АҚШ Қизил денгизда савдо кемаларига ҳужумлар бўлганини тасдиқлади

Фото: DW

АҚШ Қизил денгизда иккита савдо кемаси – Россиядан Хитойга ўсимлик мойини олиб кетаётган Bentley I танкери ва Chios Lion нефть танкерига ҳужум қилинганини тасдиқлади.

АҚШ ҳарбийларига кўра, Bentley I шикастланмаган, қурбонлар бўлмаган ва у рейсни давом эттиришга муваффақ бўлган. Шу билан бирга, ҳужум натижасида Chios Lion танкерига зарар етган, бироқ одамлар жабрланмаган.

Ҳар икки ҳужум учун жавобгарликни Яман ҳутийлари ўз зиммасига олди. Сўнгги ойларда улар Қизил ва Ўрта ер денгизларида баллистик ракеталар, дронлар ва сув дронлари ёрдамида кемаларга ҳужум уюштирилгани ҳақида бир неча бор хабар берилганди. Гуруҳнинг ҳарбий қаноти вакили Яҳъё Сарининг айтишича, ҳужумлар Исроилнинг Ғазо секторига берган зарбаларига жавобан амалга оширилган.

Ҳутийлар Қизил ва Ўрта ер денгизларида кемаларга зарба бермоқда

Аввалроқ Буюк Британия Ҳарбий-денгиз кучларининг Денгиз савдосини мувофиқлаштириш бошқармаси (UKMTO) Қизил денгизда Яманнинг Ходейда шаҳри яқинида иккита кемага ҳужум қилингани, улардан бирининг экипажи кемага зарар етганини маълум қилган эди.

Март ойида Аден кўрфазида True Confidence  кемасига ҳутийларнинг ракета ҳужуми натижасида уч денгизчи ҳалок бўлган, февпаль ҳужумга учраган Rubymar  юк кемаси чўкиб кетган. Ўтган йил январь ойида ҳутийлар Galaxy Leader ролкерини қўлга олган. Ҳутийларнинг ҳужумлари халқаро юк ташишда муаммоларга сабаб бўлмоқда ва минтақада кескинликни оширмоқда. Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари ўзларининг минтақадаги ҳарбий иштирокини ошириб, ҳутийлар позицияларига вақти-вақти билан ракета ҳужумларини амалга оширмоқда.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.