Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишидан ким наф кўради

Очередь из грузовых автомобилей на перевале Торугарт на кыргызской стороне границы между Китаем и Кыргызстаном. Фото: Навруз Каримов

Марказий Осиё мамлакатлари  денгизга чиқа олмагани сабабли транспорт алоқаларини ривожлантириш лойиҳалари ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу билан бирга, темир йўл қурилиши лойиҳасининг шаффоф эмаслиги, қарзга ботиш ва контрабанданинг ортиб кетиши хавфи хавотир уйғотмоқда, деб ёзади The Diplomat нашри.

Қирғизистоннинг Хитой билан чегарасидаги Торугарт довонида юк машиналарининг навбатини кўриш мумкин.

24 октябрда Хитой Давлат Кенгашининг бош вазири Ли Цян Қирғизистонга Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли (ХҚЎ) қурилиш лойиҳасини муҳокама қилиш учун келди. Бу ўнлаб йиллар давомида кечиктириб келинган лойиҳа охир-оқибатда амалга ошиши мумкинлигининг белгиси бўлиши мумкин.

Украинадаги уруш ва ундан кейин Россияга  қарши қўйилган санкциялар Хитойдан Европа ва Яқин Шарққа борадиган муқобил йўлларга қизиқишни туғдирди. Бу эса 20 йиллик темир йўл лойиҳасини қайта жонлантирди. Ҳозир Марказий Осиё учун Шарқ билан Ғарб орасида товар айланишида транзит ҳудуд сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаш вақти келди.

Янги йўл Европага товар етказиб бериш вақтини етти-саккиз кунга қисқартиради ва Марказий Осиё қитъада савдо-сотиқда “марказий” ролини қайтаради. Шунга қарамай, мутахассислар огоҳлантиришмоқдаки, ХҚЎ кўп миллиард долларлик темир йўл лойиҳаси элита табақаларга нопропорционал даражада катта фойда келтиради. У санкцияларем айланиб ўзтиш ва яширин иқтисодиётни рағбатлантириш учун ҳам фойдаланилиши мумкин.

Транспорт харажатлари

Хитойдан савдо қилувчи ўзбек тадбиркорлари Хитойдан Ўзбекистонга темир йўли орқали юк ташиш 45дан 70 кунгача вақт олиши мумкинлигини айтмоқдалар. Ҳозирги темир йўл энг арзон вариант бўлса-да, тез бузиладиган ёки қиммат товарлар учун ярамайди.

Авто ва ҳаво йўллари орқали ташиш харажатлари ҳам маҳаллий тадбиркорлар учун катта муаммо ҳисобланади. “Менинг фикримча, Хитойдан Ўзбекистонга товар импорт қилишнинг асосий муаммоларидан бири транспортни амалга ошириш жуда қимматга тушишидир”, дейди Тошкентдаги логистика фирмаси эгаси Отабек Сиддиқов.

Ҳаво йўли билан юк ташиш нархи ҳар килограмм учун 9 дан 25 долларгача туради. Автотранспорт орқали ташиш анча арзонроқ, лекин ҳар куб метр учун 130 долларгача (ёки ҳар килограмм учун 7-14 доллар) тушиши мумкин. Транспорт харажатларидан ташқари, Хитойдан Ўзбекистонга экспорт қилинадиган товарларга давлат божлари қўшимча юк бўлиб тушмоқда.

Афсуски, товар импортида коррупция каби нохуш муаммоларга ҳам дуч келяпмиз”, дейди Сиддиқов, тафсилотларига берилмай.

Отабек Сиддиқов Хитойнинг Иу шаҳридаги машҳур улгуржи савдо бозорида. Фотосурат Отабек Сиддиқов томонидан тақдим этилган.

Сиддиқов ХҚЎ темир йўлининг очилишини сабрсизлик билан кутмоқда. Унинг фикрича, бу маҳаллий тадбиркорлар учун молиявий юкни енгиллаштиради. “Бизнингча, агар Қирғизистон орқали Хитойдан темир йўл қурилса, тадбиркорлар учун бу ерга товарларни олиб кириш анча қулай ва арзон бўлади деб ўйлаймиз. Биз камида шуни умид қиламиз”, деди Сиддиқов.

Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг маълумотларига кўра, томонлар дастлабки равишда Қашқардан бошланадиган, Торугарт, Арпа, Мақмал ва Жалолобод орқали ўтадиган 450 чақиримлик йўналишни келишиб олган. Режалаштирилаётган йўл қийин тоғли ҳудуддан ўтади, лекин қурилиши муваффақиятли бўлса, Европага товар етказиб бериш вақтини бир ҳафтадан ортиқ қисқартириши кутилмоқда.

Шаффофликнинг йўқлиги

1 июнда Хитой Темир йўл қурилиш корпорациясининг биринчи лойиҳалаш-тадқиқот институти Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматларига темир йўл қурилишига техник-иқтисодий асослантиришнинг (ТИА) якунив ҳисоботини тақдим этди. ТИАнинг охирги нархи номаълум, лекин ҳар бир давлат унинг қийматининг камида 30 фоизини молиялаштирган.

Қирғизистон ва Ўзбекистон транспорт ва савдо вазирликларига бизнинг сўровларимизга қарамай, биз ушбу ҳужжатнинг ҳатто қисқача мазмунини ҳам ололмадик. Лойиҳани амалга ошириш учун жавобгар “Қирғиз темир йўл” давлат корхонаси ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ТИА деталлари ҳақида шарҳ беришни хоҳламади. Бундай ёпиқлик лойиҳанинг мақсадга мувофиқлиги ва экологик барқарорлигига шубҳа туғдиради.

Марказий Осиё зилзилалар, ярим қурғоқлик иқлими ва табиий офатларга мойил. Минтақа иқлим ўзгаришига нисбатан дунёдаги энг заиф ҳудудлардан бири ҳисобланади. Масалан, 2008 йилда Қирғизистонда 6,6 балли зилзила бўлиб, унинг оқибатида Нура қишлоғи буткул вайрон бўлган эди.

Табиий офатлар хавфи Марказий Осиёнинг асосий дарёлари Амударё ва Сирдарё тошқини билан ҳам боғлиқ. Дарё тошқини инфратузилма, аҳоли яшаш жойлари ва қишлоқ хўжалик ерларига зарар келтириши мумкин. Бу хавф-хатарларни ўз вақтида бартараф этилмаслиги жиддий зарарларга олиб келиши мумкин. Темир йўл қурилиши маҳаллий аҳолининг кўчирилишига ҳам олиб келишидан хавотирланишмоқда.

Археологик объектларга, аҳоли турмуш тарзига, шунингдек сув манбалари ва чиқиндилар утилизациясига салбий таъсир даражаси Қирғизистон ҳукумати ТИА ҳисоботини ошкор этмагунича аниқ баҳолаб бўлмайди. Фақат ана шундай ҳисоботга кириб боргандагина бу эҳтимолий оқибатлар ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш мумкин.

Бунинг учун ким тўлайди?

Шу йил августда Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон расмий шахслари темир йўл молиялаштириш масалаларини бевосита муҳокама қилиш учун уч томонлама учрашув бўлиши керак эди. Лекин бундай учрашув ҳақида матбуотда ҳеч нарса дейилмаган, аксинча октябрда Қирғизистонга ХХР Давлат Кенгаши бош вазири Ли Цян келаётгани ҳақида хабар тарқалди. Ташриф давомида шу жумладан ХҚЎ темир йўл лойиҳасини ривожлантириш муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Молиялаштириш масаласи энг долзарб бўлиб қолмоқда, айниқса Қирғизистон учун, чунки лойиҳани ўз ҳудудида амалга оширишда молиявий қийинчиликларга дуч келади.

Темир йўлнинг умумий қиймати 3 дан 5 миллиард долларгача баҳоланмоқда. Бундан Қирғизистон ҳудудидан ўтадиган қисмини қуриш 1,8 дан 3,1 млрд. долларга тушиши тахмин қилинмоқда.

Берлиндаги Карнеги Россия ва Евроосиё тадқиқотлар маркази ходими Темур Умаров темир йўл қурилиши ҳали амалга ошириш босқичидан узоқ эканини ҳисоблайди. “Бу лойиҳани молиялаштиришдан олинадиган манбалар бўйича жиддий саволлар мавжуд”, дейди Темур. Умаровнинг фикрича, Қирғизистон лойиҳани мустақил молиялаштира олмайди, шунинг учун ягона мақбул вариант ташқи инвесторларни жалб қилишдир.

Умаров Ғарбдан инвестиция келишини ишонмайди. “Марказий Осиё мамлакатлари қанчалик Хитойга иқтисодий жиҳатдан боғлиқ бўлиб борса, Хитой улардан имтиёзлар олиш эҳтимоли шунчалик ортади”, деди Умаров, Қирғизистон ғарб институтларидан маблағ олиш имкониятларини пасайтираётганини таъкидлаб. “Қолгани Хитой, – давом этди Умаров, – лекин Бишкек ХХРга янада боғлиқ бўлишга тайёрми, деган савол туғилади”.

Қирғизистон ташқи қарзлар бўйича аниқ чегарага риоя қилмоқда. Мамлакатда бир кредиторга нисбатан ташқи қарзларнинг умумий ҳажмидан 45 фоиздан ортиқ бўлмаслиги белгилаб қўйилган. Аммо ҳозирги кунда Хитойга қарзлар умумий ташқи қарзнинг 39 фоизини ташкил этади, бу мазкур чегарага жуда яқин келади.

Келгуси беш йил ичида, яъни 2023 йилдан 2028 йилгача, Қирғизистон ҳар йили 400-460 млн. доллар миқдорида қарз тўловларига дуч келади, уларнинг ярмидан кўпроғи Хитой Ташқи савдо ва ҳамкорлик банки кредитларини қайтаришга кетади.

Хавфсизлик муаммолари тадқиқот маркази (Швейцария) ходими Брайан Карлсоннинг фикрича, Хитой олдида қарздорликни янада ошириб бориш Қирғизистон учун яхши оқибатлар келтирмайди. “Марказий Осиё давлатлари Хитойга иқтисодий жиҳатдан қанчалик боғлиқ бўлса, Хитой улардан имтиёзлар талаб қилиш эҳтимоли шунчалик кучаяди”, деб таъкидлади Карлсон.

Баъзан қарзларни кечириб юборадиган Россиядан фарқли ўлароқ, Хитой одатда бундай қилмайди. Бунинг ёрқин мисоли Тожикистон бўлиб, у ерда ҳукумат 2011 йилда 1122 кв км ҳудудини Хитойга берган эди.

Қирғизистоннинг Хитой молияси билан амалга ошириладиган йирик лойиҳаларга нисбатан иккиланиши президент Садир Жапаровнинг Пекиндаги “Бир камар, бир йўл” форумига “бандлиги ва зич жадвали” туфайли бормаганида кўринади. Ўз ўрнига Қирғизистон энергетика вазири ва Давлат божхона хизмати бошлиғини жўнатган.

Яширин иқтисодиёт учун қулай муҳит

Янги темир йўл яширин иқтисодиётга катта даромад келтириши ҳам мумкин. Пекин маълумотларига кўра, 2022 йилда Хитойдан Қирғизистонга экспорт 15,42 млрд. долларни ташкил этган, Қирғизистонда эса фақат 4,07 млрд. долларлик товар рўйхатдан ўтказилган, бу Хитой билан Қирғизистон ўртасидаги савдонинг катта қисми контрабанда моллардан иборатлигини кўрсатмоқда.

Атлантика Кенгаши Хитой тадқиқотлари маркази илмий ходими Нива Яу фикрича, темир йўл орқали юк ҳажми ортиши билан яширин савдо ҳам кўпаяди. Айниқса қиш фаслида. “Қишда юк машиналари юра олмайди, поездлар эса юради”, деб таъкидлади Яу.

Ҳозирданоқ Марказий Осиё давлатларидан Россия шундай мақсадларда фойдаланмоқда. Россия Украинага тўлақонли босқинчилик бошлаганидан кейин Қозоғистондаги савдо динамикаси сезиларли ўзгарди, айниқса учувчисиз учувчи аппаратлар ва микроэлектроника импорти соҳасида. Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш лойиҳасининг тадқиқоти Қозоғистонга бу технологиялар импорти ҳамда уларнинг Россияга экспортининг сезиларли даражада ўсганини кўрсатмоқда.

ХҚЎ темир йўли минтақа учун икки қиррали қиличдек. У савдони тартибга солиш ва зарур иқтисодий имкониятлар яратиш ваъда қилади. Лекин шу билан бирга бундай инфратузилма контрабанда учун йўл очиши, ҳатто ғарб санкцияларидан ўтишга ёрдам бериши мумкинлигини эътироф этиш муҳим.

Минтақа учун чекланган манфаат

Темир йўл юк ташиш харажатларини камайтириб, учала мамлакат савдо алоқалари ва умуман иқтисодиётини ривожлантириши керак. Аммо Темур Умаровнинг фикрича, лойиҳа инқилобий бўлмайди. “Жами савдонинг 98 фоизи денгиз йўллари орқали амалга ошади”, деб таъкидлади у, яъни лойиҳа асосан Хитой ва Ўзбекистон корхоналари ўртасидаги алоқаларни йўлга қўйиш билан чекланади.

Темир йўл билан бирга зарур инфратузилма ҳам ривожлантирилса, Марказий Осиё иқтисодиёти учун лойиҳа жуда фойдали бўлиши мумкин.

Вьетнамда минглаб заводлар темир йўллар бўйлаб стратегик жойлаштирилган, бу мамлакатнинг глобал етказиб бериш занжирига узликсиз интеграциясини таъминлайди. Маҳсулот Вьетнам портларига етказилади, яқиндаги заводларда маълум босқичдаги ишловдан ўтказилади, сўнгра темир йўл орқали бошқа мамлакатларга қайта ишлаш учун жўнатилади.

ХҚЎ темир йўли Марказий Осиёни глобал етказиб бериш занжирига уланиш имкониятини яратади. Лекин ишлаб чиқаришга йўналтирилган Вьетнам иқтисодиётидан фарқли ўлароқ, Яунинг айтишича, бундай сценарийнинг минтақада эҳтимоли,“сиёсатчиларнинг етарли даражада компетент эмаслиги” туфайли, кам.

Бунинг ўрнига, Хитой билан Марказий Осиё ўртасидаги номутаносиб савдо муносабатлари сақланиб қолиши эҳтимолроқ кўринмоқда.

“Бироқ катта миқдорда Хитой маҳсулотларини импорт қилиш учун темир йўлдан фойдаланиш ва Хитойда айрим Марказий Осиё товарларини сотиш учун кичкина бўлса ҳам майдоннинг очилиши ҳақиқат. ”, дея хулоса қилади Яу.

Транспорт алоқаларини йўлга қўйиш лойиҳалари денгиз чиқиш йўқлиги ва етарли даражада ривожланмаган йўл инфратузилмаси туфайли қийинчиликларга дучор бўлаётган Марказий Осиё давлатлари учун жуда муҳим. Отабек Сиддиқов каби тадбиркорлар товарларни тезроқ ва арзонроқ етказиб бериш имкониятини сабрсизлик билан кутмоқдалар. Лекин бу оптимизм остида лойиҳанинг шаффоф эмаслиги ва божхона статистикаси, шунингдек Қирғизистоннинг қарз инқирозига тушиб қолиши хавфи яширин.

Охири келиб ХҚЎ темир йўли қурилиши йил давомида қонуний бўлмаган товар контрабандасини кўпайтириши мумкин, бу эса аллақачон Хитой билан савдо назорат қиладиган доираларга энг кўп фойда келтиради.

Навруз Каримов 

Аброр Қурбонмуратов

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.