,

АҚШ Белгород вилоятида Ил-76 ҳарбий самолёти ҳалокатга учрашига алоқаси борлигини рад этди

Фото: Getty Images

Вашингтон Россиянинг бортида украиналик ҳарбий асирлар бўлган Ил-76 ҳарбий самолёти Белгород вилоятида ҳалокатга учрашига ҳеч қанақасига алоқадор эмас. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти спикери Ведант Пател брифинг чоғида маълум қилди, деб ёзади “РБК”.

“Ишонч билан шуни айта оламанки, АҚШ бунга ҳеч қандай тарзда алоқадор эмас”, — деди у.

Унинг сўзларига кўра, Вашингтон ҳалокат бўйича барча ҳолатларни аниқлаш ва айнан нима содир бўлгани тагига етиш учун Украина ҳукумати билан “яқин алоқа”ни сақлаб туришда давом этмоқда.

Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти 24 январь куни эрталаб Белгород вилоятида ҳалокатга учраган эди. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, бортда 74 киши бўлган, уларнинг 65 нафари Украина қуролли кучларининг асирдаги ҳарбийларидир. Белгород губернатори Вячеслав Гладков уларнинг барчаси ҳалок бўлганини билдирди.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотлари бўйича, самолёт Харьков вилоятининг Липци аҳоли пункти ҳудудидан зенит-ракета мажмуаси ёрдамида ҳужумга учраган. Россия ТИВ ҳодисани теракт деб атади ва жавобгарликни Украинага юклади. Давлат думасининг мудофаа бўйича қўмитаси раҳбари Андрей Картаполов маълум қилишича, 24 январь куни Россия ва Украина ўртасида “192 га 192” формуласи бўйича асирлар билан айирбошлаш бўлиб ўтиши керак эди: Ил-76 да 65 киши бўлган, қолганлар иккинчи самолётда юборилган, аммо у ҳалокатдан кейин ортга қайтарилган; унинг фикрича, Ил-76 Украина томонидан “бу айирбошлашувни йўққа чиқариб, сўнг бунда Россияни айблаш учун” уриб туширилган.

Украина ҳарбий разведкаси 24 январга асирлар алмашинуви белгиланганини тасдиқлади. Аммо Украина асирлар қайси йўналиш билан ва қай тарзда етказилиши ҳақида хабардор қилинмаган, шунингдек, Белгород ҳаво ҳудудида хавфсизликни таъминлаш зарурлиги ҳақида огоҳлантирилмаган, “авваллари эса бир неча марта шундай қилинган”. Украина хавфсизлик хизмати “уруш қонунлари ва одатлари бузилиши” ҳақидаги модда бўйича жиноят иши очди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.