Петербургда суд афғонистонлик журналист аёлни депортация қилиш тўғрисидаги қарорни бекор қилди
Санкт-Петербургнинг Красносельский туман суди афғонистонлик журналист аёл Кубро Ҳассанийни мажбуран ватанига қувиб юбориш ҳақидаги қарорни бекор қилди, деб ёзади Meduza.
Суд қарорида айтилишича, Ҳассанийга нисбатан ҳеч қаёққа чиқиб кетмаслик ҳақидаги тилхат кўринишидаги олдини олиш чораси амал қилмоқда, шу сабабли “уни Россия ҳудудидан ташқарига қувоб чиқариш имконсиз”.
Суд, шунингдек, журналистни Чет эл фуқароларини сақлаш марказидан озод этишга қарор қилди, Ҳассаний саккиз ойдан буён ўша ерда эди. Суд фикрича, журналистнинг марказда сақланиши бундан буён “унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳаддан ортиқ чеклаш сифатида кўрилиши керак”.
Эслатиб ўтамиз, 13 февраль куни Ҳассаний ва 12 нафар афғон фуқароси Санкт-Петербург портига кириш учун пора бериш, чегара назоратини четлаб ўтиш, хорижга кетаётган кемага чиқиш ва Европа Иттифоқи давлатларидан бирига кетишга уринишда айбланиб судланган эди.
Уларнинг барчаси икки йил давомида колония-тураргоҳда ўтиришган, суд эса афғонларнинг тергов изоляторида ўтказган вақтини ҳисобга олди ва суд залида озод қилди.
14 февраль куни суд журналистнинг адвокати томонидан берилган шикоят аризасини кўриб чиққан, у Киров туман судининг 2023 йил 24 майдаги Ҳассанийнинг Петербургдаги ҳужжатсиз бўлиб тургани ҳақидаги маъмурий иш бўйича қарори юзасидан берилган. Ўшанда суд қизни беш минг рубль жаримага тортган ва уни мамлакатдан қувиб чиқаришга қарор қилган эди.
Журналист аёл ўзи ўқиётган Киевдаги урушдан қочиб келган ва толиблар унинг мамлакатини забт этгач, Афғонистонни тарк этган.
Қиз Польшага боришга умид қилган, лекин Луганскка, кейин эса Россияга келган – Кубронинг сўзларига кўра, у алдов қурбонига айланган, лекин буни фақат Москвада тушунган.
Ҳассанийнинг Қобулдаги собиқ ҳамкасбининг “Би-Би-Си”га айтишича, агар у депортация қилинса, қиз қамоқ ва қийноқларга дучор бўлади, чунки Афғонистонда ишлаганида журналист аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида ёзган.
Суд жараёнида Россия расмийлари ҳеч қандай асос йўқлигини баҳона қилиб, унга вақтинчалик бошпана беришни рад этишди, деди унинг адвокати Елена Фадеева “Би-би-си”га.
Шарҳлар