Украинадаги уруш Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатмоқда

Фото: freepik.com

2022 йил февраль охирида Россия ва Украина ўртасида бошланган уруш Ўзбекистон учун Россия билан кучли иқтисодий алоқалари туфайли салбий оқибатлар хавфи яратди. Ўзбекистон ҳозирги вазиятдан энг кўп наф кўрувчилардан бирига айланди. Ғарбнинг Россияга қарши жорий қилган санкциялари уни ва россиялик бизнес вакилларини айланиб ўтиш чораларни қидиришга мажбур қилди. Натижада кўплаб россиялик компаниялар фаолиятини Ўзбекистонга кўчирди.

Статистика агентлитгининг маълумотига кўра, 2023 йил январда Ўзбекистонда хорижий давлатлар иштирокида янгидан ташкил қилинган корхоналар сони 207 тага етди. Улардан 147 таси Тошкентда очилган. Ўша вақтга келиб, хорижий капитал иштирокидаги янги ташкилотлар сони сўнгги уч йилнинг энг юқори кўрсаткичига эришди.

2023 йил январда россияликлар Ўзбекистонда 66 та янги компания ташкил этди. Бир йил олдин бу рақам 23 та эди.

Россиялик компанияларнинг кўплаб вакиллари Ўзбекистон иқтисодиётининг турли соҳаларида, жумладан, энергетика, нефть ва газ, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа тармоқларда фаолият кўрсатмоқда. Бу янги иш ўринлари яратиш, инфратузилмани ривожлантириш, тажриба ва технология алмашиш учун шароит яратади.

2023 йил февралда очилган корхоналардан бири асосан компьютер дастурларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади ва унда асосан Россия фуқаролари онлайн тарзда ишлайди.

“Бизнинг чет эл корхонамиз 2023 йил февралда ташкил топди. Мен Ўзбекистон фуқаросиман, ушбу компания директори лавозимида ишлайман. Компаниямизнинг таъсисчиси Россия фуқароси. Биз компьютер дастурларини яратамиз ва уларни Европа мамлакатларига сотамиз. Жами еттита IT мутахассис ишлайди. Ҳаммаси Россия фуқаролари бўлиб, ҳозир турли мамлакатларда яшашади ва онлайн тарзда ишлашади. Ўзбекистон ҳукумати кўплаб IT мутахассисларни жалб қилди, IT парклар яратиб, солиқ имтиёзларини тақдим этди. Шу сабабли Ўзбекистонда ишлаш биз учун қулай ва қулайдир. Мен Ўзбекистон иқтисодиётига солиқлар тўлаш орқали мамлакат ривожига ҳиссамизни қўшаётганимизга ишонаман”, деб айтди компания директори Наталя Якушева ўз интервьюсида.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг 2023 йил июндаги маълумотларига кўра, Россия Федерацияси капитали иштирокидаги амалдаги корхоналар сони 2 884 тани ташкил қилади. Улардан 1 717 таси хорижий корхона, 1 167 таси қўшма корхонадир. Россия Федерацияси корхоналарининг аксарияти Тошкентда иш юритмоқда.

2021-2023 йилларда Сурхондарё вилоятида россиялик капитал иштирокидаги компаниялар сони 38 тагача ошди.

Давлат статистика маълумотларига кўра, 2021-2023 йиллар давомида фақат Сурхондарё вилоятида 38 та Россия Федерацияси корхонаси ташкил этилган. Улардан 20 таси хорижий, 18 таси қўшма корхона. Асосан қишлоқ хўжалиги, олий таълим, компьютер дастурлаштириш, ишлаб чиқариш ва қурилиш билан шуғулланади.

Ўзбекистоннинг Россия билан товар айланмаси сўнгги уч йилда сезиларли даражада ошди. Anhor.uz сўровига Давлат статистика қўмитасидан берилган маълумотга кўра, 2021 йилда импорт ва экспорт ҳажми 7 550 482,03 минг долларни, 2022 йилда 9 329 767,5 минг долларга ошди. 2023 йилнинг биринчи уч ойида импорт ва экспорт ҳажми 2 237 763,8 минг АҚШ долларини ташкил этди.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятнинг Ўзбекистон иқтисодиётига, асосан, инфляция, ташқи савдо, уй хўжаликлари даромади ва кўчмас мулк нархлари ўзгариши орқали таъсирини ўрганди.

Таҳлилда 2022 йилнинг 10 ойи учун статистик маълумотлардан фойдаланилди. Бунда иқтисодий диагностика ва DSGE иқтисодий моделлаштириш (DSGE моделлар, инг. Dynamic Stochastic General Equilibrium) усулларидан фойдаланилди. DSGE моделлари микродаражада (асосан, уй хўжаликлари хатти-ҳаракатини стохастик динамик оптималлаштириш муаммосини ечиш сифатида моделлаштириш) иқтисодий агентлар хатти-ҳаракатини моделлаштиришга асосланган замонавий макроиқтисодий моделлар бўлиб, турли стохастик «шоклар»ни (технологик, пул-кредит, нархлар ва ҳ.к.) ҳам моделлаштиради.

2022 йил мартдан бошлаб 18 ой давомида нархлар (хомашёга), пул ўтказмалар ҳажми қисқариши ва меҳнат бозорининг қисқариши бўйича учта турли сценарийда шоклар моделлаштирилди.

Таҳлил натижаларига кўра, жаҳон бўйича инфляцияга асосий босим озиқ-овқат ва энергия ресурслари нархларининг кескин ўсиши томонидан амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда эса энергия ресурслари нархларининг катта қисми давлат назорати остида бўлгани учун инфляция суръатланиши асосан озиқ-овқат ва хизматлар нархлари ўсиши ҳисобига юз бермоқда.

2022 йил февралда озиқ-овқат нархлари йиллик ўсиши 13,1 фоизгача секинлашган бўлса, октябрга келиб 16,3 фоизга ошди. Ўша даврда меҳмонхона ва ресторан хизматлари йиллик ўсиши 14,7 фоиздан 23,3 фоизгача кўтарилди.

2022 йил март-октябрда Ўзбекистоннинг Россияга экспорти 2021 йилнинг тегишли даврига нисбатан 47 фоизга ошди. Аммо жаҳон бозорларидаги товар ва хомашё нархлари сезиларли даражада ўсиши номинал экспорт ҳажмини оширишга олиб келмоқда. Масалан, март-октябрда пахта толаси экспорти Россияга 41 фоизга кўпайди. Аммо шу даврда пахта толасининг нарх ўзгаришини ҳисобга олганда, ҳақиқий ўсиш 8 фоизни ташкил этади. Қайд этилишича, 2022 йилда сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курсининг барқарорлашуви ташқи шокларнинг салбий таъсирини бироз юмшатди.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтининг жадвали

2022 йилнинг 9 ойида 300 мингдан ортиқ Россия фуқароси Ўзбекистонга келди

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Меҳнат бозори ва меҳнат миграцияси бошқармасининг маълумотига кўра, 2022 йилнинг 9 ойида Ўзбекистонга 318 мингдан ортиқ Россия фуқароси келган. ПМТИ (Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти) экспертлари томонидан 750 нафар релокантнинг резюмесини ўрганиш натижасида, келган мутахассисларнинг ўртача ёши 32 ёшни ташкил этди. Изловчиларнинг 93 фоиздан кўпроғи олий маълумотли бўлиб, ўртача 8 йил иш тажрибасига эга.

Ўзбекистонда асосан инженерлар (барча резюмеларнинг 18 фоизи), IT мутахассислари (15 фоиз), менежерлар, маркетологлар, менежмент ва маъмурий ходимлар (30 фоиз), ўқитувчилар (7 фоиз), шифокор ва фармацевтлар (6 фоиз), молиячилар (4 фоиз) ишлашмоқда.

Ўзбекистонга Россиядан келаётган пул ўтказмалари улушининг ўсиши кузатилмоқда: 2022 йил мартда Россиядан келаётган пул ўтказмалари Ўзбекистонга жами пул ўтказмаларида 50 фоизни ташкил этган бўлса, май ойига келиб бу кўрсаткич 85 фоизга (2021 йилда 70 фоиз, 2020 йилда 72 фоиз) ошди.

2022 йил ноябрида Тошкентдаги 1 кв.м уй-жой нархи 2021 йилнинг ноябрига нисбатан ўртача 27 фоизга ошиб, $1078 ни ташкил этди. Турли мамлакатларда уй-жой нархларида жиддий ўсиш кузатилди. Уй-жой нархлари глобал индексига кўра, юқори инфляция ва ипотека кредитлари фоиз ставкаларининг ўсиши одамлар уй сотиб олиш имкониятларини чеклаётган бўлса-да, 56та дунё мамлакатида уй-жой нархлари ўсиши 2022 йилнинг биринчи чорагида ўртача 10,2 фоизни ташкил этди.

Нархларнинг ўсиши глобал ўзгаришлар натижасида пул оқимларининг кўчмас мулк бозорига йўналтирилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. 

Инфляция суръатларининг тезлашиши ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини ҳаёт даражаси ўсишидан ҳимоя қилиш учун давлат харажатларини оширишга олиб келди. Масалан, 2022 йилнинг 9 ойида ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловлари 14,5 трлн сўмни ташкил этдики, бу 2021 йилнинг тегишли даврига нисбатан 1,9 баравар кўп.

Иқтисодчи Зокир Усманов, Россия давлат нефть ва газ университети Тошкент филиали илмий ходими Ўзбекистонда ишлаб келаётган россиялик компаниялар ўз фаолиятини давом эттиришини ишонч билан айтди: “Ўзбекистонда ишлаб келаётган Россия Федерацияси компаниялари Ўзбекистон иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатишини ўйлайман. Россия-Украина уруши туфайли Ўзбекистонда жуда кўп россиялик компания ишламоқда. Менимча, ҳатто уларга айрим имтиёзлар бериб, ҳукумат уларни мамлакатимизда сақлаб қолиши керак. Чунки турли соҳаларда ишлаб келаётган россиялик компаниялар Ўзбекистонда ишлашни давом эттирса, улар Ўзбекистонга катта миқдорда солиқ тўлайдилар”.

Ўзбекистон бозори россиялик компаниялар учун максимал даражада очиқ 

Ўзбекистон бозори россиялик экспорт йўналтирган компаниялар учун максимал даражада очиқ. Россия Экспорт марказининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси россиялик ишлаб чиқарувчиларга ўзбекистонлик бозорда ўз ўринларини топишда кўмаклашишга тайёр. Бу ҳақда Екатеринбургдаги INNOPROM кўргазмасидаги питч-сессиясида Россия Экспорт марказининг Ўзбекистондаги вакили Павел Буханов гапирди.

“Ўзбекистон бозори максимал даражада очиқ. Ҳар қандай экспортёр бу ерда ўзини синаб кўриши мумкин. Сўнгги йилларда биз ишлаб чиқариш кооперациясини, Россия Экспорт маркази РЖД Логистика ва Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда ишга туширган “Агроэкспресс” лойиҳасини муваффақиятли ривожлантирдик. У экспорт етказиб бериш учун узлуксиз темир йўл алоқаси имконини яратди”, – деди Буханов.

Бир томондан, давом этмоқда бўлган уруш ва тайёр, юқори малакали мутахассисларнинг Ўзбекистонга миграция қилиши мамлакат иқтисодиёти учун фойдали. Албатта, бу иқтисодиётдаги вақтинчалик вазият. Аммо бозор иқтисодиёти қонунлари уни имкон қадар кўп фойдаланишни тақозо этади.

Аммо Россиядаги инфляция оқибатида Ўзбекистонга юборилаётган, яъни мигрантлар оладиган пулнинг харид қобилияти пасаймоқда, Ўзбекистондаги нархларнинг ўсиши аҳоли учун салбий оқибат ҳисобланади. Бундан ташқари, ушбу мақола мавзусидан фарқли равишда бошқа салбий жиҳатлар ҳам мавжуд. Шунинг учун икки давлат ўртасидаги зиддият қанча тезроқ тугаса, шунча яхши.

Аброр Қурбонмуратов

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.