўриб, тиббий кўрик ва алкотестдан ўтказади ҳамда ишга тайёр деган хулосага келганидан сўнг йўлга чиқишга рухсат беради.
Автобусга ўтиришдан олдин ҳайдовчилар ғазнага бориб белгиланган тартибда электрон йўл варақаси билан рўйхатдан ўтади. Транспортни қабул қилиш босқичида ҳар бир ҳайдовчига транспортнинг техник ҳолати соз ёки носоз эканлигини текшириш учун 20 дақиқа вақт берилади.
Йўлга чиқишдан олдин автобусларни ИИББ ЙҲХБ ходимлари, ранспорт назорати инспекцияси инспекторларидан ташкил топган ишчи гуруҳ ва автобус саройининг навбатчи механиклари текширувдан ўтказади. Унда автобуснинг техник ҳолати, мой оқмаётгани, балонлари, совутгичларнинг созлиги, тунги ва бурилиш чироқлари ишлаётгани кўздан кечирилади ва ҳайдовчилар йўналишларга кетади.
114- автобус ҳайдовчиси Шукурилло Нуралиев ҳам 2 йилдан буён айнан 18-автобус саройидан шу тартибда йўналишга отналади. Ибн Сино 1 мавзесидан то Қушбеги тўқимачилик мавзесига қадар ҳар бир бекатларда тўхтаб йўловчиларга хушмуомалалик билан хизмат қилади. Бундан ўзи ҳам фуқаролар ҳам мамнунлигини билдирди.
“Одатда 7:10 дан 20:30 гача йўловчи ташиман. Ҳар иш куни белгиланган масофага ўртача 10-12 та марта қатнайман. Ишим қийин эмас. Фақат йўлдаги тирбандлик ва тартибсиз ҳайдовчиларнинг “шўх”лиги чарчатади, ишимизга ҳалал беради.”, – дейди Нуралиев.
Йўналишдан қайтган автобуслар аввал навбатчи механиклар томонидан текширилиб, автобусларни ювиш марказига юборилади. Махсус ходимлар автобусларнинг ҳам ташқи ҳам ички қисмини ювиб тозалайди. Электробуслар қувватлаш учун электр манбаига уланади. Автобуслар эртанги иш кунига тайёр.
Ҳайдовчиларнинг яна бир вазифаси кун давомида нақд пул орқали йўл ҳақи тўловини амалга оширган йўловчилардан йиғилган пул ва йўл варақасини ғазнага топшириш. У ерда ғазна ходимлари йўл ҳаққини санаб қабул қилиб олади.
Умуман олганда 18-автосарой автобуслари ҳар куни ўртача 200 минга яқин йўловчини ташиди. Бу рақамлар эса вақт билан бирга ўсмоқда. Сабаб жамоат транспортларининг сифат ва аҳолининг унга бўлган эҳтиёжи ортганида.
*Реклама ҳуқуқи асосида
Шарҳлар