Тошкентнинг собиқ ҳокимига алоқадор компания давлат буюртмаларини қандай қилиб оляпти
Қарийб бир йил илгари Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўз лавозимидан айрилган эди. Кейин Ўзбекистон президенти уни “бўш гап, ёлғон хабар учун” ишдан бўшатганини тушунтирди. Шу билан бирга, 2023 йил учун давлат харидлари портали маълумотларининг таҳлилига кўра, собиқ ҳокимга тегишли бўлган корхона 972,8 миллион сўмлик тўғридан-тўғри шартномаларни тузган.
Тендерсиз шартномалар
Ташқи ишлар вазирлиги, Олий Мажлис Сенатининг бинолардан фойдаланиш бошқармаси, Амалий санъат музейи, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Экспортни қўллаб-қувватлаш агентлиги, Маданий мерос агентлиги – бу ташкилотларнинг барчаси Akfa Dream World компанияси билан тендер ўтказмасдан тўғридан-тўғри шартномалар тузган.
Ўз навбатида, компания меҳмонхона хизматларини, тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича хизматларни ҳам тақдим этган, Hilton меҳмонхонасида тадбирлар учун хоналарни ижарага берган.
Akfa Dream World ва собиқ ҳоким
Юридик шахслар реестрига кўра, Akfa Dream World таъсисчилари Жаҳонгир Абидович Ортиқхўжаев (59,69%), J-United Group (31,56%), Asia Electron (6,99%), Techno Continental (1,76%) ҳисобланади.
Akfa Dream World компанияси биринчи марта шартномаларни тўғридан-тўғри олаётгани йўқ, 2020 йилда Сув хўжалиги вазирлиги ва Тошкент ҳокимлиги бошқарув аппарати ушбу ташкилотдан давлат тадбирлари учун озиқ-овқат харид қилган, ўшанда шартнома 1,7 миллиард сўмни ташкил қилган.
Президент қароргоҳи 2020 йилда Akfa Dream World компаниясидан 400 миллион сўмга озиқ-овқат харид қилган бўлса, 2022 йилги халқаро инвестиция форумида озиқ-овқат маҳсулотлари 2,5 миллиард сўмга тушган.
Таҳририят Бош прокуратурага нима учун тендер ўрнига тўғридан-тўғри харидлар амалга оширилганига изоҳ бериш сўрови билан мурожаат қилди.
Дана Опарина
Шарҳлар