Ўзбекистоннинг янги афғон ҳукумати билан ҳамкорлик бўйича позицияси
Уч ой давомида бутун дунё Афғонистон Ислом амирлигининг янги ҳукуматига кўникди. Ўзбекистонликларнинг дастлабки хавотирли муносабати ҳам аста-секин Толибон ўзи нима эканини ва унинг кун тартибига нималар киритилганини тушунишга интилишга алмашди.
Ўзбекистоннинг марказий (ТИВ, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Мудофаа вазирлиги) ва маҳаллий (Сурхондарё вилоят ҳокимлиги) ҳокимият органлари вакилларининг Толибон вакиллари билан қатор гуманитар муаммолар бўйича иш алоқалари ҳам аҳолини тинчлантирди. Бунда Ўзбекистон ҳудудида ва Тожикистон билан чегара зоналарида қўшни мамлакатларнинг ҳамда Россия ва Хитой қуролли кучларининг ҳамкорликдаги ҳарбий ўқув машқлари ҳам муҳим роль ўйнади.
Бироқ, ижтимоий тармоқлардаги кузатувлар Ўзбекистон расмий органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар ва декларацияларнинг моҳиятини ҳамма ҳам тушунмаётганини, давлатлараро муносабатларни барқарорлаштириш учун кўрилаётган чоралар ҳақида етарлича хабардор эмаслигини яққол кўрсатмоқда. Бунинг натижасида улар ҳукуматни қатор масалалар бўйича фаол танқид қилаётир.
Ҳар бир қарор ортида турган ҳаракатларнинг моҳияти, мантиғи ва сабабларини етказиш учун расмий Ўзбекистон ҳаракатларининг кичикроқ таҳлилини таклиф этаман.
Толибон муваққат ҳукумат таркиби ҳақида эълон қилиши биланоқ Ўзбекистон ТИВ мурожаат билан чиқиб, унда Афғонистоннинг муваққат ҳукуматини қутлади ва “Афғонистоннинг янги давлат органлари билан конструктив мулоқот ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини” билдирди.
ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов 2021 йил 8 сентябрь куни АҚШ давлат департаменти ва ГФР ТИВ ташаббуси билан ташкил қилинган учрашувда “Афғонистон учун, шу жумладан унинг иқтисодиётини тезроқ тиклаш, мамлакатни минтақавий интеграцион жараёнларга жалб қилиш, инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш учун низодан кейинги стратегияни ишлаб чиқиш” заруратига эътибор қаратганди.
17 сентябрь куни бўлиб ўтган «ШОС — Афғонистон» форматидаги учрашувда эса Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев гуманитар ҳалокат ва қочқинлар оқими ўсишининг олдини олиш учун Афғонистоннинг чет эл банкларидаги давлат активларидан хибсни олиб ташлаш зарурлигини қайд этди.
Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг директори Элдор Орипов 2021 йил 21 октябрда “Афганистан.Ру” порталига берган интервьюсида шундай деганди: “Тошкентнинг янги афғон сиёсати президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёни “барқарорлик ва барқарор ривожланиш зонаси”га айлантириш бўйича курси билан бевосита боғлиқ. Афғонистонга янгича назар белгиланган стратегиянинг муҳим элементига айланди. Энди Ўзбекистон аввалгидай ундан ўзини ажратмаяпти, балки бу мамлакатга бутун Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида қарамоқда… Янги ёндашувнинг моҳияти… Ўзбекистон президентининг ушбу мамлакатни фақат таҳдид манбаи сифатида қабул қилмасдан, балки Афғонистонга имкониятлар нуқтаи назаридан қарашга чақириғини акс эттиради”.
Юқорида баён этилган фактлар Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича расмий позициясини намойиш этади. Буёғига тушунтиришларни сиёсатни амалий ишлари билан амалга оширувчи давлат органлари беришлари лозим.
Фикримизча, Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича позицияси қуйидаги муҳим бандлар билан белгиланади:
- Толибон бир неча ўн йиллар давомидаги биринчи мустақил ҳарбий-сиёсий ва ижтимоий куч ҳисобланади. У ташқи кучлар ёрдамида шаклланган бўлса ҳам, афғон халқи манфаатларида ҳаракат қилаётган нисбатан автоном “партия” ҳисобланади. У ўз халқини ўз ҳолига ташлаб мамлакатдан қочиб кетганлардан ҳокмиятни тортиб олди. Толибларга мамлакатни бошқариш қобилиятини исботлаши ва қўшни мамлакатлар учун эҳтимолий минтақавий таҳдид мақомини ижобий томонга ўзгартириши учун имконият зарур;
- Мамлакат ўнлаб йиллар давомида илк бор йилига 50 млрд долларгача етган ташқи иқтисодий ёрдамсиз қолди. Толибон бундай шароитларда қишга тайёргарликни, озиқ-овқат захираларини таъминлаши ҳамда минтақавий кўламдаги гуманитар ҳалокатга йўл қўймаслиги керак;
- Айрим мамлакатларнинг иқтисодиё ёрдам кўрсатиш учун сиёсий талабларни қўйишга интилиши бу босқичда ўзини оқлай олмайди, чунки талаб қилинаётган сиёсий, ижтимоий ва тузилмавий ўзгаришлар жуда кўламли бўлиб, улкан саъй-ҳаракатларни, оддий ижрочилик интизомини талаб қилади. бунга анча вақт ҳам зарур бўлади. Толибонда эса ҳозир у йўқ, чунки ресурслар захираси мавжуд эмас, олдинда эса – қиш;
- Тарих шуманитар ҳалокат ҳар доим қўшни мамлакатлар учун хатар олиб келишини бир неча бор кўрсатди. Шундай экан, қўшни мамлакатларнинг барқарорлигини сақлаш учун бу хатарларни ҳисобга олиш ва уларнинг олдини олиш лозим. Бу хатарлар постковид давридаги иқтисодий, ижтимоий ва психологик муаммолардан келиб чиқади.
Қочоқлар нега қабул қилинмади
Ҳамма 2021 йил август ойи ўртасида Термизда Амударё орқали ўтадиган кўприк афғон қочоқларига тўлиб кетган ва ўзбекистонлик чегарачилар уларни ўтказмаётган ҳолатни акс эттирувчи хавотирли кадрларни эслайди, албатта.
Ўзбекистонда иккита йўл бор эди: қочоқларни Ўзбекистонга киритиш ва ўз иқтисодиётини ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини жиддий синовга қўйиш (изоляция, қўриқлаш, ҳаракатланишни назорат қилиш ва фильтрация масалалари) ёки ҳеч кимни киритмаслик ва вазиятдан келиб чиққан ҳолда алоҳида махсус қарорларни қабул қилиш.
Қочоқлар орасида Ўзбекистон аҳолисига таҳдид туғдирувчи террорчилар ва ҳарбийлар, жиноятчилар бўлиши мумкин эди. Хусусан, 4 сентябрь куни Германия Федератив Республикасининг ички ишлар вазири Хорст Зеехофер (Horst Seehofer) 20 нафар тахминий ҳуқуқбузар аниқланганини билдирди, улар “Қобулда текширилмагани учун Германияга келиб қолгани” қайд этилди. Худди шундай вазият АҚШга эвакуация қилинган қочоқлар орасида ҳам кузатилган.
Ўзбекистонда эса қочоқларни қабул қилиш бўйича мажбуриятлар йўқ эди, чунки мамлакат ҳали Қочоқлар мақоми тўғрисидаги 1951 йилги конвенцияга ҳам, 1967 йилги унинг Протоколига ҳам, на 1954 йилги Апатридлар мақоми тўғрисидаги конвенцияга ҳам, фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини қисқартиришни талаб қилувчи 1961 йилги конвенцияга ҳам қўшилмаган.
Айнан шу далиллар Ўзбекистон раҳбариятининг ҳаракатлар алгоритмини белгилаш учун муҳим роль ўйнади: қочқинларнинг ва Толибон қасосидан хавфсираётган барча фуқароларнинг ҳаёти сақланишига кафолат олиш учун ТИВ, Мудофаа вазирлиги линияси ва турли хавфсизлик хизматлари орқали Толибон етакчилари билан оператив жадал мулоқот йўлга қўйилди. Ўзбекистон ҳукумати томонидан бу кафолатлар берилди ва иккала мамлакат вакилларининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари билан кўприкдаги одамлар уйларига қайтарилди. Уйига қайта олмаганлар учун эса Афғонистон ҳудудида Ўзбекистон билан чегара бўйлаб вақтинчалик палаткали шаҳарча ташкил қилинди. Бизнинг ваколатхонамиз озиқ-овқат таъминотини, тиббий ва айрим маиший муаммолар ҳал қилинишини ташкиллаштирди.
Нега қочқин учувчилар ва уларнинг самолётлари қайтарилмади
2021 йил 16 август куни 50 га яқин Афғонистон ҳаво кемалари ичида афғон армиясининг 500 ортиқ учувчиси ва уларнинг оила аъзолари билан чегарани кесиб ўтиб, Термиз аэропортига қўнди.
Ушбу учувчиларни Афғонистонга қайтариш уларнинг шубҳасиз ҳалок бўлишини билдирарди, чунки Толибон ҳаракати эндигина Қобулни босиб олганди. Бу даврда қуролланган тўдадан инсонпарварлик ҳаракатларини кутиб бўлмасди.
Айнна шу боис Ўзбекистон ТИВ ва бошқа идоралари бу одамлар учун вақтинчалик яшаш жойларини ташкил қилди ва бу кишиларнинг кейинги тақдири ҳақида барча манфаатдор мамлакатлар (томонлар) билан музокараларни бошлади. Расмий Ўзбекистон уларга бошпана тақдим этмаслигини билдирди.
Ўзбекистон ҳукумати бошқа манфаатдор мамлакатлар билан бир қаторда Толибон ҳаракатини Афғонистоннинг барча ҳукумат амалдорлари учун умумий амнистия эълон қилиш заруратига ишонтирди ва давлат муассасаларининг фаолиятини тиклашга чақирди.
Умидлантирувчи кафолатлар олинганидан сўнг учувчилар ва уларнинг оила аъзолари кейинчалик ғарб мамлакатларига жўнатилиш учун Бирлашган Араб Амирликларига махсус самолётларда олиб чиқилди.
Афғон ҳарбийлари учиб келган самолётлар ва вертолётларнинг ўзига тўхталадиган бўлсак, улар бўйича музокаралар давом этмоқда.
Давоми бор…
Абдулла Абдуқодиров,
Anhor.uz шарҳловчиси
Шарҳлар