Тошкент қай даражада яшил бўлиши керак

Шаҳарни кўкаламзорлаштиришнинг асосий вазифаларидан бири – бу шаҳардаги жазирамани юмшатиш. Бироқ урбанизацияни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган янги шаҳарсозлик нормалари, бош режа ва ривожланиш стратегиясининг йўқлиги сабабли шаҳарда дарахтлар сони камаймоқда, ҳаёт сифати эса ёмонлашяпти. Буларнинг барчаси урбанизацияланган Тошкент қай даражада яшил ва барқарор бўлиши кераклигини белгилаш имконини бермаяпти. Архитектор-урбанист Анвар Мухамеджанов Тошкентнинг кўкаламзорлаштирилган ҳудуди қай даражада яшил бўлиши кераклигини аниқлаш имконини берадиган тадқиқот натижалари билан ўртоқлашади.
 
Урбанизация қатор афзалликларга ҳам, “шаҳар иссиқлик ороли” каби камчиликларга ҳам эга. Қурилишларнинг айрим жисмоний характеристикаларига мисоллар шаҳарда ҳароратнинг юқори бўлишига хизмат қилиши мумкин: кўп сонли қаттиқ юзалар, антропоген иссиқлик ажратмалари ва яшилликнинг етишмовчилиги. Паст иш маҳсулдорлиги, иссиқликдан ноқулайлик, ёз мавсумида электр энергияси истеъмолининг ошиши аҳолининг ҳаёт сифатини пасайтирувчи бир нечта омиллардан бири ҳисобланади. 
 
Шунингдек кўкаламзорлаштириш истироҳат боғларининг мафтункорлигини оширувчи ва шаҳарда ҳароратни пасайтирувчи энг самарали усул ҳам ҳисобланади. Аммо ҳар бир дарахт ва кўкаламзорлаштирилган ҳар бир метр квадрат майдон вақт ва молиявий харажатларни талаб қилгани боис Тошкентнинг бўлғуси иқтисодий моделини, унинг бош режаси ва ривожланиш стретгиясини ишлаб чиқишда бу жиҳатлар қандай ҳисобга олиниши кераклиги ҳозирча ноаниқ.
 
ШНК 2.07.01-03* «Шаҳарсозлик. Шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантириш ва қуришни режалаштириш»га мувофиқ кўкаламзорлаштирилган ҳудудлар остида қуйидагилар жойлашган табиий комплекснинг бир қисми тушунилади: сунъий равишда яратилган боғ-парк комплекслари ва объектлар, яъни парк, боғ, хиёбон, бульвар; майдонининг камида 70% дов-дарахтлар ва бошқа ўсимликлар билан банд бўлган тураржой, жамоат-ишбилармонлик ҳудудлари ва бошқа ҳудудий зоналар.
 
75.6-банд. Парклар ва боғларни жойлаштирганда мавжуд дов-дарахтлар ва сув ҳавзаларига эга участкаларни иложи борича сақлаб қолиш керак. Парклар, боғлар ва хиёбонларнинг майдонини қуйидаги гектардан кам бўлмаган ўлчамда қабул қилиш керак:шаҳар пакрлари -15, туман парклари – 10, одамлар истиқомат қиладиган ҳудудларги боғлар – 3, хиёбонлар – 0,5. Реконструкция шароитлари учун кўрсатилган элементларнинг майдонини камайтиришга йўл қўйилади.
 
2011-2015 йиллар оралиғида Ўзбекистон ҳукумати парк ҳудудларини ривожлантириш дастурини тайёрлади, унда дов-дарахтларнинг камида 50% ни сақлаб қолиш энг муҳим талаблардан бири эди, бу ШНК 2.07.01-03* нормаларини ҳам бузмасди.
 
Шу муносабат билан болалар учун яхшиланган рекреацион шароитларни яратиш ва ўзини-ўзи оқлашини ошириш учун шаҳарнинг жуда кўплаб истироҳат боғлари реконструкция қилинди; парк ҳудудлари қисман бинолар билан қурилди, кўплаб дарахтлар кесилди, истироҳат боғларидаги ҳарорат кўтарилди. Истироҳат боғларини ривожлантириш дастури фақат шу йил февраль ойида тўхтатилди.
 
Шу сабабларга кўра шаҳарсозлик нормаларини иложи борича тезроқ янгилаш ва уларни урбанизацияланаётган шаҳарнинг иқтисодий моделига мослаштириш зарур. Бу ҳатто бош режани ишлаб чиқишдан кўра ҳам муҳимроқ, чунки шаҳарсозлик нормалари бош режани ишлаб чиқишга асос бўладиган расмий ҳужжат ҳисобланади. Замонавий нормаларнинг йўқлиги бизни урбанизацияланган Тошкентнинг парклари, хиёбонлари, майдонлари ва кўчалари қай даражада яшил бўлиши кераклигини тушунишимизга ундади. Урбанизация шаҳар аҳолисининг зичлиги ва демакки, ундаги қурилишларнинг ошишини кўзда тутади,  шу боис иккиламчи бозор уй-жойларини бузишдан кўра, дов-дарахтларни қисқартириш арзонга тушуши маълум бўлди.
 
Бу, ўз навбатида, экотизимга зарар етказиши, ҳароратни ошириши ва шаҳарга миграциянинг мафтункорлигини пасайтириши мумкин.
 
Шунинг учун биз (тадқиқот муаллифлари) урбанизаци ҳали ўз авжига етмаган экан, шаҳарда ҳамон дарахтларнинг экилиш зичлиги ва турлари салқин шаҳар миқроиқлимини сақлашга кўмаклашадиган кўкаламзорлаштирилган ҳудудлар мавжуд. Кўкаламзорлаштирилган ҳудудларнинг салқин микроиқлими ёз даврида Тошкент аҳолисининг ҳаёт сифатини оширишга ёрдам беради.
 
Маълумки, Ўзбекистонда ёзги жазирама иссиқ май ойидан бошланади ва сентябрь билан якунланади. Шу боис 4 ва 7 май кунлари оралиғида биз энг салқин жойни топиш мақсадида бутун шаҳар бўйлаб 15 та кўкаламзорлаштирилган шаҳар ҳудудини танладик (1-расм). Биз уларга турли ўлчамга, кўкаламзорлаштириш фоизига ва функционалликка эга унча катта бўлмаган парклар, хиёбонлар ва жамоат майдонларини киритдик. бу ерда биз электрон асбоблар ёрдамида ҳавонинг ҳарорати ва намлигини ҳамда ер юзасидан 1.5 метр баландликдаги шамол тезлигини ўлчадик. Бундан ташқари, биз экилган дарахтлар сонини, уларнинг баландлиги, нави ва кўкаламзорлаштирилган участкалар майдонини ҳисобладик. Маълумотлар ҳаққоний бўлиши учун биз дарё ва сув ҳавзаларидан узоқда жойлашган, паркнинг салқинлик даражаси фақат экилган дарахтлар зичлиги ва уларнинг турлари ҳисобидан ўлчаниши мумкин бўлган ҳудудларни танладик. 
 
Таҳлил асосан линияли регрессия ва инфрақизил суратлар ёрдамида ўтказилди. бунинг учун биз, масалан, об-ҳаво ҳароратини ва жойларда ўлчанган ҳароратни солиштирдик, чунки шаҳарда пиёдалар даражасида ўлчанган ҳарорат одатда об-ҳаво ҳароратидан юқори бўлади. Линияли регрессияда r² қиймати (детерминация коэффициенти) қанчалик юқори бўлса, маълумотлар орасидаги нисбат шунчалик кучли бўлади. Шу боис биз маълумотларни солиштириш, хулосалар ва тавсияларни тузиш учун ушбу таҳлил методлари етарли бўлади деб тахмин қилдик.

 
1-РасмТадқиқот соҳалари ва кўкаламзорлаштирилган бир нечта ҳудудларга мисоллар
 
Шунингдек, таҳлил бизга кўкаламзорлаштириш турлари ва тузилмаси қандай қилиб танланган жойларнинг салқин микроиқлими билан ўзаро боғлиқ бўлишини аниқлашга ёрдам берди. Мен ушбу мақолада батафсил таҳлилни келтириб ўтирмайман, фақат Тошкентнинг кўкаламзорлаштирилган ҳудудларида қулай микроиқлимни яратиш бўйича бир нечта натижалар, хулосалар ва тавсиялар билан ўртоқлашаман, холос.
 

2-Расм. Ҳароратлар фарқи ва кўкаламзорлаштириш фоизи орасидаги регрессия
 
Натижаларимизга кўра, зич экилган дарахтлар ҳароратни юмшатишнинг асосий омили бўлолмас экан. Шу боис шоҳ-бутоқлари кенг ва тарвақайлаган дарахтларнинг зич экилишига, кўкаламзорлаштириш фоизининг юқори бўлишига ҳамда баланд дарахтларнинг стратегик жойлашишига алоҳида эътибор бериш лозим. Бизнинг натижаларимиз ҳам паркда салқинлик даражаси кўкаламзорлаштирилган ҳудуд майдони (2-расм) ва зич экилган дарахтлар сони (Рис 3) кўпайиши билан бирга ошишига ишора қилмоқда.
 
 
3-Расм. Ҳароратлар фарқи ва дарахтларнинг зич экилиши орасидаги регрессияси
 
Бироқ, ушбу мисоллардан кўриниб турибдики, коэффициентлар юқори эмас – r²=0, 4 (2-расм) ва  r²=0, 53 (4-расм). бу дарахтларнинг нави, баландлиги ва ландшафт композиция усуллари билан изоҳланади: масалан, ЎМБ паркидаги бир нечта участкада ва “Пойтахт” бизнес-маркази олдидаги майдонда дарахтлар экилишининг зичлиги юқори бўлса-да, (биринчиси учун кўкаламзорлаштирилган ҳудуд  294 та/га ва 83,1%, иккинчиси учун ўундай ҳудуд 163 та/га ва 79,63%), бироқ жойларда ўлчанган ҳарорат об-ҳаво прогнози ҳароратидан юқори эди.
 
Бундай натижа, ҳудуд жуда яхши кўкаламзорлаштирилган бўлишига қарамасдан, майсазор ва кўп миқдорда экилган қора арчалар у ерда сояни ва салқин микроиқлимни таъминлай олмаган (4-расм). Дарахтларнинг шоҳ-шаббалари бу ерда ҳудуднинг ҳатто 15% ни ҳам қопламаган.
 

4-Расм. Ҳарорати баланд бўлган кўкаламзорлаштирилган ҳудудлар. Юқорида ЎМБ парки, пастда “Пойтахт” бизнес-марказининг майдони. Чапда инфрақизил тасвирлар, ўнгда сунъий йўлдошдан олинган тасвир
 
Қизиғи шундаки, биз кўп миқдорда қора арча экилган кўкаламзорлаштирилган ҳудудларни, хусусан Эко-парк, Зобитлар уйи парки, “Пойтахт” бизнес-марказининг майдони ва ЎМБ паркини регрессия таҳлилидан чиқариб ташлаганимизда,  коэффициенти жуда юқори натижаларни кўрсатди – r²= 0,92. Ушбу нисбат маҳаллий иқлимда, зич экилган арчаларга қараганда, шоҳлари кўп баргли дарахтларнинг зич экилиши қулай микроиқлимни яратишда асосий роль ўйнашини кўрсатмоқда (5-расм).
 

5-Расм. Ҳароратлар фарқи ва дарахтлар зичлиги орасидаги регрессия ҳисобдан чиқарилган ҳудудлар билан
 
Тадқиқот давомида биз ўхшаш об-ҳаво ҳароратига эга иккита ҳудудни топдик, улар шаҳарда энг салқин жойлар эди. Шу боис муваффақиятли эталон сифатида айнна уларни танладик. Булар – М-13 даги хиёбон ва Эко-парк. бу жойларнинг фарқли томони шундаки, уларда ўсимликлар зич жойлашган, дарахтларнинг ўртача баландлиги 7 метрга яқин ёки ундан юқори. Дарахтларнинг кўпчилигини шох-шаббаси кўп ва барглари нисбатан майда навлар ташкил қилади. Бу ерда дарахтлар ҳудуднинг 80% дан ортиғини қоплаган (6-расм).   
 

6-Расм. Паст ҳароратли кўкаламзорлаштирилган ҳудудлар. М-13 хиёбони юқорида ва Эко-парк пастда. Чапда инфрақизил тасвирлар, ўнгда сунъий йўлдошдан олинган тасвир
 
Дарахатларнинг навлари ва уларнинг экилиш методи кўп миқдорда сояни яратган бўлиб, бу ер юзасининг қизиб кетишига тўсқинлик қилган. Дарахтларнинг остида пиёдалар даражасида шамол эркин эсади. бундан ташқари, ҳам соя, ҳам очиқ жойлар мавжуд, улар кечки пайтда дарахтлар остидаги қизиган ҳавони чиқариб юборишга ёрдам беради.

Бу мисоллар зарур миқдордаги “тўғри” дарахтлар ҳароратни кўкаламзорлаштирилган ҳудудлар ичида ҳам, уларнинг ташқарисида ҳам совутиши мумкинлигини исботлайди. Шу боис бу жойларда салқин ҳароратни ушлаб туриш учун биз иккита шартни белгиладик:
 
1.      Ҳудуднинг кўкаламзорлаштирилиш фоизи 70% дан ошганида, дарахтлар зичлиги 122 та/га бўлиши мумкин. Бироқ бунда баландлиги 3 ва 7 метрдан баланд бўлган дарахтлар (кўп ҳолларда 20 метр) сони 30% ва 70% нисбатда бўлиши керак. Шу билан бирга, паркнинг энг қисқа томони 100 м га яқин бўлиши лозим.
2.      Агар кўкаламзорлаштириш фоизи ҳудуднинг 90% дан ошса, дарахтларнинг баландлиги эса бор-йўғи 5-8 метр атрофида бўлса, қулай микроиқлим яратиш учун уларнинг зичлиги 765 та/га бўлиши лозим. бунда энг қисқа томон 65 м га яқин бўлиши мумкин. Бироқ, иккала ҳолатда ҳам, дарахтларнинг шох-шаббалари ҳудуднинг 80% дан ортиғини қоплаши керак.
Шунингдек бу шартлар шаҳардаги парк зоналари ва жамоат ҳудудларини барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш учун комбинациялашган бўлиши ҳам мумкин. Бу тушунарли бўлиши учун биз шаҳарда яхши микроиқлимга эга кўкаламзорларни қандай ривожлантириш кераклигини тушунтирувчи иллюстрацияни тайёрладик (7-расм).
 

7-РасмТошкентда яшил жамоат ҳудудларини ривожлантириш бўйича тавсиялар.

Ушбу диаграмма 4 босқичга бўлинган. Биринчиси янада ободонлаштириш учун дарахтларнинг зарур миқдорини ва навларини (уларга эман, чинор, софора, гинко дарахтларини киритиш мумкин) ҳисобга олишни кўзда тутади.

Иккинчи босқич ҳудуднинг қарийб 90% кўкаламзорлаштиришга ажратилган ҳудудларни режалаштириш ва зоналарга ажратишни кўзда тутади. Сўнгра дарахтлар 8 метргача ўсганидан кейин (бунда уларнинг шох-шаббалари ҳудуднинг 80% ни қоплаб олади) бу ҳудуд ичида қулай микроиқлимни таъминлайди. Шундан сўнг, бу дарахтларнинг 70% 20 метргача баландликка ўсганидан кейин эса, улар етарлича сояни таъминлаши мумкин. Фақат шундан кейингина, кўкаламзорлаштирилган ҳудудларни ўз-ўзини қоплайдиган қилиш учун, ҳудуднинг қарийб 30% тижорат инфратузилмасини жойлаштириш учун бўшатилиши мумкин. Аммо паркларни ўз-ўзини қоплайдиган қилиш учун бошқа барқарорроқ методлар ҳам бор. Масалан, яшил зоналар ёнида жойлашган бизнес-марказлар ёки тураржойларнинг ижара нархини ошириш мумкин, бунда олинган даромад яшил зоналарни сақлашга сарфланади.

Бу методология ўхшаш иқлим шароитларига эга бошқа шаҳарлар учун учун фойдали бўлиши мумкин. Масалан, Коппен иқлим харитасига кўра, Тошкент иссиқ ёзги континентал иқлимда жойлашган (Dsa). Бироқ ушбу иқлимда Ўзбекистоннинг Жиззах, Нурафшон ва Олмалиқ шаҳарлари, Қозоғистоннинг Чимкент ва Талдиқўрғон шаҳарлари, Қирғизистоннинг Бишкек ва Ўш шаҳарлари, Тожикистоннинг Хорош ва Кўлоб шаҳарлари ҳам жойлашган. Шу боис ушбу тадқиқотларнинг натижалари уларда ҳам қўлланиши мумкин.

Мазкур мақола яқинда якунланадиган тадқиқотнинг кичикроқ бир қисми ҳисобланади. У Тошкентнинг кўкаламзорлаштирилган ҳудудларида қулай микроиқлимни сақлаш учун экилиши керак бўлган дарахтларнинг зарур навлари ва миқдорини аниқлашга ёрдам беради. Биз натижаларимиз ва тавсияларимиз янги шаҳарсозлик нормаларини ва янги бош режани тузиш учун фойдали бўлишига умид қиламиз. Бу Тошкентнинг ва Ўрта Осиёдаги бошқа шаҳарларнинг барқарор ривожланишига кўмаклашади.

Анвар Мухамеджанов,
Архитектор-урбанист, Осиё Тараққиёт Банкининг стипендиати, Токио Университетининг магистри, халқаро ривожланиш ва минтақавий режалаштириш соҳасининг мутахассиси

Бош саҳифадаги фотосурат: mytashkent.uz

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.