Умумтаълим мактабларининг ўқувчилари қандай овқатланиши керак
Anhor.uz таҳририятига ота-оналардан мактабларда овқатланиш сифати бўйича хабарлар келиб тушмоқда. Кўпгина хусусий мактабларнинг ота-оналари ўқувчиларнинг рационида жуда кўп углеводлар мавжудлигини айтишмоқда. Марат Смагин ўз колонкасида ота-оналар хусусий мактабларда овқатланиш билан боғлиқ муаммоларни қандай ҳал қилишларини ёритиб берганди.
Давлат мактабларида вазият янада хавотирли – буфетларда мактаблар учун тақиқланган маҳсулотларнинг махсус рўйхатига киритилган конфет ва газланган ичимликлар каби тақиқланган маҳсулотлар сотилиши давом этмоқда. Янги ўқув йили арафасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги мактабларга санитария меъёрларига (СанҚваН) қатъий риоя қилиш, шунингдек, мактаб ошхоналарида айрим маҳсулотларни сотиш тақиқланишини эслатди.
“Умумтаълим муассасалари ўқувчиларининг овқатланишини ташкил этишнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена меъёрлари”га мувофиқ мактаб ошхоналарида қуйидаги маҳсулотларни тайёрлаш ва сотиш тақиқланади:
- Гамбургерлар, чизбургерлар, ҳот-доглар, гўштли, майонез, кетчупли ва сабзавотли пишириқлар
- Сунъий ароматизаторлар, ранглар ва консервантларга эга қандолат маҳсулотлари.
- Зарарли қўшимчаларга эга чипслар, «кириешкалар», «хрустяшкалар», ширин батончиклар ва бошқа тамадди маҳсулотлари.
- Газланган ичимликлар, энергетик ичимликлар ва рангли алкоголсиз ичимликлар.
- Ветеринария назоратидан ўтмаган гўшт, парранда ва балиқ, шунингдек, уй шароитида тайёрланган консервалар.
- Кремли қандолатчилик маҳсулотлари, торт ва пирожнийлар.
- Қўзиқоринлар ва улар асосидаги маҳсулотлар.
- Аччиқ зираворлар, соуслар, кетчуплар ва майонез.
Ушбу рўйхат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унда болаларда семириб кетиш ва бошқа касалликлар ривожланишининг олдини олиш учун бундай озиқ-овқатларни мактаб рационидан чиқариб ташлашга чақирилади.
Anhor.uz нашри аввалроқ айрим умумтаълим мактаблари ошхоналарида рейд ўтказганди.
Шарҳлар