АҚШ разведка бошқармаси Украинада Россия билан чегара бўйлаб махфий базалар тармоғини яратган — NYT
Украинада АҚШ Марказий разведка бошқармаси кўмагида Россия билан чегара бўйлаб жойлашган 12 та махфий базадан иборат тармоқ яратилган. Бу ҳақда New York Times ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Америка томони ракета зарбалари учун Киевга разведка маълумотларини тақдим этмоқда ва Россия қўшинларининг ҳаракатланишини кузатиб бормоқда. Украина эса бунга жавобан, музокараларни яширинча тинглаб қўлга киритган маълумотларини ва бошқа ахборотни узатмоқда, бу уни Вашингтоннинг энг муҳим разведка шерикларидан бирига ва разведка маълумотлари йиғиладиган марказга айлантиради — у ҳатто МРБнинг Россиядаги ўз базасидан ҳам кўпроқ Россия хабарларини тутиб олган, деб ёзади нашр.
Базалар тармоғи саккиз йил аввал, 2016 йилда ташкил қилинишни бошлаган, у АҚШнинг уч президенти — Барак Обама, Дональд Трамп ва Жо Байден раҳбарлиги остида “қисмма-қисм” тузиб борилган.
Дастлаб АҚШ разведкаси ҳамкорликни истар-истамай амалга оширган, Киевга ишониб бўлмаслигидан хавфсираган. Аммо 2015 йилда Украина ҳарбий разведкасининг ўша пайтдаги раҳбари Валерий Кондратюк огоҳлантиришсиз ўта махфий файлларни МРБ вакилига берган, шундан кейин Украина разведкаси “ишонч шароитларини яратиш” учун мунтазам махфий ахборотни тақдим этиб келган.
“АҚШнинг Киевдаги элчихонаси — Украинада туриб амалга оширилган фаолиятимиз учун бизнинг базамиз — Россия ҳақидаги маълумотларнинг, сигналларнинг энг яхши манбасига айланди”, — дея аниқлик киритди америкалик собиқ юқори мансабли амалдор.
Россия ҳукумати Москва Киев Ғарб мамлакатларидан разведка маълумотлари олишидан хабардор эканини айтганди. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков бу ҳарбий операция мақсадларига эришишда халал бермаслигини таъкидлаган.
Россия президенти Владимир Путин 2014 йилда Украинада “МРБ кўмаги билан” ҳокимият алмашганини қайд этганди.
Шарҳлар