Украинада 49 мингдан ортиқ россиялик ҳарбийлар ҳалок бўлган — ОАВ
“Медиазона” ва BBC Украинадаги урушда 49 мингдан ортиқ россиялик ҳарбийлар ҳалок бўлганини тасдиқлади, деб ёзади Meduza.
Сўнгги икки ҳафта ичида журналистлар ва кўнгиллилар томонидан юритиладиган, ҳалок бўлган россиялик ҳарбийлар рўйхатига 1580 кишининг исм-шарифи қўшилди. Қурбонлар рўйхатида жами 3300 дан ортиқ армия ва бошқа куч тузилмалари офицерлари бўлиб, шуларнинг 386 нафари подполковник ва ундан юқори унвонлар соҳиблари бўлган.
“Медиазона” “Вёрстка” нашрининг Россияда сафарбарликнинг янги тўлқини тайёрланаётгани ва Россия Мудофаа вазирлиги энг яқин орада урушга яна 300 минг кишини юборишни режалаштираётгани ҳақидаги хабарига эътибор қаратди. Мустақил кузатувчилар аввалроқ Владимир Путин қайта сайланганидан кейин Россияда янги сафарбарлик бошланиши мумкинлигини бир неча марта тахмин қилиб чиққан эди. Мудофаа вазирлиги эса ҳозирча бундай режалар йўқлигини билдирганди.
Журналистлар ёзишича, ўз ихтиёри билан жанг қилишга кетиш истагида бўлган россияликлар сонини ҳисоблаб чиқиш қийин. “Банклар уруш иштирокчиларига тақдим этаётган кредит таътиллари ҳақидаги маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, битта чорак ичида армияга камида 30 минг киши қўшилмоқда — булар фақат кредитлари бўлган ва уларнинг муддатини узайтиришни истаганлар”, — дея қайд этади “Медиазона”.
Шарҳлар