АҚШ Сенати қўмитаси Россия активларини мусодара қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллади
АҚШ Сенатининг халқаро масалалар бўйича қўмитаси Россия активларини мусодара қилиш ва уларни Украинага бериш ҳақидаги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади, деб ёзади “Коммерсантъ”. Қонун лойиҳасини ёқлаб қўмита аъзоларининг 20 нафари овоз берди. Сенатор Рэнд Пол қонун лойиҳаси қабул қилинишига қарши чиқди.
Лойиҳа матнида айтилишича, мусодара қилинган Россия активлари Украинага қўшимча ёрдам сифатида тақдим этилади. Шу мақсадлар йўлида Россия Марказий банкининг музлатилган маблағлари ва “Россия Федерациясининг бошқа суверен активлари”дан фойдаланиш режалаштирилмоқда.
Таъкидланишича, активларни топшириш ҳақидаги қарор АҚШ томонидан “мувофиқлаштирилган кўп томонлама саъй-ҳаракатлар доирасида” халқаро иттифоқчилар ва шериклар билан биргаликда қабул қилиниши керак. Қонун лойиҳаси Сенатнинг тўлиқ таркиби, сўнг Конгресс Вакиллар палатаси томонидан маъқулланиши керак. Шундан кейин у АҚШ президенти Жо Байден томонидан имзоланади.
6 январь куни Украина президенти Владимир Зеленский Россия музлатилган активларининг Украинага берилиши жараёнини тезлаштиришга чақирганди. Bloomberg маълумотларига кўра, Россия АҚШ ёки Европа мамлакатларининг Марказий банк музлатилган активларини мусодара қилишга уринишларига тўсқинлик қилиш учун суд даъвоси ҳозирламоқда. АҚШ Молия вазирлиги маълум қилишича, бутун дунё бўйлаб қарийб 280 миллиард долларлик Россия активлари музлатилган. Россия молия вазири Антон Силуанов чет элдаги музлатилган Россия активлари суммасини 300 миллиард долларга баҳолади.
Евроиттифоқ санкцияларининг 12-пакети 2023 йил 18 декабрда қабул қилинганди. Ҳужжатда Россиянинг музлатилган активлари мусодара қилиниши эҳтимоли қайд этилганди. Хусусан, улар ёрдамида Украина, Евроиттифоқ фикрича, “зўравонлик билан” Россиядаги ўз активлари устидан назоратни йўқотган хорижий компанияларга компенсация тўлаши мумкин.
Шарҳлар