Самарқандда қуриладиган Sollywood қандай кўринишда бўлади

Самарқандда қуриладиган Sollywood қандай кўринишда бўлади

Cinema City Sollywood киношаҳарчаси Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги Оқсой ҳудудида барпо этилади. Лойиҳа 45 млн долларга баҳоланмоқда, дея хабар беради туман маъмуриятининг матбуот хизмати.

Объект АҚШнинг Daha USA Group ва Хитойнинг Yiwu Compass Trading компаниялари томонидан барпо этилади. Бу борадаги келишув Нуробод туман ҳокимлиги томонидан 22-23 ноябрь кунлари бўлиб ўтган I халқаро инвестицион форумда имзоланди. Дастлабки босқичда инвестициялар ҳажми 15 млн долларни ташкил қилади.

160 га майдон ҳудуди истироҳат боғи, марказий хиёбон, ресторанлар ва қаҳвахоналар, мевали ва тропик боғлар, тирик капалаклар оранжереясини ўз ичига олади.

Бундан ташқари, бу ерда аквапарк, аттракционлар, парапланерчилар учун майдонча ҳамда ҳаво шарида тоғлар устида парвоз қилиш имконияти, бир вақтнинг ўзида 1000 дан ортиқ меҳмонни қабул қилишга қодир бўлган меҳмонхона ва меҳмон-уйлар барпо этилади. Шунингдек Sollywood’да 500 кишига мўлжалланган конференц-зал ва тантаналар зали, 3000 кишига мўлжалланган очиқ концерт зали, авторалли учун трасса ва океанариум ҳам қурилади.

Лойиҳа 2020 йилда тўлиқ ишга тушганида иш ўринлари сони 500 дан ошиши мумкин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.