Ўзбекистонда шаҳарни режалаштиришдаги тизимли муаммоларни излаб
Оммавий ахборот воситалари шаҳарларнинг мутаносиб ривожланишида ғоят муҳим бўлиб, жамият ва давлат ўртасида боғловчи бўғин вазифасини ўтайди: оммавий ахборот воситалари аҳолини давлат ислоҳотлари тўғрисида хабардор қилади ва шу билан бирга жамият фикрини давлат билан баҳам кўради. Ушбу мақолада мен урбанистлар қўллайдиган қизиқарли усул билан ўртоқлашиб, оммавий ахборот воситалари шаҳарсозликдаги муаммоларни аниқлашда қандай фойдали бўлиши мумкинлигини кўрсатишга ҳаракат қилмоқчиман.
Шаҳарни режалаштириш (urban planning) – бу ердан фойдаланиш ва қурилишни ривожлантириш ва режалаштиришни ўз ичига олган техник ва сиёсий жараён. Ҳаво айланиши, сув таъминоти, транспорт ва алоқа каби инфратузилма ҳам шаҳарни режалаштиришнинг бир қисмидир. БМТ прогнозларига кўра, 2050 йилга бориб аҳолининг 68 фоизи шаҳарларда истиқомат қилади. Бу, ўз навбатида, шаҳарсозлик учун бешта асосий муаммони келтириб чиқаради: 1) Экологик муаммолар. 2) Электр, озиқ-овқат, ичимлик суви каби ресурслар етишмаслиги муаммолари. 3) Ижтимоий тенгсизлик. 4) Технологик муаммолар, масалан, қуёш энергиясини оқилона режалаштириш ва жорий этишнинг йўқлиги. 5) Аҳолининг эҳтиёжларини ўз вақтида қондира олмайдиган самарасиз давлат бошқаруви.
2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон ҳукумати барқарор ривожланиш йўлини танлаб, “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Жорий йилнинг 26 июль куни президент шунингдек “Пойтахтни 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ушбу мақсадга эришиш тўғри режалаштириш ва катта инвестицияларни талаб қилади. Барқарор ривожланиш мақсадлари 17 та йўналишдан иборат бўлиб, улар, масалан, қашшоқликка барҳам бериш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва барқарор шаҳар ривожланишини ўз ичига олади. Албатта, бу соҳаларнинг барчаси муҳим, аммо оммавий ахборот воситалари энг устувор соҳаларни аниқлашга ёрдам бериши мумкин.
Шу мақсадда gazeta.uz ахборот ресурсидан юқоридаги муаммолар соҳасида 2021-2023 йиллар учун (ушбу мақолани ёзиш даврида) рус тилида чоп этилган 446 та мақоланинг соддалаштирилган тармоқ таҳлилидан фойдаланаман. Бу манбадан фойдаланишимга сабаб фақат gazeta.uz муҳаррирлари ҳар бир хабарнинг охирига муҳим ибораларни қўяди. Шундай қилиб, масалан, атроф-муҳит масалалари бўйича мақолаларни қидириш учун қуйидаги калит сўзлар танланган: #иссиқлик, #иқлим ўзгариши, #иқлим, #экология. Ресурслар танқислиги муаммолари қуйидаги сўзларни ўз ичига олган: #дарахтлар, #сув, #сув ресурслари, #иссиқ сув, #иссиқ сувни ўчириш, #қувват, #озиқ-овқат хавфсизлиги. Ижтимоий тенгсизлик мавзуси бўйича манбаларни қидиришга қуйидагилар киради: #қашшоқлик, #ишсизлик, #ижтимоий ҳимоя, #рақобат, #гендер тенглиги, #зўравонлик, #ногиронлик. Технологик муаммоларни излаш учун қуйидагилар танланди: #одамлар учун шаҳар, #урбанистика, #энергия самарадорлиги. Давлат бошқаруви мавзусидаги мақолаларда: #брм, #коррупция.
Қуйида шаҳарни режалаштириш бўйича нашр этилган турли мақолалар ўртасидаги алоқаларнинг тармоқ харитаси келтирилган. Кўриб турганингиздек, эълон қилинган мақолаларнинг аксарияти коррупция, экология ва дарахтлар мавзусига бағишланган. Шу билан бирга, ушбу мақолалар давлат бошқаруви ва экологик таҳдидлар билан мустаҳкам алоқага эга. Қизиғи шундаки, gazeta.uz ахборот порталида сўнгги уч йил ичида “барқарор ривожланиш мақсадлари” мавзусида #брм калит ибораси билан бор-йўғи учта мақола чоп этилган. Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳақида жамоатчилик ва сиёсий хабардорликни ошириш учун кўпроқ мақолалар чоп этилиши керак. Камроқ муҳокама қилинган мавзулар урбанистика, одамлар учун шаҳарлар, зўравонлик ва озиқ-овқат хавфсизлиги ҳақидаги мақолалар эди. Эҳтимол аҳоли технология, тенгсизлик ва ресурслар билан боғлиқ муаммоларни осонроқ енгиб ўтаётганлир. Бироқ бу соҳаларда жамиятнинг саводхонлигини ошириш шаҳарларимиз барқарор ривожланиши учун зарур. Масалан, “одамлар учун шаҳар” мавзусида кўплаб мақолалар эълон қилинганига қарамай, жамиятнинг “энергия самарадорлиги” ҳақида хабардорлиги анча кам. Ижтимоий тенгсизлик ҳақида гапирадиган бўлсак, шаҳарларимиздаги зўравонлик, ижтимоий ҳимоя ва қашшоқлик мавзуларида кўплаб мақолалар эълон қилингани ташвишлидир. Шу билан бирга gazeta.uz сайти ишсизлик, ногиронлик, рақобат ва гендер тенглиги ҳақида камроқ ёзган.
Шуни таъкидлаш керакки, ушбу харита Ўзбекистонда рўй бераётган барча муаммолар ва ўзгаришларни акс эттирмайди, чунки маълумотлар фақат gazeta.uz ахборот ресурси билан чекланган. Бошқа мавзуларда қизиқарлироқ материалларни нашр этадиган бошқа кўплаб яхши нашрлар мавжуд. Бироқ, бу мақолаларни ушбу усул ёрдамида таҳлил қилиш муаммоли, чунки аксарият ўзбек ОАВлари охирида асосий ибораларни киритмаган. Бундан ташқари, турли мавзулар ўртасидаги муносабатлар нохолис бўлиши мумкин, чунки муҳаррир ҳар доим ҳам маълум бир мавзу учун барча калит сўзларни қўймайди. Масалан, ер тақсимотидаги коррупция мавзусида мақола эълон қилинса, фақат «коррупция» калит сўзи мавжуд. Бироқ, «дарахтлар» калит сўзи йўқ, гарчи бу ҳудудда кўплаб дарахтлар кесилган бўлиши мумкин. Қолаверса, ўзбек тилидаги мақолаларни таҳлилдан чиқариб ташладим, чунки кўплаб мақолалар ҳам кирилл, ҳам лотин алифбосида чоп этилади, бу эса таҳлилни анча мураккаблаштиради.
Оммавий ахборот воситалари жамиятнинг умумий муаммоларини ўзида акс эттиргани учун шаҳарларнинг барқарор ривожланиши учун ниҳоятда қўл келади. Оммавий ахборот воситалари туфайли шаҳарни режалаштиришнинг тизимли муаммоларини бартараф этиш учун энг устувор йўналишларни танлаш мумкин. Масалан, давлат бошқаруви соҳасида энг кўп мақолалар коррупцияга бағишланган. Коррупция туфайли бўлса керак, Ўзбекистонда экология ва дарахтларни кесиш бўйича бу мавзулар энг кўп муҳокама қилинмоқда, чунки дарахтлар давлат томонидан назорат қилинадиган ва атроф-муҳит билан мустаҳкам боғланган ресурс ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб тахмин қилиш мумкинки, коррупцияга барҳам бериш орқали бошқа йўналишларда ҳам барқарорликни сезиларли даражада ошириш мумкин. Бундан ташқари, МДҲ мамлакатларида коррупция узоқ вақтдан бери яхши ўрганилган. Мисол учун, UCL дан профессор Леденёва бу мавзуни чуқур ўрганиб чиқиб, одамлар ўртасидаги норасмий муносабатлар ҳақида бир нечта китобларни нашр этди. Бинобарин, мамлакат раҳбариятининг сиёсий иродаси давлат бошқаруви тизимини сезиларли даражада такомиллаштириши мумкин, бу эса жамиятнинг турмуш даражасини ва шаҳарларимизнинг барқарорлигини сезиларли даражада оширади.
Анвар Мухамеджанов
архитектор-урбанист,
Гонконг университетининг PhD номзоди (Шаҳарни режалаштириш ва лойиҳалаш департаменти, Соғлом шаҳарлар лабораторияси),
Токио Университети шаҳарсозлик инженерияси соҳасининг магистри
Шарҳлар