“Крокус”даги терактдан кейин Россияда 11 киши, шу жумладан, 4 гумонланувчи қўлга олинган
Россия Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников президент Владимир Путинга 11 киши, шу жумладан, “Крокус Ситит Холл”да теракт содир этишда гумонланаётган тўрт нафар шахсларнинг барчаси қўлга олингани ҳақида ҳисобот берди, деб ёзади Meduza.
Бортников Путинга ФХХ террорчиларнинг шерикларини аниқлаштириш устида ишлаётганини маълум қилган.
Аввалроқ Россия Давлат думаси депутати Александр Хинштейн Брянск вилоятида терактга алоқадор икки киши ушлангани ҳақида ОАВларда тарқалган хабарларни тасдиқлаган эди. Renault автомобили ҳуқуқ-тартибот органлари талаби билан тўхтамаган ва қочишга уринган. Машинага қарата ўт очилган ва у ағдарилиб кетган. Икки киши қўлга олинган, қолганлар қидирилмоқда. Автомобиль салонидан “ПМ” тўппончаси, Калашников автомати магазине ва Тожикистон фуқаролари паспортлари топилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Брянск вилоятида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари “Крокус Сити Холл” концерт залидаги теракт юзасидан қидирилаётган автомобилни тўхтатгани хабар берилган эди. Машинада, дастлабки маълумотларга кўра, олти киши бўлган, уларнинг икки нафари қўлга олинган, қолганлар қочиб кетган. Тожикистон фуқаролари қўлга олинган, дейилади хабарда.
Кейинроқ Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги республика фуқаролари Подмосковьедаги терактга алоқадорлиги ҳақидаги хабарларни ёлғон деб атади.
Шарҳлар