АҚШ, Миср ва Қатар Яқин Шарқдаги низони тартибга солиш бўйича янги режани таклиф қилди. Низо томонларидан ҳеч бири унга рози эмас
АҚШ, Миср ва Қатар Яқин Шарқдаги низони тартибга солиш бўйича янги режани таклиф қилди, унга кўра, ҲАМАС гаровдагиларни озод қилади, Исроил эса ўз қўшинларини Ғазо секторидан олиб чиқади. Бу ҳақда The Wall Street Journal музокараларда қатнашаётган дипломатларга таяниб хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, янги таклиф 90 кун ичида амалга оширишга мўлжалланган бир нечта босқичларни кўзда тутади. Биринчи босқичда томонлар ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишиб олиши керак, шундан кейин ҲАМАС бир неча юз нафар фаластинлик маҳбуслар озод этилиши эвазига, гаровдаги барча фуқаро шахсларни қўйиб юборади. Айни вақтда Исроил ўз қўшинларини Ғазо секторидаги аҳоли пунктларидан олиб чиқиб, дронлар орқали кузатувни тўхтатиши, шунингдек, анклавда эркин ҳаракатланишга тўсқинлик килмаслиги ва секторга келиб тушаётган гуманитар ёрдамни икки карра ошириши керак бўлади.
Иккинчи босқичда ҲАМАС ҳарбий хизматчи аёлларни озод этиб, фаластинлик маҳбуслар эвазига, Исроилга ҳалок бўлганлар жасадларини қайтариши керак. Учинчи босқичда эса жангарилар барча исроиллик ҳарбий хизматчиларни ва жанг қилишга лаёқатли ёшдаги эркакларни қўйиб юбориши, айни вақтда эса Исроил ўз қўшинларининг бир қисмини Ғазо секторидан олиб чиқиши керак бўлади.
Шунингдек, Ғазони тиклаш учун фонд яратиш ва ҲАМАС сиёсий раҳбарияти учун хавфсизлик кафолатлари муҳокама қилинмоқда.
Режанинг якуний босқичи доимий ўт очишни тўхтатиш, Исроил ва араб мамлакатлари ўртасидаги алоқаларни нормаллаштириш, шунингдек, Фаластин давлатини яратиш жараёнини қайта тиклаш ҳақидаги музокараларни кўзда тутади.
WSJ ёзишича, режа шартларига низо томонларидан ҳеч бири рози бўлмаган. Бироқ нашр суҳбатдошлари таъкидлашича, Исроил ва ҲАМАС ҳеч бўлмаганда музокараларга тайёрлигини намойиш этган. Музокаралар яқин кунларда Қоҳира қайта бошланиши кутилмоқда.
ҲАМАС ҳаракати жангарилари Исроилга 2023 йил 7 октябрьида ҳужум қилиб, 1200 кишини ўлдирган ва яна 240 кишини гаровга олган эди. Исроил мудофаа армияси бунга жавобан Ғазо секторига авиазарбалар берди, сўнг Фаластин ҳудудига кириб, ер усти операциясини бошлади. Фаластин томони маълумотлари бўйича, Ғазо секторида уруш бошидан буён 25 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.
Кейинроқ Исроил ва ҲАМАС вақтинчалик сулҳ ҳақида келишиб олди, у 24 ноябрдан 1 декабргача давом этди. Келишув доирасида жангарилар 105 нафар гаровдагиларни озод этди, уларнинг 20 нафари бошқа мамлакатлар фуқаролари эди, Исроил эса турмалардан 200 дан зиёд фаластинликни озод қилди.
Аввалроқ Араб мамлакатлари Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича режа ишлаб чиққан эди. Араб расмийлари ушбу режани АҚШ ва Европа ҳукуматлари билан муҳокама қилган, ташаббус Ғарб мамлакатларининг Фаластин давлатини расман тан олиш ёки фаластинликларга БМТга тўла ҳуқуқли аъзолик тақдим этилишини қўллаб-қувватлашга розилигини ўз ичига олади.
Шарҳлар