АҚШ олтита Африка мамлакати билан ҳарбий машғулотларни бекор қилди
Пентагон Африканинг олтита мамлакати — Буркина-Фасо, Эритрея, Эфиопия, Мали, Нигер ва Судан ҳарбийлари билан қўшма машғулотлар ўтказишдан бош тортди, деб ёзади The Washington Post. Газета манбаларига кўра, 2023 йил 20 декабр ҳолатига, ҳарбий машғулотларни ўтказиш ҳамон режада бўлган.
Пентагон Конгрессга октябрда машғулотлар ўтказиш нияти ҳақида ҳужжатларни тақдим этган. Ушбу мақсадларга миллионлаб доллар сарфлаш режалаштирилган. Шу билан бирга, АҚШ қонунчилиги демократик ҳукумат ағдарилган ёки инсон ҳуқуқлари бузилиш ҳолатлари маълум бўлган мамлакатларга хавфсизлик соҳасида ёрдам тақдим этишни тақиқлайди.
Пентагон матбуот котиби Лиза Лоуренс “муайян шериклар” билан ҳамкорлик уларга “АҚШ этикаси, қадриятлари ва хавотирлари ҳақида” хабардор бўлиш ва инсон ҳуқуқлари стандартига риоя қилиш имконини беришини айтди. Аммо Пентагондагилар машғулотлар бекор қилиниши сабабига аниқлик киритмади.
WP ёзишича, ўқув машғулотларидан бош тортилиши демократлар томонидан танқидлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Хусусан, конгрессменлар Бен Кардин ва Элизабет Уоррен ўтган ҳафта Пентагон раҳбари Остин Ллойддан АҚШ билан қўшма машғулотларда ҳарбий тўнтаришни бошидан ўтказган мамлакатлар қатнашмаслигини талаб қилганди.
Шарҳлар