Ўзбекистонда чанг бўронлари: сабаблар, ўзгариш суръати, оқибатларни юмшатиш
Ушбу мақола аввалгисининг давоми бўлиб, унда айрим саволларга соҳа мутахассисларининг жавоблари тақдим этилган.
Ўзбекистон аҳолиси чанг бўронлари улар аввал кузатилмаган ҳудудларда ҳам пайдо бўлаётганига тез-тез эътибор қарата бошлади. Айримлар уларнинг характери ўзгарганига, яъни ҳавода қум ва чангдан иборат улкан девор ҳаракатланишига, кейин эса муаллақ чанг зарралар бир неча кун давомида атмосферада қолаётганига эътибор бермоқда. Метеорологларнинг кўп йиллик кузатувлари хавотир олиш учун ҳақиқатдан ҳам асос борлигини кўрсатяпти. Улар шошилинч ҳаракатларни талаб қилади, албатта. Бу қандай ҳаракатлар экани эса – мутахассисларга бериладиган савол.
“Ўзгидромет” мутахассислари охирги йигирма йил ичида Ўзбекистонда чанг бўронлари содир бўлиши ҳолатлари ошганини тасдиқламоқда. Угбу тенденциянинг асосий сабабларидан бири инсон фаолияти келтириб чиқараётган кенг кўламли чўлланиш жараёнидир. Ўсимлик қопламасининг тикланиши кўкаламзорлаштириш ва суғориш ишларига янгича ёндашувни талаб қилади, уларни албатта жамиятга ҳам тушунтириш зарур бўлади.
Марказий Осиё учун табиий ва одатий бўлиб кўриниши керак бўлган қум ва чанг бўронлари кейинги йилларда кенг жамоатчиликни хавотирга солмоқда. Бироқ, ОАВ нашрларига қараганда, Ўзбекистонда чанг бўронларига қизиқиш ҳали ҳам мавсумий. Ҳарорат пасайиб, ёмғир бошланганида, кейинги чанг бўрони мавсумига қадар чанг ва қум бўронлари унутилади.
Шу билан бирга, чанг бўрони оқибатларини юмшатиш ва уларнинг олдини олиш бўйича саъй-ҳаракатлар йил давомида тизимли ва ўйланган ҳаракатларни талаб қилади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги ходимлари томонидан 1975 йилдан ҳозирги кунгача бўлган 83 та метеорологик станциядан олинган чанг ва қум бўронлари ҳақидаги маълумотлар таҳлил қилинди, бу эса ушбу ҳодисанинг ўртача юз беришини кунлар сони бўйича ҳисоблаш имконини беради.
Мамлакат ҳудудининг катта қисмини дашт ва чўллар эгаллаганлиги сабабли (Қизилқум чўли, қуриган Орол денгизи ўрнида пайдо бўлган Оролқум чўли, шунингдек, Оч даштнинг бепоён ҳудуди) Ўзбекистоннинг деярли бутун ҳудуди чанг бўронларининг салбий таъсири остида. Танланган мезонга мувофиқ (йилига ўртача чанг бўронлари сони) баъзи ҳудудларда улар тез-тез содир бўлади, бошқаларида эса камроқ.
“Кузатув натижалари таҳлили шуни кўрсатдики, чанг ва қум бўронлари бўлган кунларнинг энг кўп сони Оролбўйида, Қизилқум чўли ва унга туташ ҳудудларда, Сурхондарё вилоятининг чекка жанубида ва Фарғона водийсининг чўл зонасида кузатилмоқда. Ушбу ҳудудларда чанг ва қум бўронлари бўлган кунларнинг максимал сони баъзи жойларда йилига 50-123 кунга етади.
Қолган ҳудудларда бўронли кунлар сони йилига 2-8 кундан ошмайди, – дейди Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлигининг мутахассиси Фируз Сафаров.
Юқоридагилардан, хусусан, Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида айрим йилларда чанг бўронлари умуман кузатилмаслиги мумкинлиги маълум бўлади. Агар, масалан, Агентлик кузатувларига кўра, 2021 йилда Тошкент шаҳрида сўнгги ўн йил ичида рекорд (йилига 6 кун) бўлган бўлса, буни тошкентликларнинг ўзлари ҳам пайқашгана, Гидрометеорология маълумотларига кўра, сўнгги эллик йиллик рекордлардан ҳали ўзиб кетилмаган, хусусан 1976 ва 1977 йилларда ҳар йили 11 та шундай кун бўлган.
Олимларнинг фикрича, Термиз ва Бухоро каби ҳудудларда тубдан бошқача ҳолат кузатилмоқда – сўнгги ярим асрдаги энг кўп чанг бўронлари айнан сўнгги ўн йил ичида содир бўлган.
Гидрометеорология хизмати агентлигининг мутахассиси Эркин Абдулахатов таъкидлаганидек, чанг кўчиши масофасига кўра халқаро (глобал), минтақавий ва маҳаллий чанг бўронларини фарқлаш керак:
“Халқаро чанг бўронлари чангни 2-3 км гача, минтақавий чанг бўронлари 2 км гача, маҳаллий бўронлар эса 300 метргача ҳавога кўтаради ва 3-6 соат давом этади. Биз фақат маҳаллий ва минтақавийларни кузатамиз, тоғлар ва атмосфера циркуляцияси бизни глобал миқёсдаги чанг бўронларидан ҳимоя қилади”.
Шунга қарамасдан, минтақадаги умумий вазият хавотирни келтириб чиқармаслиги мумкин эмас.
Марказий Осиё ҳудудининг 80% дан ортиғини чўл ва даштлар эгаллаганлиги сабабли, сўнгги ўн йилликларда кенг антропоген чўлланиш натижасида чанг бўронлари содир бўлиши сони ва шунга мос равишда ушбу минтақада чўллардан чанг кўчиши кўлами ва ҳажми ошди.”, – дея хулоса қилади Фируз Сафаров.
2021 йилнинг 4-7 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида содир бўлган чанг бўронининг оқибатлари чўлланишдан келиб чиқадиган муаммолар биргина давлат билан чегараланиб қолмаслигини кўрсатди. Ўшанда уч кунлик минтақавий чанг бўрони Қозоғистондан эсиб, деградацияга учраган ерлардан чанг олиб келгани сабаб бўлган.
“Қозоғистоннинг жанубий вилоятларида бир мунча вақт суғориладиган деҳқончилик ерлари кўп эди. Илгари у ерда пахта ва ғалла экилган. Ҳозирги вақтда сув етишмаслиги туфайли бу ҳудудларда чўл ёки ярим чўлларнинг улуши кўпайди, бунинг натижасида минтақавий чанг бўронлари жуда тез-тез содир бўлмоқда. Худди шундай муаммо мамлакатимизда ҳам бор, – дейди Гидрометеорология хизмати агентлигининг ходими Эркин Абдулахатов.
Гидрометеорология хизмати агентлиги маълумотларини илмий адабиётларда умумлаштириш мумкин бўлган олдинги кузатувлар билан таққослаб, биз ачинарли хулосага келамиз: ўтган асрнинг 40-50 йилларидаги чанг ва қум бўронлари бўлган кунлар сони бўйича (Томди, Термиз ва Орол денгизидаги [i] метеостанциялардан олинган кузатувлар) деярли ҳамма жойда рекорд қўйилган.
Эркин Абдулахатовнинг сўзларига кўра, чанг бўронлари республиканинг тоғли ҳудудларида ҳам ошган – йилига 1-5 мартадан 2-7 мартагача.
Йилига шамолли ва чангли кунлар сони нисбатан ўзгармаган тақдирда ҳам, она табиатнинг ҳикматига таяниб, бекор туришга ҳаққимиз йўқ эди.
Сабаби ҳамон ўша – иқлим ўзгариши ва инсоннинг узоқни кўра олмайдиган иқтисодий фаолияти натижасида табиий (баъзи маълумотларга кўра, тўқай ўрмонлари майдони 1960 йилдан бери икки баравар қисқарган) ва қишлоқ хўжалиги ландшафтларининг кенг миқёсдаги деградацияси.
Бўз ерлар шудгорланиб, суғорилгандан кейин пахта ва ғалла майдонларига чўл келади.
Ҳозирги вазият ўтган асрнинг 30-40 йилларида ва қуриб қолган Орол денгизи ўрнида Ўзбекистон харитасида янги чўл пайдо бўлиши муносабати билан юзага келган вазиятдан тубдан фарқ қилади.
“Чанг кўчиши масофаси 500 км ни ташкил қилади. Собиқ Оролбўйи ҳудудида пайдо бўлган шамол Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятларининг айрим ҳудудларида ҳам сезилади”, – дейди Эркин Абдулахатов.
Мутахассис таъкидлаганидек, бу чанг Тошкентга етиб бориш имконияти кам бўлса-да, республикамизнинг жуда катта ҳудудлари учун кескин муаммо туғдирмоқда.
Ниҳоят, Ўзбекистоннинг йирик шаҳарлари маҳаллий чанг билан ифлосланишини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак.
“Тошкентда ёзда 60-70 кун ёмғир ёғмайди. Бошқа томондан, яшил майдонлар майдонининг камайиши очиқ юзалардаги майда чанг ва бошқа зарраларнинг тез нурланишини тезлаштиради. Шу сабабли шаҳарни чангли туман босади. Кечаси чанг кўтарилади, кундузи тушади. Бу айланиш кучли шамолларсиз ҳам содир бўлади. Шу сабабли, кечалари шаҳарларимизда датчиклар ҳавонинг ифлосланиши кучайишини қайд этади. Бу жараён мегаполисдаги ер юзасининг ҳолати билан боғлиқ, шу боис уни бутунлай антропоген деб аташ мумкин”, – дейди Эркин Абдулахатов.
Ўсимликлар қопламининг ёмонлашиши ярим аср олдинги каби қуруқ ва шамолли ёз кунларида бўлганида ҳам чанг бўронлари етказадиган зарар анча катта бўлиши мумкинлигига олиб келади – ҳавога кўпроқ қум ва чанг кўтарилади, экинларга ва тупроққа кўпроқ зарар етиши мумкин.
Шубҳасиз, агар ерлар экинлар учун ишлатилмаса, уларнинг ўрнида қандайдир ўсимликлар пайдо бўлади.
Ва бу ерда асосий савол – бу қандай ўсимлик бўлиши ва қандай қилиб сув билан таъминланиши, чунки ўсимлик қопламини тиклашдаги асосий тўсиқ сув танқислиги бўлиб, бу аслида юқорида айтиб ўтилганидек, экинларнинг қисқариши ва чўлланишга олиб келди.
Бу ерда икки чора мантиқий кўринади: ўсимлик қопламини тиклаш ва сувни тежаш.
“Тезроқ томчилатиб суғоришга ўтишимиз керак, бу сувни саккиз баробар тежаш имконини беради”, – дейди Эркин Абдулахатов. «Томчилатиб суғориш» мавзуси жуда кенг ва жиддий мавзу. Биз туркум мақолаларимизнинг камида биттасини шу мавзуга бағишламоқчимиз. Албатта, сувнинг минимал миқдори билан ўзини-ўзи кўпайтирадиган, қурғоқчиликка чидамли ўсимликларни етиштириш масалаларига мурожаат қилиш лозим.
Сўз биринчи навбатда чўл флораси ҳақида бормоқда. Жаҳон банки чўлланишга қарши курашишни саксовул ва юлғун каби алоҳида турдаги буталар экишдан бошлашни бежиз тавсия этмайди. Ўзбекистоннинг тегишли идоралари мутахассисларининг ўз ишланмалари ва ютуқлари бор, айримлари йирик давлат дастурлари доирасида.
Томчилатиб суғориш мавзуси жуда жиддий ва жуда кенг. Худди шу нарсани ерни ҳимоя қилувчи ўрмончилик ҳақида ҳам айтиш мумкин. Бироқ, бу масалаларни биз бошқа ихтисослашган мутахассислар – биологлар, ўрмончилар, агрономлар, мелиораторларсиз қилолмаймиз.
Уларнинг шарҳлари яқин кунларда Anhor.uz сайтида эълон қилинади.
Фақат уларгина барқарор ривожланиш парадигмаси доирасида амалга оширилиши мумкин бўлган чанг бўронлари ва чўлланишга қарши курашиш бўйича зарур чора-тадбирларнинг кетма-кетлиги ва мазмунини сабр-тоқат билан тушунтириши мумкин ва тушунтириши керак.
[i]Issanova, G., Abuduwaili, J. Dust Storms in Central Asia and Kazakhstan: Regional Division, Frequency and Seasonal Distribution//Aeolian proceses as Dust Storms in the Deserts of Central Asia and Kazakhstan. 2017. Environmental Science and Engineering. Springer, Singapore. P. 67.
Гафар Ризаев
Шарҳлар