“Тушунарсиз” танлов ёки “Истиқлол” қаерда бўлиши керак
Шароф Рашидов, Ислом Каримов ва Афросиёб кўчалари билан чегараланган “Истиқлол” мажмуасини барпо этишга танлов эълон қилинганидан буён Тошкент аҳолиси МУМ қаршисидаги хиёбон тақдиридан қаттиқ ташвишда. Пандемияга қарамасдан одамлар оммавий тарзда хиёбонда тўпланиб, яшил зонани ҳимоя қилиш хусусида президентга хат тайёрлаяпти. Бироқ нега шаҳар маъмурияти мажмуани айнан шу ерда қуришни режалаштиргани ноаниқлигича қолмоқда.
«Тушунарсиз» танлов
“Истиқлол” мажмуасининг барпо этилиши Ўзбекистон тарихида янги қадамга айланиши керак бўлган давлатнинг янгиланган сиёсати қадриятини ўзида акс эттиради. Бироқ Шароф Рашидов, Ислом Каримов ва Афросиёб кўчалари билан чегараланган бинонинг конкрет жойлашув ҳудуди ҳақидаги ахборот на ҳокимлик сайтида, на Фанлар академиясининг тарих институти сайтида мавжуд.
Фақат кўп йиллик декоратив дарахтларни сақлаб қолиш асосий вазифалардан бири экани маълум, холос. Бу ҳокимлик шаҳарнинг дов-дарахтлари тақдиридан ташишланаётганини англатади, ахир истироҳат боғлари ва хиёбонлар шаҳарнинг ўпкаси ҳисобланади. Бироқ бу ҳудуд айнан нима сабабдан ва ким томонидан танлангани ҳамон номаълум.
Эҳтимол, ушбу “тушунарсиз” танлов ташкилий қўмитасининг билимсизлиги ва қўйилган вазифаларнинг ноаниқлиги сабабли одамлар карантин режимига амал қилиш ўрнига МУМ қаршисидаги яшил ҳудудни асраб қолишга қаратилган акцияни бошлаб юборгандир.
Масалан, танлов топшириғида объект габаритларига аниқлик киритиш учун унинг конкрет жойлашув ҳудуди, у қандай майдонни эгаллаши кераклиги тавсифланмаган. Шунингдек бинонинг баландлиги, унинг шаҳарда кўзга кўринган иншоотга айланиши билан боғлиқ функциялари ҳақида, у пойтахт туристлари учун мафтункор нуқтага айланиши ёки давлат рамзига айланиши кераклиги ҳақида маълумотлар ҳам йўқ.
Жойлашув ҳудуди ҳақида
Афсуски, Тошкент соҳил бўйида жойлашмаган, шу боис яшил боғлар унинг ягона табиий диққатга сазовор жойлари ҳисобланади. Бу ўз вақтида совет меъморларини яшил воҳага айланиши керак бўлган Тошкент учун “боғ шаҳар” концепциясини мослаштиришга туртки бўлган.
Масалан, Тошкентнинг бош архитектори Митхат Булатов шу сабабли ҳам Шароф Рашидов шоҳ кўчаси бўйлаб, “Тошкент” меҳмонхонаси бўйлаб ҳудудимизнинг табиий иқлим шароитларига жавоб берадиган яшил эман дарахтларини режалаштирган, “комсомол кўли” лойиҳасини яратган.
У бизнинг шароитларда ландшафт композициялар очиқ маконларни талаб қилиши ҳақида ёзган. Шу билан бирга, қуюқ яшил дов-дарахтлар яратадиган соя-салқин боғ ҳудудлари, оқиб турувчи сув билан таъминланадиган сув ҳавзалари зарурлигини айтган.
Бироқ танлов топшириғидан бу тамойиллар эътиборсиз қолганини, на шаҳар маъмурияти, на ФА Тарих институти янги бинони тарихан шаклланган шаҳар муҳитига “тиқиб” қўйишга ҳаракат қилиб, ушбу ҳудуднинг тарихий қийматини инобатга олмаганини кўриш мумкин.
Бу шаҳарнинг вақтинчалик маъмурияти Тошкентга ягона организм сифатида қарамаётганидан далолатдир. Бош режа орқали ривожланиш стратегиясининг йўқлиги шаҳар маъмуриятига худди қассоблар сингари Тошкентнинг “мазали” бўлакларини сотиш йўли билан инвестициялар жалб этиш учун шаҳар муҳитининг қўлда бошқарилишига (камчиликнинг манфаатлари йўлида) олиб келмоқда. Аммо бундай ёндашув вақт ўтиши билан шаҳар муҳитининг ва пойтахт аҳолиси ҳаёт сифатининг инқирозига сабабчи бўлади. Бу бош режа ва унинг ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлигиин кўрсатмоқда.
Нима қилиш мумкин
Бош режасиз шаҳарда ушбу мажмуанинг жойлашувидан бирор “мева” олиш қийин бўлади. Бироқ қатор чораларни кўриш мумкин.
- Ушбу мажмуага майдон танлаш учун нафақат сиёсий, балки мажмуанинг иқтисодий ва ижтимоий жиҳатларини ўрганиш зарур. Чунки унинг қурилиши шаклланиб бўлган шаҳар муҳитига, шу жумладан коммуникациялар, транспорт ва экологияга тушадиган юкламага таъсир қилиши мумкин.
- Тарихан шаклланган шаҳар муҳитини ҳурмат қилиш лозим. Танлов доирасида мажмуа учун лойиҳалаштириш топшириғи тўғри ва тўлиқ ёзиб чиқилиши жуда муҳим, унда мажмуанинг аниқ жойлашиш ҳудуди, шу жой тарихи, у ким учун лойиҳалаштирилаётгани, адекват муддатлар, иншоот баландлиги ва Тошкент учун фойдаси тўлиқ кўрсатилган бўлиши керак.
- Агар раҳбарият ушбу мажмуа Шароф Рашидов, Ислом Каримов ва Афросиёб кўчалари чегарасида жойлашиши кераклиги ҳақида узил-кесил қарорга келган бўлса, унда майдонни хиёбондан ташқарида танлаш, у конкрет жойда жамиятга қандай фойда келтиришини асослаб бериш, ушбу ҳудуд аҳолиси билан келишиш зарур.
- Ўзбекистон Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузурида Урбанизация департаменти фаолият кўрсатади. У ҳокимликнинг ушбу танлов бўйича ҳаракатларига тузатиш киритиши мумкин. Департаментнинг вазифаларини кенгайтириш ва унинг зиммасига бош режани, шаҳарларни ривожлантириш ва аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаш стратегиясини ишлаб чиқиш масъулиятини юклаш лозим.
Анвар Мухамеджанов
Архитектор-урбанист, Осиё Тараққиёт Банкининг стипендиати, Токио Университетининг магистри, халқаро ривожланиш ва минтақавий режалаштириш соҳасининг мутахассиси
Шарҳлар