“Жаҳон бозори”га яширинган контрабанда тамаки ва унинг савдогарлари

Фото: Anhor.uz

Қабул қилинаётган хужжатларни кузатганда Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт, хусусан, ноқонуний тамаки маҳсулотлари айланмасига қарши кураш кучаймоқда, бироқ бозор ва савдо нуқталарида сезиларли ўзгариш ҳанузгача йўқ.

Андижон вилояти мамлакатнинг чегарадош ҳудуди саналади. Anhor.uz интернет нашри муҳбири Андижон вилоятига қилган сафари давомида вилоятдаги катта бозорлар, савдо мажмуаларидан тортиб, кичик савдо шаҳобчаларигача кириб борган. Божхонада расмийлаштирилмаган ва, демак, сифати кафолатланмаган қатор маҳсулотлар ҳамда сигаретларнинг нафақат иқтисодиётга келтираётган зарари, балки  инсон соғлиги учун хавфи анчагина юқори. Хуллас, кузатилган ҳолат кўнгилдагидек эмас.

Фото: Anhor.uz

Халқ тилида “Андижон Жаҳон бозори” деб номланган савдо маркази ҳудудини кўздан кечирар эканмиз у ердаги аралаш моллар савдоси билан шуғилланувчи дўконда очиқдан очиқ контрабанда ва контрафакт сифатида малакаланувчи тамаки маҳсулотларининг эркин савдо қилинаётганлигига гувоҳ бўлдик ва ҳаридор сифатида дўкон сотувчиси билан суҳбатлашдик.

Бу жойга катта партиядаги тамаки маҳсулотлари кириб келганлиги сабабли, “Ҳозирда савдо қила олмаймиз, эртага келинг. Бугун янги келган сигаретларни омборга жойлаб олишимиз керак” қабилидаги гапни эшитгач, яна дўкон эгасига савол беришга ҳаракат қилдим.

– Ака, сизларда “Milano”, “Esse”, “Esse change” ва “Oris” каби сигаретлар ҳам борми?

– Ҳа бор, ака, фақат эртага келсангиз олишингиз мумкин.

– Катта ҳажмда ҳам олиб кетсам бўладими, ўз дўконим учун.

– Бўлади, фақат аввал сиз билан яхши танишиб олишимиз керак. Бўлмаса савдо қилолмаймиз. Ўз тартибларимиз бор.

– Масалан қандай?

– Ака, ҳозир саволларингизга жавоб қайтаришга вақтим йўқ, кўриб турибсиз, сиз сўраган тамакиларнинг катта партияси келган, уларни омборга жойлашим керак, дўконни ёпаман, бўлди чиқиб кетинг.

Оҳири дағ даға билан ҳайр деган сотувчи мени дўкондан узоқлашиб кетгунимга қадар кузатди ва ортимдан ишчи ҳодимларидан бирини кузатиш учун ҳам чиқарди.

Аниқланишича Жаҳон бозорида камида учта шундай ноқонуний тамаки маҳсулотлари сотувчи савдо шаҳобчалари мавжуд.

Божхона органлари бу борада пухта ишлайдилар, чегара постлари орқали контрабанда ва контрафактни олиб ўтиш мушкил.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, қандайдир сабабдан айланма йўллар орқали ички бозорларимизгача кириб келаётган маҳсулотлар ноқонуний савдоси солиқ идоралари томонидан етарли даражада назоратга олинмаган.

Ҳуқушунос, патент вакили Мадина Турсунованинг фикрларига эътибор қаратамиз.

“Назорат органлари номидан гапиришим қийин, мен фақат қонунчилик нуқтаи назаридан гапиришим мумкин. Умуман олганда, бозордаги ушбу вазиятни назорат қилувчи асосий орган – бу солиқ органлари. Чунки айнан солиқ органлари чакана савдо қоидаларини ва уларга риоя этилишини назорат қилиши керак. Шунинг учун ҳам ҳар бир бозорда уларнинг тегишли бўлимлари ишлайди. Сиз бу дўконларни алоҳида тилга олдингиз, ҳолбуки солиқ органлари ўша озиқ-овқат сотиладиган майда дўконларни ҳам назорат қилиш учун жавобгар ҳисобланади. Бугунги кунда икки хил тенденцияни кузатиш мумкин. Бир томондан, албатта, ҳозир тадбиркорларнинг фаолиятини енгиллаштириш ва бизнесни юритиш шароитларини яхшилаш учун уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кучайган. Аммо тадбиркор биринчи навбатда ўз фаолиятини қонун доирасида олиб бориши шартлигини эсдан чиқармаслик зарур. Агар тамаки ва алкоголь маҳсулотларини сотишда қонунбузарликлар кўпайса, бу, шубҳасиз, истеъмолчиларга ҳам, бюджетга ҳам салбий таъсир қилади.

Қонуний равишда олиб кирилган тамаки маҳсулотлари тегишли ҳужжатларга, сертификатлар, акциз маркалари ва рақамли маркировкага эга бўлиши керак. Маҳсулот асл эканига ишонч ҳосил қилиш учун истеъмолчилар тегишли ҳужжатларни сўрашлари мумкин. Аммо мамлакатимизда бундай ҳолатлар жуда кам учрайди. Агар истеъмолчиларнинг ўзлари фаол бўлганида эди, назорат қилувчи органлар фаолияти ҳам жонланарди”, – дейди ҳуқуқшунос.

Журналистимизнинг навбатдаги манзили бундан бир йил аввал суриштирув учун ўрганилган Андижон шаҳри марказидаги “Ёшлар маркази” биноси қаршисида жойлашган “Глобус маркет” ва бошқа савдо расталари бўлди.

Фото: Anhor.uz

Аввалига тамаки растасида фақат қонуний йўллар билан кирган ва барча талабларга жавоб берувчи тамаки маҳсулотлари турганига кўзимиз тушди. Аммо, сотувчидан, менга “Milano”, “Esse” ва “Esse change” керак эди деб, сўраганимда, “Бор, айни қанақалари керак, олиб чиқиб берамиз”, деган жавоб олдим.

Демак, пештахтада йўқ, лекин унинг “остида” мавжуд. Бир зум ҳам ўтмай, юқорида сўраган маҳсулотларим қўлимда бўлди. Сотувчидан касса чекини сўраб олишга тўғри келди, чунки ўзи тақдим этмади. Эътиборимни тортгани, касса чекига қўшимча, савдо дўкони қонуний кирим қилган маҳсулотларни кўрсатган яна бир чекни қўлимга тутқазди. Наҳотки назорат қилувчи органлар бундай ҳийла найрангларни билмаса деган фикр келди.

Фото: Anhor.uz – Суратда Глобус маркетдан харид қилинган тамаки маҳсулотлари ва савдо дўкони томонидан берилган назорат касса машина чеклари.

Мазкур жараёнларга нисбатан ҳуқушунос Мадина Турсунова шундай изоҳ берди:

“Кўпгина мамлакатларда тамаки маҳсулотлари алоҳида ихтисослашган дўконларда сотилади. Уларнинг савдоси озиқ-овқат маҳсулотлари ёки бошқа зарур маҳсулотлар савдоси билан аралашиб кетмаган. Масалан ҳозир алкоголь маҳсулотлари ихтисослашган дўконларда сотилмоқда, тамаки маҳсулотларига ҳам худди шундай ёндашувни қўллаш мумкин. Албатта, агар махсус дўкон бўлса, тамаки маҳсулотлари реализациясини назорат қилиш осон бўларди, бироқ ҳозир исталган дўконда уларни сотиш ҳуқуқи мавжуд бўлгани боис, уларни назорат қилиш қийинлашади. Истеъмолчилар жамоатчилик назоратини ўрнатиши ва белгиланган нормалар ва қоидалар бузилганида, назорат органларига мурожаат қилишлари мумкин. Рақамли маркировка жорий этилганидан сўнг, ушбу тизим бозорларни контрафакт ва контрабанда маҳсулотларидан тозалашга ёрдам бериши мумкинлиги айтилди. Лекин бу ўз-ўзидан бўлмайди, бу ерда айнан назорат органлари ишлаши ва ҳаракат қилиши керак. Чунки занжир бўйлаб, агар ушбу тамаки маҳсулоти Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган бўлса, у ишлаб чиқарувчи томонидан акциз маркаси ва рақамли маркировка билан белгиланиши керак. Кейинчалик бозорга етиб боргач, сотувга чиқарилади, бозорда туради ва маълумотлар базасига жойлаштирилади. Ушбу тамаки маҳсулотини сотаётганда рақамли маркировка сотувчи томонидан сканердан ўтказилиши керак. Бу истеъмолчига сотилганини ва энди у сотувда йўқлигини билдиради. Ҳозирда ушбу фаолият устидан назорат суст бўлиб, бу қоидага риоя қилинмаяпти. Шу йилнинг март ойидан бошлаб, қонунчилигимизга мувофиқ, маъмурий кодексимизда рақамли маркировкага эга бўлмаган маҳсулотларни сотганлик учун жавобгарлик белгиланди. Солиқ кодексига алоҳида модда ҳам киритилган. Бироқ ҳозирча бу ўзгаришлар амалда ишлаётгани ёки йўқлиги ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасман”, – дейди ҳуқуқшунос Мадина Турсунова.

Бундан кўринадики, назорат органлари фаолиятини жонлантириш учун, албатта жамоатчилик назоратини кучайтириш керак. Жамоатчилик назорати ишламас экан, қонунларимизга киритилаётган ўзгартиришлару, назорат органларининг фаолият самарадорлиги ошиши қийинлашиб бораверади. Бозорларни эса катта ва кичик гуруҳли қўштирноқ ичидаги “мафия”лар гуруҳлари эгаллашда, контрабанда ва контрафакт кўринишидаги маҳсулотлар кириб келишда давом этади.

Anhor.uz таҳририяти юқоридаги масалани ўрганилишида ва қонунбузарликларни аниқлаб, жазо муқаррар эканлигини таъминлашда Андижон вилоятидаги масъуллардан жавоб кутиб қолади.

 

Ўхшаш материалларимиз:

Сардоба бозоридаги контрабанда тамакининг яширин сотувчилари.

Тамаки урушлари ёки Қирғизистонда ким яхши яшайди.

Намангандаги контрабанда кўли.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.