НАТО бош котиби Киевга йилига 40 млрд евро ажратмоқчи
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг альянсга аъзо мамлакатларга Украинага ҳарбий кўмак учун ҳар йили камида 40 миллиард евродан ажратишни таклиф қилиб кўради. Бу ҳақда Reuters ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.
30 май куни НАТО мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Прагада норасмий учрашувини бошлади. Унинг бош мавзуси — Украинага ҳарбий ёрдам тақдим этиш.
“Биз ҳеч бўлмаганда Украина эҳтиёж сезаётган воқеаларни олдиндан билишни таъминлаш учун зарур бўлган вақт мобайнида кўмакнинг ҳозирги даражасини сақлаб туришимиз керак”, — деди агентлик манбаси. Унинг қўшимча қилишича, Россиянинг Украинага тўлиқ кўламли истилоси бошланганидан буён НАТО аъзолари Украинага йилига 40 миллиард еврога яқин маблағ ажратган.
Reuters аниқлик киритишича, Столтенберг шу пайтгача бу суммани очиқламаган, аммо НАТОда Украинани қўллаб-қувватлаш учун беш йил мобайнида 100 миллиард евролик махсус фонд яратиш ёки ҳар йили 20 миллиард евро ажратиш муҳокама этилган. Бош коитбнинг таклифи 31 май куни муҳокама қилиниши кутилмоқда. Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича узоқ муддатли стратегияни мустаҳкамлаш чора-тадбирлари эса 9—11 июль кунлари Вашингтонда бўлиб ўтадиган НАТО саммитида келишиб олинади.
Шарҳлар