Жўхори: Ўзбекистон аграр секторининг янги истиқболлари
Техник, молиявий-иқтисодий экспертизанинг барча қийинчиликларидан, илмий кенгашларнинг икки босқичидан ўтиб, тадбиркор Неъмат Мирзаев 2021 йил июнь ойида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигидан сўралган 1,5 миллиард сўмдан 694 миллион сўм олди. Унинг стартапи Ўзбекистонда жўхори экинини етиштиришни режалаштирганди.
Маълумотнома: Мирзаев Неъмат Хасанович – ривожланаётган мамлакатлар ва Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида инновацион ишланмаларни жорий этувчи тадбиркор. У Ўзбекистон ва Украинада пахта, маккажўхори ва бошқа экинлардан юқори ҳосил олиш бўйича кўп йиллик тажрибага эга. Стартапчи жўхори ва сориздан (жўхори ва шолини чатиштириш натижасида олинган ўсимлик) юқори ҳосил олиш мақсадини қўйган.
Жўхорини “ўсимлик дунёсининг туяси” деб аташади, маккажўхорига қараганда икки баравар кам сув истеъмол қилади, шўрланган тупроқларда (Қорақалпоғистон, Сирдарё, Жиззах, Хоразм ва бошқа бир қатор вилоятларнинг бир қисми) ўсади. Нон тайёрлаш саноатида қўлланиши мумкин, шу билан бирга таркибида глютен мавжуд эмас – бу Ўзбекистонда ҳозиргача омамбоп бўлмаган ғалла экини хусусиятларининг тўлиқ бўлмаган рўйхати. Жўхори қаттиқ қурғоқчилик ва жазирамага чидамли бўлиб, бу Ўзбекистоннинг иқлим шароити учун фойдалидир. Ўсимлик диабетга чалинганлар учун тавсия этилади, чунки жўхори қондаги қанд миқдорини тартибга солади ва гемоглобин синтезини рағбатлантиради.
Энг йирик жўхори ишлаб чиқарувчилари АҚШ фермерлари бўлиб, улар 2018 йил ҳолатига кўра бу ҳосилдан 14 миллион тонна олган. Жўхори, шунингдек, Австралия, Ҳиндистон, Африка ва Хитойда муҳим глютенсиз озиқ-овқат ва ем-хашак экини ҳисобланади.
Хитойда жўхори давлатнинг стратегик ривожланиш экинлари рўйхатига киритилган. Бу мамлакат одатда АҚШ ва Австралиядан жўхори сотиб олади, шу билан бирга Америка жўхорисининг 60% га яқини Хитойга экспорт қилинади. Дунёда ушбу ғалла экини инсон озуқасида буғдой ва гуручдан кейин учинчи ўринда туради. Шунингдек, у витаминлар ва микроэлементларга бой.
Жўхори озуқа дон, ёрмалар, ширин гранулалар ва ўт уни, шакар, спирт ва ҳатто жўхорили асал сифатида ҳам манфаатли. Бундан ташқари, у пичан, яшил ем ва ўт уни ишлаб чиқариш учун ишлатилади. Жўхори ўсимлгидан олинадиган сиропда сахароза, фруктоза ва глюкоза тенг миқдорда бўлади. Бир гектар қанд жўхоридан 8-10 тонна шакар сиропи олиш мумкин, бу асалари асалига ўхшайди.
Жўхори билан озиқланган бройлер жўжалари турли хил ўсиш стимуляторлари қўшилмасдан икки баравар тез ўсади. Бундан ташқари, минимал ишлов бериш ва ишловсиз технологияларни қўллашнинг афзалликлари бор. Бу соғлиқнинг яхшиланишига ва тупроқ намлигининг сезиларли яхшиланишига олиб келади.
Сориз — жўхори турларидан бири. Ундан олинадиган маҳсулот, мутахассисларнинг фикрига кўра, гуруч ва гречканинг озуқавий хусусиятларига мос келади.
Айни пайтда Инновацион ривожланиш вазирлигининг гранти туфайли Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга иштиёқманд Неъмат Хасанович Жиззах вилоятининг Пахтакор ва Зарбдор туманлари ҳамда Бухоро вилоятининг Олот туманида жўхори етиштириш бўйича тажриба ўтказмоқда. Тадбиркор 200-250 гектар майдонда жўхори билан илмий тажриба ўтказмоқда.
Ушбу тажриба томон йўл машаққатли бўлди: биринчи марта грант олгандан сўнг, уруғлар Украинада сотиб олинди, аммо уруш режаларга халақит берди. Уруғлар Ўзбекистонгача етиб бормади. Мен пул ва навли уруғларнинг янги етказиб берувчиларини излашим керак эди, улар Россияда топилди. Шуни ёдда тутиш керакки, қишлоқ хўжалиги аниқ белгиланган муддатларга эга бизнес: Ўзбекистонга уруғ етиб келади, аммо экиш мавсуми аллақачон ўтиб кетган бўлиши мумкин ва биз кейингисини кутишимиз керак бўлади, бу эса яна бир йилга яқин вақт.
Дунё бўйлаб жўхорининг машҳурлигини ҳисобга оладиган бўлсак, уни бошқа мамлакатларга экспорт қилиш ҳам мумкин. Қулай логистика туфайли Хитой учун Ўзбекистондан жўхори сотиб олиш АҚШга қараганда анча осон ва арзонроқ бўлиши мумкин.
2023 йил кузида биринчи ҳосил кутилмоқда, аммо энди янги муаммо пайдо бўлди – сув етишмовчилиги. Юқорида айтиб ўтилган ушбу экиннинг инжиқ эмаслигига қарамсадан унга барибир маълум миқдорда сув керак. Бироқ, ҳокимлик Неъмат Мирзаевнинг муаммоларини ҳал қилишда ёрдам беришга унчалик шошилмаяпти – у учун пахта ва ғалла муҳим, истиқбол уни қизиқтирмайди, деб ҳисоблайди ҳокимлик.
“Каналларда сув йўқ, биз ҳозир суғоришни таъминлай олмаймиз. Биз иқлими қуруқ жанубий республикамиз, ҳамма нарса сувга боғлиқ. Бу йил биз учун кучли қурғоқчилик ва сув танқислиги туфайли жуда оғир бўлади. Биз жўхори яхшироқ ва фойдалироқ эканини исботлашимиз керак. Аммо қурғоқчиликка қарамай, катта ҳосил олишимизга ишонаман, – дейди Неъмат Мирзаев.
Тадбиркорнинг олдида қийин вазифалар турибди: нафақат ҳосил олиш, балки келгуси йил экиш учун сара уруғлар селекциясини йўлга қўйиш керак. Бу ерда, албатта, қишлоқ хўжалигидаги янгиликларга бефарқ бўлмаган, келажакни ўйлайдиган, сув тақчиллиги кучайишини тушунадиган ҳокимларнинг ёрдами ҳар қачонгидан ҳам маъқул бўларди. Неъмат Мирзаев ҳокимиятдан ташқари, жўхори экиш маданиятимизда нақадар муҳим эканини тушунган тадбиркорлар ҳам унинг фаолиятига қўшилишига умид қилмоқда. Зеро, жўхори ўсимлиги нафақат Ўзбекистон халқи, балки экспорт учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон ерларида жўхори етиштиришга украиналик олимлар катта қизиқиш билдиришди, уларнинг жўхори ва сориз етиштиришда тажрибаси катта.
Шу боис Неъмат Мирзаев лойиҳа халқаро миқёсга кенгайишига, Ўзбекистонга пахтадан кўра кўпроқ валюта даромад келтиришига умид қилмоқда.
Дарья Пензова
Шарҳлар