Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларнинг 14-пакетини тайёрлашни бошлади

Фото: УНИАН

Европа иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 14-пакетини ишлаб чиқишга киришди. Уни баҳор охиригача қабул қилиш режалаштирилмоқда, дея маълум қилди Еврокомиссия вице-президенти Валдис Домбровскис.

Унинг сўзларига кўра, пакет “чеклов чораларининг кенг рўйхати”ни ўз ичига олади ва амалдаги санкцияларни айланиб ўтишга қарши курашга катта урғу беради. Мисол сифатида Домбровскис денгиз секторини келтириб ўтди, у ерда Россия ўз нефтини экспорт қилишда нархнинг максимал чегарасини бузишга уринишда давом этмоқда.

У, шунингдек, Еврокомиссия Ғарб мамлакатларининг Европадан ташқарида иш олиб борадиган шўба компаниялари орқали санкцияларнинг айланиб ўтилишига қарши кураш усулларини қидираётганини таъкидлади. Шу муносабат билан Домбровскис ўз филиалларининг шубҳали бизнес-операцияларига кўз юмаётган ташкилотларга жавобгарлик юклатилиши ҳақида огоҳлантирди.

Евроиттифоқ бундан кейин ҳам Россияга ва унинг Украинага қарши урушини қўллаб-қувватлаётганларга, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, босим ўтказишда давом этади, деди Еврокомиссия вице-президенти. “Биз Путиннинг дўстларини ва Россияга санкцияларни айланиб ўтишда ёки унинг ҳарбий арсеналини тўлдиришда ёрдам бераётганларнинг барчасини таъқиб қилишда давом этамиз”, — деди у.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.