,

АҚШ Давлат департаменти Туркияга 23 млрд долларлик F-16 қирувчилари сотилишини маъқуллади

Фото: EPA

АҚШ Давлат департаменти Туркияга 23 миллиард долларлик F-16 қирувчилари ва улар учун ускуналарни сотиш учун рухсат берди. Қарор Анқара Швециянинг НАТОга қўшилишини ратификация қилганидан кейин эртаси куни қабул қилинди. Бундан ташқари, Вашингтон Грецияга ҳам 8,6 миллиард долларлик 20 та F-35 қирувчилари ва улар учун мўлжалланган ускуналарни сотиши ҳам мумкин, деб ёзади “Коммерсантъ”.

Жо Байден маъмурияти Конгрессни ўз қарори ҳақида хабардор қилди. Туркия АҚШдан 40 та янги F-16 қирувчиларини ва ўз арсеналидаги яна 79 та самолётни эса модернизация қилиб беришни сўраган. Шунингдек, қўшимча ускуналар, навигация тизимлари, қурол-яроғлар ва ўқ-дорилар, ракеталар, эҳтиёт қисмлари, ер усти терминаллари ва машқ тизимлари ҳақида ҳам сўров келиб тушган.

Греция эса 40 та қирувчи, 42 та двигатель, кузатув тизимлари, эҳтиёт қисмлари ва бошқа ускуналарни сотишни сўраган. Пентагон фикрича, бу АҚШнинг ҳарбий шайлигига зарар етказмайди ва минтақадаги базавий ҳарбий мувозанатни ўзгартирмайди.

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти АҚШ Конгрессига хат юбориб, Туркияга F-16 қирувчи самолётларини сотишни “зудлик билан” маъқуллашга чақирганди. Уларнинг сўзларига кўра, Байден Туркия Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги аризасини ратификация қилиш жараёнини якунлаши билан қирувчиларни сотиш жараёнини бошламоқчи.

Швециянинг НАТОга қўшилишига қўйилган ветони олиб ташлаш бўйича шартлардан бири Анқарага Америка қирувчиларини етказиб беришдан иборат эди: 2021 йил октябридаёқ Туркия АҚШга мурожаат қилиб, 40 та F-16 қирувчиларини ҳамда ўзларида бор ҳарбий самолётлар учун 79 та модернизация тўпламларини сотишни сўраган эди.

Америка қонун чиқарувчилари ўшанда уларни сотишга тўсиқ қўйиб, ўз қарорларини Туркияда инсон ҳуқуқлари бузилаётгани билан изоҳлаганди. 2023 йил декабрида Жо Байден Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан суҳбатда Конгрессга босим ўтказиб, қонун чиқарувчиларни F-16 самолётларини сотишни маъқуллашга кўндиришга ваъда берганди.

Эслатиб ўтамиз, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакат парламентининг Швециянинг НАТОга аъзолиги ратификациясини маъқуллаш қарорини тасдиқлади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.